CАВОЛ: Ассалому алайкум! Ман хизмат кўрсатиш ва савдо билан шуғулланмоқчиман. Шу муносабат билан баъзи саволлар пайдо бўляпти.
- Маълум бир инсон ёки бир ташкилот бирор бир товар ёки хизматдан фойдаланиб келган бўлса ва ман шу нархдан арзон нарх таклиф берсам. Шунда менинг бу қилган ишим тўғрими?
- Интернет тармоқларида реклама берсам, кимлардир шу рекламани кўриб менинг маҳсулотимдан ёки хизматимдан фойдаланса, шунда менинг бу ишим тўғрими?
- Ўзим бориб товар ва хизматимни таклиф қилишим мумкинми ёки бу икки кишининг савдосини бузишга кирадими?
ЖАВОБ: Ва алайкум ассалом! Рақобат маносида бўлса жоиз. Валлоҳу аълам!
Манба: «Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати
____________________________________________________________________________________
Ислом молияси изоҳи: савол муаллифи Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисни назарда тутиб савол берганлиги кўриниб турибди:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўз биродарининг савдоси устига савдо қилмасин, ўз биродари совчилиги устига совчилик қилмасин. Фақат унга ўзи изн берса, майли», дедилар».
(Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган).
Ушбу ҳадиси шарифда савдода содир бўлиб турадиган икки хил ишдан қайтарилмоқда:
1. Бировнинг битирган савдоси устига савдо қилиш.
Бу икки хил кўринишда бўлиши мумкин:
Биринчи кўринишда бировдан нарса сотиб олган одамга: «Савдонгни бузиб, нарсасини қайтариб бер, мен сенга худди шу нарсани арзон нархга бераман», дейди.
Иккинчи кўринишда эса: «Бировга нарса сотган одамга: «Савдонгни бузиб, нарсангни қайтариб ол, мен сенга ундан кўра кўпроқ пул тўлайман», дейди.
Бу кишилар ўртасида келишмовчилик, уруш-жанжал келтириб чиқарадиган бузғунчиликдан иборат ишдир. Эркин бозор қоидасига, одамларнинг баъзилари баъзиларидан фойда олишига зид нарсадир. Шунинг учун ҳам бу нотўғри иш шариатда ман қилинган.
2. Бировнинг савдолашиши устига савдолашиш.
Яъни бир киши бир нарсанинг устида савдолашиб қўйди, ҳали бир йўла сотиб олгани йўқ. Шунда бир одам келиб, сотувчига: «Менга сотсанг, ундан кўп нарх бераман», дейиши мумкин эмас. Ёки харидорга: «Менинг худди шу савдолашган нарсангга ўхшаш нарсам бор, сенга арзонга бераман», дейиши мумкин эмас.
Агар ҳадисни ва унга берилган шарҳни диққат билан ўқисак, икки ҳолатда ҳам бировнинг савдосини бузиш орқали харидорга ўзининг молини ўтказиш ҳолати рўй бермоқда. Албатта, бундай кўринишда савдо қилиш томонлар ўртасида зиддиятлар келтириб чиқаради. Зиддият келиб чиқмаслиги ва шу билан бирга исломда рағбатлантирилган эркин бозор қоидаларига риоя қилиш учун тадбиркор ўз молини ўзи истаган нархда ҳамда шаръан ва қонунан тақиқланмаган усулларда таклиф қилиши мумкин. Бундай таклиф бировнинг савдосини атайин буздириш ҳисобланмайди, балки бозорда рақобатни шакллантиради. Рақобат эса бозор иштирокчиларининг барчасига манфаатли эканлиги нуқтаи назаридан исломда рағбатлантирилган (чунки рақобат ривожланган жойда нархлар тушиши, маҳсулотларнинг сифати эса яхшиланиши кузатилади, одатда). Валлоҳу аълам.