“Қора душанба”, “қора пайшанба” – дунёда турлича номли молиявий инқирозлар бўлиб туради. Бу инқирозларнинг сабаби – молиявий пуфаклар. Улар ёрилганда, ҳўл-у қуруқни домига тортади. Хўш, бу каби кўнгилсизликлардан сақланиш имконияти борми? “Бор” дейди ислом молияси бўйича мутахассислар. Kun.uz бу мавзуда АҚШнинг Юта университети профессори Монзер Қаҳф билан суҳбатлашди.
Қуйида ушбу суҳбат матнини эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз. Суҳбат қисқа эмас, шунинг учун бироз вақт ажратиб сабр билан ўқиб чиқиш керак бўлади.
АҚШнинг Юта университети профессори Монзер Қаҳф
Монзер Қаҳф. Америкалик арабман. Юта университетида пул-кредит ва ривожланиш иқтисодиёти бўйича фан докториман. Сўнгги 50 йил давомида иқтисодиётнинг турли йўналишларида, айниқса ислом иқтисодиёти ва ислом молияси йўналишида фаолият юритиб келаман.
Ислом молиясини қисқа тушунтирсак: у маҳсулот ва хизматлар ишлаб чиқариш, тақсимлаш ва истеъмол қилинишига боғланган, реал бозор доирасида амал қиладиган молиядир. Яъни у реал тармоқдан ажраб, алоҳида яшамайди. Шу боис ислом молия муассасалари маблағни ҳам олишда, ҳам беришда фақат реал бозор битимлари орқали ишлайди (масалан, савдо, ижара, шерикчилик каби). Ана шу жиҳати билан ислом молияси асосан қарз шартномасига таянадиган анъанавий молиядан фарқ қилади.
Қарз шартномаси орқали (молиявий) қарз берсангиз ва омонат (депозит)ларни ҳам қарз асосида қабул қилсангиз, сиз реал бозордан ажраласиз, чунки қарз фақат пул билан боғлиқ. Ислом молиясида эса фақат пул билан иш кўрмаймиз.
Масалан, истеъмолчига машина, музлаткич ёки уй керак бўлса, биз реал бозорга чиқамиз ва сизга ўша уйни, машинани, компютерни ёки музлаткични етказиб берамиз — насия сотув (кредит) ёки ижара (лизинг) орқали. Демак, қўлга нақд пул бермаймиз. Бизнинг битимларимиз музлаткич бозори, компютер бозори, автомобил бозори, кўчмас мулк бозорида амалга ошади.
Қисқаси, ислом молияси — битимларни реал маҳсулот ва хизматлар бозорида амалга оширишдир.
Ислом молиясида ишлаб чиқарувчилар ҳам молиялаштирилади. Масалан, сизга хомашё ёки ускуна керак бўлса, шу асосда молиялаштириш мумкин. Омонат қабул қилишда ҳам реал бозорга таянилади: асосан «Вакала» (вакиллик) асосида омонат олинади. Яъни сиз бизни вакил қиласиз, бизнинг вазифамиз — пулларингизни сизнинг номингиздан (бирор бир бизнес лойиҳага) инвестиция қилиш. Олинган даромад (фойда) бўлса, у олдиндан келишилган улушда тақсимланади: масалан, 90% сизга, 10% бизга ёки 50/50 — бу бозор шароитига қараб белгиланади. Мақсад — реал бозорда шаклланган фойдани ҳалол тарзда таъминлаш ва адолатли тақсимлаш.
Қисқаси, ислом молия муассасаси омонат эгалари, яъни маблағ манбаларининг вакили сифатида ишлайди. Бунда инсонлардан маблағ шу асосда қабул қилинади, уларнинг номидан сармоя қилинади, тушган фойда уларга берилади, ислом молия муассасаси эса келишилган кичик улушни олади. Муассасанинг барқарор фаолияти ҳам шу тарзда бўлади.
Исломий молиянинг муҳим афзалликлари бор. Биринчидан, биз реал бозор билан ишлаганда молиявий пуфаклар яратмаймиз. Яъни молия реал бозор эҳтиёжидан ортиб кетмайди. Пуфак бу — молиянинг реал тармоқ талабидан ошиб кетиши. Ислом молия тизимида бу ҳолат содир бўлмайди, чунки молия фақат реал битимлар — савдо, ишлаб чиқариш, хомашё сотиб олиш ва шунга ўхшаш бозор фаолиятлари миқдорига мос бўлади. Шунинг учун молия ҳажми реал иқтисод ҳажмига тенг бўлади, пуфаклар юзага келмайди. Пуфак эса доим ёрилади ва инқироз келтириб чиқаради.
Ушбу асосий фарқ иқтисодиёт ҳамда ҳукумат учун асосий афзаллик ҳисобланади. Чунки иқтисодиётда ҳукуматнинг вазифаси — иқтисодиётни бошқариш ва молиявий маблағлар суиистеъмол қилинмаслигини, нотўғри ишлатилмаслигини таъминлаш. Бу ерда эса молияни суиистеъмол қилиш эҳтимолидан анча узоқ бўламиз, чунки ҳар бир молиялаштириш жараёни савдо, ижара ёки шерикчиликка боғланади. Шерикчилик — янги лойиҳа яратиш ёки мавжудини кенгайтириш дегани. Шу тарзда молиявий пуфаклардан қочамиз — бу эса ҳукуматлар учун энг муҳим масалалардан бири.
Аслида, 2008 йилдаги инқироз молиявий пуфак натижаси эди: реал бозордаги ҳақиқий битимларсиз “қоғозда” молиявий операцияларни амалга оширавериш пуфак яратиб қўйди. Бу жараён Америкада бошланиб, бошқа мамлакатларга ҳам ёйилди.
Ислом молияси адолатга асосланади. Адолат дегани — бозорда мавжуд даражадан ортиқ фойда (маржа) талаб қилиб бўлмайди.
Бу ёндашув одамлар билан бевосита боғланишни англатади, шунинг учун молия кенг қамровли бўлади. Айниқса, “исломий микромолия” деб аталадиган кўриниши қўшилганда, кичик ишлаб чиқарувчиларга алоҳида эътибор берилади. Исломий микромолия орқали майда ишлаб чиқарувчиларнинг бозорда ўсиши учун ҳақиқатан уларни қўллаб-қувватлаш мумкин. Улар ўсгач, мустақил фаолият юритади ва микромолияга муҳтож бўлмай қўяди. Хавфлар анча камайиб, минимал даражага тушади.
Исломий молия фақат реал бозорда амал қиладиган битимлар орқали берилиши керак: савдо шартномаси орқали, ёки ижара шартномаси орқали (ижара ҳам реал бозор муносабати), ёки янги компания тузиш ёки мавжудини кенгайтириш орқали — яъни шерикчилик, лойиҳага улуш билан кириш кабилар орқали. Молия фақат шу йўллар орқали берилса, у ривожлантирувчи хусусият касб этади.
Ривожланиш нима? Бу — истеъмолчиларга эҳтиёжидагини сотиб олишини қўллаб-қувватлаш, бизнесга ускуна, жиҳоз ва хомашё олишга ёрдам бериш, янги бизнеслар яратиш ва одамлар учун кўпроқ иш ўрни таклиф қилиш. Демак, ислом молияси ўз табиатига кўра ривожланишга хизмат қилади.
Ислом молиясида қилинмайдиган нарса — фоизли қарз бериш. Ислом молиясида бундан доим йироқ туриш керак.
Қарз олган одам ҳар доим ҳам уни маҳсулот-хизмат сотиб олишга ишлатмайди, балки у мавжуд қарзини тўлашга сарфлаши мумкин. Олдинги қарзни тўлаш яхши иш бўлиши мумкин, лекин у иқтисодиётда қўшимча қиймат яратмайди. Масалан, менинг қарздорим сиз бўласизми ёки бошқа — катта фарқ йўқ: бу шунчаки қарзни тўлаш, қарз берувчининг алмашишидир. Қарз берувчининг алмашиши янги қиймат ёки маҳсулот яратмайди, демак, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулотини (ЯИМ) ҳам оширмайди.
Ислом молиясида ҳар бир битим Ялпи Ички Маҳсулот (ЯИМ)га ҳисса қўшиши керак, акс ҳолда молия маблағлари тақдим этилмайди. Молия фақат уч йўл орқали берилади: турли савдо шартномалари, турли ижара шартномалари ёки турли шерикчилик (улушдошлик) шартномалари орқали. Шу боис у ривожлантирувчи хусусиятга эга — жамият учун ҳам, ҳукумат учун ҳам фойда келтиради, зеро ҳукуматнинг асосий эътибори ҳам ривожланишга қаратилган.
Агар ислом молияси бутун дунёда кенг қўлланса, инқирозлар камаяди ва ривожланиш яхшироқ бўлади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2030 йилгача қашшоқликни бартараф этиш мақсадини қўйган). Холис айтганда, қарз ва фоиз тушунчаси бойликнинг тўпланишини кучайтиради, ҳолбуки савдо, ижара ёки шерикчиликка асосланган муносабатлар бойликни тўплашга эмас, балки иқтисодиётда бизнес яратишга, кўпайтиришга қаратилган. Бу — ривожлантирувчи ёндашув. Иккинчи йўл эса (қарз-фоиз) дунёда бойлик концентрациясини оширди, қашшоқликни камайтириш ўрнига кўпайтирди. Шу сабабли БМТнинг 2030 йилгача кўзланган мақсадларига, албатта, етиб бўлмайди.
Исломий молия глобал молияга айланса, албатта, ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва қашшоқликни камайтириш йўналишида хизмат қилади. Рухсат берсангиз, яна бир кичик фикр қўшмоқчиман.
Ҳозир “деривативлар” деб аталадиган соҳада — опционлар, своплар, фючерслар (хусусан, амалда бажарилмайдиган фьючерслар) савдосида қанча молиявий ва инсон ресурслари сарфланяпти? Бу сарфлар миқдори астрономик. Молия ҳажми ҳақида гап кетса, у ҳақиқатан ҳам астрономик даражада.
2023 йилги ҳисоботда дунё мамлакатларининг умумий даромади — жаҳон ЯИМ тахминан 112 трлн АҚШ доллари экани айтилган. 112 трлн доллар. Шу билан бирга, дунё бўйлаб савдоси амалга оширилаётган опционлар миқдори бундан тахминан 12 баравар кўп! Астрономик сонлар!
Агар исломий молияни қўлласак, опционлар деярли — тўлиқ эмас, лекин деярли — нол даражага тушади. Ҳозир опционлар савдосида ишлатилаётган молиявий ва инсон ресурслари нима қилади? Бу — бутун дунё ишлаб чиқариш ҳажмидан камида 12 баравар катта пул миқдори. Бу маблағ эгалари нима қилади?
Улар барибир реал бозорга ўтишга мажбур бўлади, чунки даромад топишни исташади. Даромад топиш учун реал бозорга кириш керак. Ислом молия тизими жорий этилса, фақат реал бозордагина даромад олиш мумкин бўлади. Мен ишонаманки, бу дунёдаги қашшоқликни сезиларли камайтиради.
Ислом молия тизими ҳали жорий этилмаган Ўзбекистон каби мамлакатларга менинг тавсиям шундай: фарқни амалда синаб кўринг. Синаганингиздан сўнг, унинг таъсирини кўрасиз.
Ривожланаётган мамлакатларнинг аксариятида (АҚШ, Канада, Германия, Япония каби юқори ривожланган давлатлардан ташқари) банк хизматларидан фойдаланмайдиган аҳоли улуши жуда юқори. Осиё ва Африканинг кўп қисмида ҳам шу ҳолат. Ислом молиясининг муҳим вазифаларидан бири — ана шу инсонларни банк тизимига жалб қилиш, яъни “банк хизматларидан фойдаланувчилар” тоифасига киритишдир. Бу эса ривожланиш жараёнини сезиларли даражада яхшилайди.
Менинг тушунганимча, Ўзбекистонда аҳолининг катта қатлами мавжуд банк тизими билан ишламайди. Исломий банкчилик ана шу қатламга етиб боради, уларни банк тизимига киритади, молия секторига жалб қилади — бу эса ривожланиш демакдир. Шу билан бирга, уларнинг иқтисодий аҳволи яхшиланишига имконият яратади. Шу сабаб, ислом банкларини ташкил этишни ва амалдаги банкларда ислом дарчаларини очишни рағбатлантиришни тавсия қиламан. Бу орқали кўпроқ одамларни банк тармоғига жалб этиб, ривожланиш жараёнларига ҳисса қўшиш мумкин бўлади. Демак, бизга ислом банкчилиги керак. Ислом банкларига амалдаги қонунлар доирасида ҳам рухсат бериш мумкин; ислом банкчилигини жорий этиш учун қонунларда катта ўзгаришлар қилиш шарт эмас.
Бизга икки нарса керак. Аввало, қарз шартномасидан бошқа молиявий маҳсулотлар ишлаб чиқиш зарур. Масалан, Ўзбекистондаги банк тизимидаги молиявий маҳсулотлар турли номлар билан аталса ҳам, улар аслида қарзга асосланган. Номини қандай қўйманг, у — қарз, қарздорликка таянади. Шунинг учун молиялаштиришни реал бозорга боғлайдиган маҳсулотларни ривожлантириш керак: молиявий жараёнлар савдо шартномалари, ижара ёки шерикчилик шартномалари орқали ўтсин.
Шулар ривожлантирилгач, ислом “дарчаси” билан “бош банк” ўртасида шундай муносабат ўрнатиш лозимки, дарча маблағлари фақат савдо, ижара ва шерикчилик орқали ишлатилсин, қарз орқали ишлатишга йўл қўйилмасин.
Шундай муносабат керакки, “ислом дарчалари” учун ликвидликни бошқариш (liquidity management) тизими ҳам аниқ ўрнатилсин. Яъни дарчага қўшимча маблағ керак бўлганда, у “бош банк”дан фақат савдо, ижара ёки шерикчиликка асосланган муносабат орқали пул олади. Буни тартибга солиш учун дарча билан бош банк ўртасида махсус “мастер келишув” (master agreement) тайёрланади: қачон маблағ керак бўлса, шу асосда оламиз, деб шартлар аниқ ёзилади. Шу тарзда ликвидлик бўйича муаммоларга йўлиқмаслик таъминланади.
Ортиқча маблағ бўлса, уни ҳам бош банк орқали ислом дарчаси учун инвестиция қилиш мумкин, лекин яна шу шартлар доирасида — савдо, ижара ва шерикчилик асосида. Бу амалий жиҳатдан мумкин. Масалан, мен америкалик сифатида бир неча ҳолатларга дуч келганман: фоиз асосида ишлайдиган америкалик банкка “менда 5 млн. долларча ортиқча маблағ бор, уни қарз эмас, савдо асосида инвестиция қилиб беринг” десангиз, масалан, автосалонлар заводдан машина сотиб олаётганда уларни молиялаштиринг, деб. Лекин молиялаштириш шундай бўлсинки: сиз машинани ўзингиз сотиб оласиз ва автосалонга сотасиз. Улар мавжуд тизим доирасида бундан мамнун бўлишади, чунки бу орқали улар комиссия – фойда олишади ва бундай таклифни қабул қилишади. Мен уларга намунавий шаклда (темплейт) шартнома бериб қўяман: “иш услуби мана бундай бўлиши керак” деб. Улар шу намуна-темплейт асосида ишлайди. Америкада шундай кўплаб ҳолатларни кўрганман, йирик банклар ҳам бундай ёндашувни қабул қилишади.
Улар буни 10 минг ёки 50 минг доллар берсангиз қилишмайди, чунки бу кам маблағ, бош оғриғига арзимайди. Лекин 5 миллион доллар берсангиз, албатта, қилишади. Нью Йоркдаги барча банклар амалда (исломий банкчилик доирасида) шундай катта суммалар билан ишлайди — бу “хусусий банкинг” дейилади. Хусусий банкингда улар шундай ишлайди ва керак бўлса (бундай таклиф берувчиларни) қизил гилам ёзиб кутиб олишади.
Демак, бу мумкин. Ислом “дарчаси”нинг “бош банк” билан шу тарздаги муносабати бўлиши керак. Бош банк фоизли тизимда ишлаши мумкин — бу муаммо эмас: улар ўз ишини қилади, биз эса ўз ишимизни. Лекин ислом дарчасида ликвидлик ҳолатимизга қараб тартиб ўрнатилиши лозим: ликвидлик (яъни пулга эҳтиёж) керак бўлса — улардан оламиз, ортиқча ликвидлик (пул маблағлари) бўлса — уларга берамиз. Ҳар икки (томонлама) амалиёт ҳам савдо, ижара ёки шерикчилик доирасида амалга оширилади.
Яна бир муҳим масалани айтиб ўтмоқчиман. Масалан, Ўзбекистон ёки исталган давлат иқтисодиётида спиртли ичимликлар ёки тамакини молиялаштириш камайтирилса яхшироқ бўладими? Албатта, яхшироқ бўлади. Чунки бу автоҳалокатлар ва ёнғинлар, билан боғлиқ хавф-хатарларни камайтиради. Қисқача айтганда, ахлоқий чекловлар иқтисодий барқарорлик ва жамият фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Анъанавий банк исломий «дарча» очса, бу шу дарча орқали фақат исломий шартномалар қўлланишини ўз зиммасига олади дегани. Демак, бошқа шартномалар йўқ: молиялаштириш фақат савдо асосида, ижара асосида ёки шерикчилик асосида амалга оширилади.
Ислом «дарчаси» очиш орқали анъанавий банк шу дарча қандай мақсадда тузилган бўлса, ўша тамойиллар асосида ишлайди, деган мажбуриятни ўз зиммасига олади. Шунинг учун «дарча» билан «бош банк» ўртасидаги муносабат ҳам айнан шу тамойиллар асосида йўлга қўйилиши шарт.
Бу амалий жиҳатдан икки тарзда мумкин:
- «Дарча»га маблағ
керак бўлганда, у «бош банк»дан савдо, ижара ёки шерикчилик асосида маблағ
олади.
- «Дарча»да ортиқча ликвидлик бўлганда, у «бош банк»дан шу ортиқча маблағни ҳам савдо, ижара ёки шерикчилик асосида жойлаштиришни сўрайди.
Демак, «бош банк» ўз мақсадлари йўлида ислом «дарчаси»ни ташкил қилган экан, у билан муносабатларни ҳам шу мақсад ва тамойилларга мос равишда юритиши керак.
Агар рухсат берсангиз, яна бир мисол келтирмоқчиман. Кўпчилигимиз Шимолий Калифорниядаги Силикон водийсида бундан икки-уч йил аввал банкрот бўлган Юниверсал банк ҳақида эшитган бўлишимиз мумкин. Мен Калифорнияда яшайман, яъни калифорнияликман, бироқ штатнинг жанубида истиқомат қиламан. Хуллас, ушбу банк ҳақиқатан ҳам икки-уч йил аввал банкрот бўлди, кейин эса унинг активларини Морган банк сотиб олди ва Юниверсал Банк фаолиятига якун ясади. Нима учун банкрот бўлди? Менимча, бунинг сабаби оддий: у ислом банки эмас эди. Агар у ислом банки бўлганида, банкрот бўлмасди.
Фоиз ставкалари паст бўлгани учун банк ортиқча ликвидлигини фоизли инструментларга жойлаштиришни жозибадор деб билмади. Шунинг учун у маблағларини ғазначилик облигацияларига (Treasury bonds) сармоя қилди. Ғазначилик облигациялари АҚШ федерал ҳукумати томонидан чиқариладиган жуда ишончли қимматли қоғозлар ҳисобланади. Улар, одатда, узоқроқ муддатли (масалан, 10 йиллик) бўлгани учун бозордагидан бироз юқорироқ даромад (фоиз) беради. Шу тарзда банкнинг ҳолати барқарор эди. Албатта, банкнинг фоизли депозитлари ҳам бор эди, шу боис депозиторларга (омонатчиларга) ўзларининг асосий суммаси (principal) ва фоизлари шартномада кўрсатилган аниқ муддатларда тўлаб берилиши шарт эди.
Қарийб икки-уч йил аввал фоиз ставкалари ошишни бошлади ва кескин кўтарилди. Фоиз ставкалари ошганда, облигациялар нархи тушади; натижада ғазначилик облигацияларининг баҳоси пасайиб кетди ва уларни бозорда сотиб бўлмади. Шу билан бирга депозитлар бўйича тўлов муддатлари етиб келди: банк омонатчиларга белгиланган санада пулларини қайтариши керак эди, аммо унинг активлари қиймати пасайгани учун мажбуриятларни тўлиқ бажара олмади.
Агар у исломий банк бўлганида, (банкни вакил қилган) мижозига шундай деган бўларди: “Ҳурматли омонатчи, сиз биз билан шериксиз. Ҳозирча тўловни амалга ошира олмаймиз. Илтимос, активлар томонидаги ҳолат яхшилангунча биз билан қолинг, шундан сўнг тўлаймиз. Ҳозир тўлай олмаймиз. Шерик сифатида сиз ҳам банк билан бирга хатарни (рискни) кўтарасиз”, чунки омонатингиз шериклик асосида берилган. Сиз пулларингизни банкка ўз номингиздан инвестиция қилиш учун топширгансиз; банк эса бу борада фақат сизнинг вакилингиз (ваколат олувчи) ҳисобланади.
Агар у исломий банк бўлганида, шу кунгача ишлаб келган бўлар эди. Кейин фоиз ставкалари пасая бошлади, ҳатто икки кун олдин Федерал резерв уни яна 25 базис пунктга (яъни 0,25 фоизга) туширди. Бу пасайиш натижасида, албатта, облигациялар нархи ошиб боради ва банк ўз мажбуриятларини бажара олади. Албатта, у ислом банки бўлганида, ғазначилик облигацияларига сармоя қилмасди, чунки улар фақат фоизга асосланган. Бундай ҳолда у фоизга асосланмаган, лекин даромадни фойда ёки ижара кўринишида берадиган сукуклар (ислом қимматли қоғозлари)га сармоя қилган бўлар эди.
Албатта, ҳар қандай банк жамоатчилик билан ишлайди: турли тоифадаги одамлар, истеъмолчилар, ишлаб чиқарувчилар, ҳатто баъзан давлат ташкилотлари билан ҳам. Шунинг учун исталган банкка вақти-вақти билан нақд пул керак бўлиб қолади. Қўлида нақди бўлса ҳам, молиялаштиришга талаб ошганда қўшимча пул зарурати юзага келади. Банкка қўшимча пул керак бўлганда, иқтисодиётда яхши ҳамма биладиган бир тушунча бор: Марказий банкнинг “охирги чора сифатида қарз берувчи” вазифаси. Бу нима дегани? Агар банкка пул керак бўлса уни қаердан олади? Марказий банкдан. Яъни банк Марказий банкка мурожаат қилади ва ўзига зарур пул (ликвидлик)ни олади.
Улар нақд пулни турли йўллар билан олишади. Шулардан бири «репо» деб аталади. Репо — «қайта сотиб олиш келишуви» дегани. Масалан, банк мижозларига тегишли тўлов мажбуриятлари (қарз тилхати)га эга бўлади. У бу мажбуриятларни Марказий банкка сотади. Эътибор беринг, қарз тилхати — бу мижозларнинг қарз мажбурияти. Банк уларни Марказий банкка шундай шарт билан сотадики, 15 кундан кейин уларни яна ўзи қайтариб сотиб олади. Бу фоизга асосланган битим бўлиб, исломий дарча ёки исломий банк амалиётида жоиз эмас.
Шундай ҳолатда, Марказий банк ислом банклари ёки ислом «дарча»лари билан қандай ишлаши керак? Одатда, ислом «дарча»лари Марказий банкка муҳтож эмас, чунки улар ўз «бош банк»ларига таянишади. Ислом банклари эса баъзан нақд пулга муҳтож бўлиб қолиши мумкин, яъни уларга ликвидликни таъминлаш керак бўлиб қолади. Улар пул керак бўлганда Марказий банкка мурожаат қилади. Лекин репо каби операциялар ёки Марказий банкдан қарз олиш — ислом меъёрларга кўра жоиз эмас. У ҳолда, Марказий банк ислом банкларига қандай ёрдам бериши мумкин?
Биринчиси — ислом банкига омонат (депозит) қўйиш. Ислом банкига пул керак бўлса, Марказий банк унга 15 кунлик депозит беради. Бу — репонинг ўрнини босади, репо эмас, балки депозит. Бунда шарт шундай бўлади: “биз, ислом банки сифатида, сизга — ҳурматли Марказий банк — бошқа мижозларга бериладигандан кўра юқорироқ фойда улуши берамиз. Масалан, одатда мижозга 60/40 (60% мижозга, 40% банкка) бўйича тақсимласак, Сизга 65 (яъни кўпроқ улуш) берамиз. Шунинг учун, ҳурматли Марказий банк, бизга 15 кунлик депозит қўйинг”.
Бу фақат ҳисоб-китоб (бухгалтерия) тартиби орқали амалга ошади. Бугунги ахборот тизимларимиз дунё бўйлаб фойдани кунлик ҳисоблаш имконига эга (фақат ойлик эмас). Шу билан бирга, ислом банклари амалда омонатдорларга фойдани ойма-ой тақсимлайди. Демак, ҳисоб-китоб тизими орқали буни осон амалга ошириш мумкин. Шу тарзда биз Марказий банкдан депозит қабул қила оламиз. Шунингдек, агар ислом банкида ортиқча ликвидлик бўлса. Анъанавий банк ортиқча ликвидликни одатда давлат облигацияларига жойлаштиради. Лекин бу облигациялар фоизга асосланган — ислом банки бунга бора олмайди. Шу сабаб, Марказий банк ва ҳукумат сукук чиқаришга имконият яратиб бериши бериши керак.
Сукук нима?
Сукук ислом молияси тамойилларига асосланади. Эътибор беринг: ислом тамойиллари — савдо, ижара ёки шерикчилик. Демак, сукук ҳам шу асосларда чиқарилади. Ғоя шундаки, биз янги лойиҳани амалга оширишимиз, масалан, янги йўл қуриш керак. Бу тўловли йўл бўлади, демак даромад келтиради. Бунинг учун сармоядорларга мурожаат қиламиз: “келинглар, шу йўлни қуришга сармоя киритинглар, у пуллик йўл бўлади ва шу орқали фойда беради”. Шу тарзда ҳукумат инвесторларнинг вакили сифатида ишлайди ва улар номидан сукук чиқаради. Сукук — бу ўша йўлга нисбатан мулкдорлик (улуш) ҳуқуқини тасдиқловчи сертификатдир.
Демак, ҳукумат уларнинг вакили сифатида сукуклар чиқаради — бу сукуклар мулкдорлик сертификати ҳисобланади ва йўлни қуриш учун улардан вакиллик ваколатини олади. Йўл қурилади, шундан сўнг йўлни бошқаришдан тушган даромад — тўловларини йиғиш ва хизмат кўрсатиш (таъмирлаш, сақлаш) харажатларини қоплагандан кейин — ҳукумат таркибидаги, масалан, Транспорт вазирлиги ва сукук эгалари ўртасида тақсимланади.
Ҳукумат мана шундай турдаги сукукларни чиқариши керак. Марказий банк ҳам реал мулкдорликка асосланган ўхшаш сукукларни чиқариши мумкин: яъни бу ерда аниқ лойиҳа бор. Эътибор беринг, сукук — ривожлантирувчи инструмент, чунки у ҳар доим янги лойиҳага боғланади, чунки сукук, одатда, янги лойиҳани амалга ошириш учун чиқарилади.
Йўлми, заводми, электр станциясими ёки янги барпо этилаётган шаҳар учун сув таъминоти тизимими — буларнинг барчаси даромад келтириши мумкин. Лекин баъзан йўлни пуллик қилмасдан қуриш лозим бўлади: масалан, қишлоқ хўжалиги ҳудудига транспорт учун йўл қуриш зарур ва вақт ўтиши билан ўша ҳудудда ривожланишни тезлаштиради, давлатга эса солиқ тушумларини оширади. Шундай экан, бу йўлни пуллик қилишни истамаймиз, чунки у бевосита фойда бермайди. У ҳолда нима қиламиз?
Биз барибир сукук чиқарамиз, лекин бу сафар ижара (лизинг) концепциясидан фойдаланамиз. Сукук чиқарамиз ва сукук эгалари ушбу йўлнинг, аниқроғи, йўл қурилмасининг эгалари бўлишади. Ерга эгалиги уларники эмас, чунки ҳукумат ер ва қурилма эгалигини алоҳида деб тан олади: йўл, ер участкаси давлатники бўлиб қолади. Демак, сукук эгалари йўл қурилмасига эгалик қилади, биз эса уларга ижара тўлаймиз. Ижара шартномасида келишилади: ё фақат белгиланган (масалан, бошиданоқ йиллик 7% ижара), ёки ўзгарувчан (масалан, 7%дан бошланади ва ҳар йили иқтисодий шароитга қараб қайта кўриб чиқилади). Бироқ амортизация тугагунча ижара тўлаш мажбуриятини оламиз. Амортизация — сукукларни бир неча йил давомида босқичма-босқич қайта сотиб олишдир.
Ижара пули қаердан тўланади? Солиқ тўловчилар маблағларидан. Чунки бу йўл қишлоқ хўжалиги, саноат ва бошқа тармоқлар учун имконият яратади, натижада ҳудуд ривожланиб, солиқ тушумлари ортиб боради. Мана шу ошган солиқ тушумларидан ижара тўловлари ва амортизация қопланади.
Демак, сукукни уч усулда чиқариш мумкин: яна савдо асосида, ижара (лизинг) асосида ёки шерикчилик асосида. Бунинг тафсилотларини алоҳида батафсил тушунтириш мумкин.
Шу боис, ҳукумат ва Марказий банк исломий банклар учун ликвидликни жойлаштириш мақсадида сукук чиқариши керак.
Ислом банклари фаолиятни бошлашлари биланоқ, банк хизматларидан фойдаланмай келган аҳолини ўзларига жалб қилишади. Натижада аҳолининг банк тизими томонидан қамрови ошади. Албатта, банк кенг кўламда ва тўлиқ ишлай бошлаганда, иқтисодиётнинг турли соҳаларига кириб боргани сайин, банк хизматларидан фойдаланмайдиганлар сони кескин камаяди.
Ростини айтсам, қадриятли жамиятда бу жуда сезилади: банк хизматларидан фойдаланмай юрганларнинг кўпчилиги ислом банкларига келишади. Шу билан бирга, ақл-заковатли, юқори савияли ва юқори лавозимли кишилар ҳам уларни афзал кўришади, чунки ислом молияси ривожланишга иқтисодий таъсир кўрсатишини англайди. У анъанавий тизимга нисбатан адолатлироқ. Шу боис, иқтисодиёт учун кўпроқ фойда келтиришни, ривожлантирувчи тарзда ишлашни, зарарли соҳаларга — тамаки, спиртли ичимликлар ва шунга ўхшаш йўналишларга сармоя киритмасликни истайдиган, қадриятли инсонлар ҳам уни танлайди. Қисқаси, шуларнинг барчаси билан ислом банклари фаолияти тўлиқ йўлга қўйилганида бунинг самарасини аниқ ҳис қиласиз.
Албатта, фаолиятнинг бошланғич босқичида таъсир нисбатан кичик бўлади — бу табиий. Лекин банклар етилиб, тўлақонли ишлаши бошлагач, уларга бўлган қизиқиш сезиларли ошади.
Масалан, Нигерияда ислом банки ташкил этилган. Бироқ Марказий банк ва бошқа идоралардаги қаршиликлар сабаб лицензия олиш жараёни деярли 10 йилга чўзилган. Бунинг барчаси мавжуд ҳуқуқий тизим доирасида, қонунларга ўзгариш киритилмасдан амалга оширилган; қонун ўзгаришлари эса кейинроқ киритилган. Ислом банки тузилгандан кейин, 6–7 йилида яна учта ислом банки пайдо бўлди. Шу вақтга келиб ислом банкчилиги тўғрисидаги қонун ҳам қабул қилинди. Нигерия аҳолисининг (тахминан 50% насроний, 50% мусулмон) барчаси амалда бунинг фойдали эканини англаб етди. Мен Нигериядаги биринчи ислом банкининг умумий йиғилишларидан бир нечтасида қатнашганман; у ерда насронийлар ҳам бор эди. Ҳатто черков бошлиғи бўлган насроний вазир ҳам ушбу банкнинг акциядори эди ва у йиғилишларда мунтазам қатнашарди. Мен икки-уч маротаба умумий йиғилишда бўлганман ва уни ўша ерда кўрганман.
Шундай қилиб, одамлар бунинг таъсирини англадилар. Яна тўртта ислом банки ташкил этилди ва албатта молия тармоғида ислом банкчилигининг улуши ошди. Ва умид қиламизки, улар ўсиб боргани сайин, охир-оқибат барча банклар исломий бўлади. Чунки бу ҳақиқатан ҳам иқтисодиёт учун яхшироқдир.
Манба: https://kun.uz/kr/news/2025/10/10/islomiy-moliya-real-bozordan-ajralmagan-iqtisodiyot