AAOIFI Шаръий меъёри № 20:
ТАРТИБГА СОЛИНГАН (УЮШГАН) БОЗОРЛАРДА ТОВАР-ХОМАШЁ САВДОСИ
4. Маҳсулотлар савдосининг асосий амалий татбиқлари:
4/1 Маҳсулотлар савдосининг шариатга мувофиқ кўринишлари (амалий татбиқлари):
4/1/1 Бошқа шахсни маҳсулотни нақдга сотиб олиш учун вакил қилиш ҳамда вакилнинг ушбу маҳсулотни учинчи томонга муваккил (вакил қилувчи) номидан насияга сотиши; бунда вакилнинг хизмат ҳақи қатъий сумма ёки маҳсулотни сотиб олиш нархининг маълум бир фоизи кўринишида белгиланиши керак. Бу “Инвестицион вакиллик” [Вакала бил-Истисмор] амалиёти ҳисобланади.
4/1/2 Бошқа шахсни маҳсулотни нақдга сотиб олиш ҳамда насияга сотиш амалиётларини бошқариш учун тайинлаш, бунда бошқарувчи фойдадан маълум улуш олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу “Музораба” амалиёти ҳисобланади. [«Музораба» тўғрисида № (13) сонли шаръий меъёрга қаралсин]
4/1/3 Вакилнинг – маҳсулотни вакил қилувчи фойдасига сотиб олганидан сўнг – ўша маҳсулотни муваккилдан ўзи сотиб олиши, бунда маҳсулот учун вакилнинг жавобгарлиги ва муваккилнинг жавобгарлиги ўртаси ўзаро ажратилган бўлиши шарт. Бунинг учун муваккил билан вакил ўртасида алоҳида-алоҳида ийжоб (таклиф) ва қабул мавжуд бўлиши шарт. Бу жараён икки хабарномани ўзаро алмашиш орқали амалга оширилиши мумкин, яъни биринчи хабарнома/билдиришнома бу вакиллик битими шартига кўра мулк ҳуқуқи муваккилга ўтгани ва маҳсулотни сотиб олиш таклифи (ийжоб) тўғрисида хабардор қилиш ва иккинчи билдиришнома савдо таклифини тасдиқлаш, сотишга розилик (қабул) бўлади. [«Муробаҳа» бўйича № (8) сонли шаръий меъёрнинг А ва Б иловаларига қаралсин]
4/1/4 Муассаса маҳсулотни нақдга сотиб олиб, кейинчалик уни учинчи томонга насияга сотиши.
Ушбу амалиётда Ина савдосидан сақланиш шарт. Ина савдоси – харидорнинг насияга сотиб олган нарсасини ўша нарсани унга сотган шахснинг ўзига нақдга, насия нархидан арзонроқ нархда қайтариб сотиши ёки бунинг акси.
4/2 Маҳсулот савдоларида шариат томонидан тақиқланган амалиётлар:
4/2/1 Шариатда рухсат берилмаган маҳсулотлар билан муомала қилиш:
4/2/2 Сотиб олинган маҳсулотни уни бошқа маҳсулотлардан ажратиб турадиган тарзда аниқ ажратилишидан олдин сотиш. Бунинг натижасида сотувчининг жавобгарлиги билан харидорнинг жавобгарлиги аралашиб кетади, яъни харидор мулкига ўтган маҳсулот билан сотувчида қолган маҳсулотнинг аралашиб кетиши содир бўлади.
4/2/3 Вакилнинг муассаса учун маҳсулотни сотиб олиб, кейин ўша маҳсулотни, вакил-харидор ва маҳсулотга эгалик қилувчи муассаса ўртасида ийжоб (таклиф) ва қабул бўйича хабарномалар ўзаро алмашмасдан туриб, ўзига сотиши. Зеро, бунинг натижасида муваккил (сотувчи)нинг жавобгарлиги (зоминлиги) билан маҳсулотни ўзига сотувчи вакилнинг жавобгарлиги (зоминлиги) қоришиб кетади.
4/2/4 Вакил харид қилган маҳсулотини ҳақиқий ёки ҳукмий (конструктив) қабз қилмасдан олдин сотиши. Ҳукмий қабз жумласига маҳсулотни бошқа маҳсулотлардан ажратиб турадиган тарзда аниқ белгилаш ва натижада жавобгарликнинг (зоминликнинг) харидорга (вакилга) ўтиши киради.
4/2/5 Маҳсулотларни вакиллик асосида муассаса фойдаси учун сотиб олиш ва кейин ушбу маҳсулотларни вакил ўзи учун муддатли тўлов асосида сотиб олиш амалиётлари. Бунда амалиёт вакил томонидан муассасага ушбу битимга киришиш бўйича таклиф билдирилиши ва муассаса томонидан маҳсулотга эгалик қилиб улгурмасидан олдин маъқулланиши ёки ийжоб ва қабул ҳақидаги икки билдиришномалар алмашинмасдан туриб мулк ҳуқуқи мижозга ўтиб кетиши.
4/2/6 Муассаса томонидан маҳсулотни нақдга (спот нарх асосида) сотиб олиш ва кейин уни сотувчининг ўзига ёки тўлиқ қисми ёки аксар қисми сотувчига тегишли бўлган ёки сотувчи таъсир кўрсатадиган даражада бўлган ташкилотга қайта сотиш. Бу ъина савдосидир. «Мурабаҳа» бўйича № (8) сонли Шаръий меъёрга ва «Истисна ва параллел истисна» тўғрисидаги № (11) сонли Шаръий меъёрнинг шариат стандартининг 2/2/4 бандига қаралсин]
4/2/7 Вакилнинг маҳсулотни муассасадан сотиб олиб ўз мулкига ўтказмасдан туриб, уни ўз мижозларига сотиши.
4/2/8 Муайян (аниқ) маҳсулотни сотувчининг мулкига киритмасдан, сохта ҳужжатлар орқали сотиш ёки айни бир маҳсулотни бир вақтнинг ўзида маҳсулот (олди-сотдиси) билан шуғулланувчи бир нечта муассасага сотиш. Бундай ҳолатда маҳсулотга тегишли ҳужжатларнинг рақамлари синчиклаб текширилиши лозим. Юзага келган камчиликка сабабчи бўлган шахс жавобгар бўлади.
4/2/9 Вакиллик ҳақини (комиссион тўловни) очиқ баён қилмаслик ва уни умумий харид нархига қўшиб юбориш. Бунинг ўрнига вакиллик ҳақи алоҳида кўрсатилиши, сўнг умумий нархдан чегирилиши ёки харид нархига қўшилиши, ёхуд сотиш нархи белгиланиб, ундан ортган қисми вакил ҳақи сифатида ажратилиши лозим.
4/2/10 Маҳсулотларни сотиб олиш ва сотиш бўйича умумий вакиллик шартномасида харидор (муваккил)нинг маҳсулотни қабул қилиб олиш ҳуқуқини инкор этиш.
4/2/11 Муассасанинг маҳсулотни харид қилиш нархини вакилга тўлашини, вакилнинг ўзига ёки учинчи шахсга сотиш нархи бўйича кафолат тақдим этишига боғлаб қўйиш.
4/2/12 Вакилни ҳар қандай ҳолатда сотиш нархига кафолат беришга мажбур қилиш. Вакил фақат тажовуз (таъаддий) бепарволик (тақсир) ёки вакиллик шартларини бузган ҳолатлари учунгина кафолат беради. Масалан, насия сотилган маҳсулотлар учун харидорлардан кафолат олишни шарт қилиш каби. «Кафолатлар» тўғрисидаги № (5) сонли Шаръий меъёрга қаралсин.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси