ШАРЪИЙ МЕЪЁР №14
АККРЕДИТИВ
Меъёрнинг матни
3. Ҳужжатли аккредитивларга тегишли шариат ҳукми:
3/2 Аккредитив очилишидан олдинги шартнома:
3/2/1 Сотувчи савдо шартномасида харидорга тўловни ҳужжатли аккредитив орқали амалга оширишни шарт қилиши жоиз. Бундай шарт харидор томонидан бажарилиши мажбурий бўлган тўғри шарт ҳисобланади.
3/2/2 Халқаро савдо шартномалари ислом шариати қоидаларига зид келмаса, ҳужжатли аккредитивлар билан тасдиқланиши/таъминланиши жоиз.
3/2/3 Агар савдо шартномасида унинг Халқаро тижорат шартларининг жорий нашрига (INCOTERMS) ёки Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маҳсулот (товар)ларнинг халқаро савдоси тўғрисидаги конвенциясига ёки бошқа ҳужжат/қоидаларга бўйсуниши кўзда тутилган бўлса, у ҳолда бу қоидалар ислом шариати қоидаларига зид бўлмаган тақдирда амал қилади. [3/2/2-бандга қаралсин]
3/3 Ҳужжатли аккредитивдаги комиссиялар ва харажатлар:
3/3/1 Муассаса ҳужжатли аккредитив бўйича ҳақиқий харажатларни мижоздан олиши жоиз. Шунингдек, муассаса зарур хизматларни кўрсатиш эвазига ўзгармас миқдор (сумма)да ёки аккредитив қиймати (суммаси)нинг муайян фоизи кўринишида хизмат ҳақи олиши жоиз. Ушбу қоида импорт ва экспорт амалиётларига тегишли ҳужжатли аккредитивларни ўз ичига олади. Бу қоида аккредитивларга ўзгартириш киритиш масаласини ҳам қамраб олади, аммо бундан аккредитив муддатини узайтириш билан боғлиқ ўзгартиришлар мустасно. Муассаса муддатни узайтириш эвазига фақатгина ҳақиқий харажатларни мижоздан ундириши (олиши) мумкин ва бу харажатлар аккредитив қиймати (суммаси)дан муайян фоиз кўринишида эмас, балки ўзгармас сумма кўринишида бўлиши керак.
Муассаса яна қуйидагиларга риоя қилиши керак:
а) Ҳужжатли аккредитив бўйича комиссия миқдорини ҳисоблашда кафолат (омили) ҳисобга олинмаслиги керак. Шунга кўра, муассаса бошқа банк томонидан чиқарилган аккредитивни тасдиқлаган ҳолатда ҳақиқий харажатлар устига қўшимча ҳақ ундириши жоиз эмас, чунки аккредитивни тасдиқлашдаги қўшимча ҳақ/устама олиш кафолат бериш эвазига бўлиб қолади. Худди шу қоида, агар бу хизматлар ёки харажатларни талаб қилмаса, қуйидаги ҳолатларда ҳам қўлланилади: аккредитив очишда ва/ёки уни тасдиқлашда шерик сифатида иштирок этиш, ҳамда (тўлов банк томонидан) кафолатланган аккредитив очиш.
б) Шартнома рибовий бўлмаслиги ёки рибони келтириб чиқармаслиги керак.
в) Ҳужжатли аккредитивда бир неча шартномаларни бирлаштириш шариат тақиқларини бузишга олиб бормаслиги лозим. Масалан, кафиллик тақдим этиш ёки қарз бериш эвазига комиссия олиш каби.
3/3/2 Юқоридаги 3/3/1 банддаги қоида комиссия тўловлари ва харажатларини ундириш ва тўлаш, шунингдек бундай амалиётларда воситачилик қилишни ҳам қамраб олади. Бунда битим муассаса ва унинг мижози ўртасида ёки муассаса ва бошқа муассаса ёки банклар ўртасида бўлишининг аҳамияти йўқ.
3/3/3 Ҳужжатли аккредитивлар билан бирга фойдаланиладиган кафиллик хатлари учун, масалан, олдиндан (аванс) тўлов амалга оширилган ҳолатдаги кафолат хати ҳамда ҳужжатлари етиб келишидан олдин маҳсулотни тушириш имконияти берилиши учун чиқариладиган денгиз транспорти (юк ташиш) кафолат хатига хизмат ҳақи олишга нисбатан “Кафолатлар” тўғрисидаги 5-сонли шаръий меъёрда баён этилган қоидалар, хусусан кафиллик хати учун ҳақ олишга доир ҳукм татбиқ этилади.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси