ШАРЪИЙ МЕЪЁР № 12
ШИРКАТ (МУШОРАКА) ВА ЗАМОНАВИЙ ШИРКАТЛАР
Меъёрнинг матни
4. Иккинчи бўлим: Замонавий ширкатлар
4/3 Коммандит ширкат (шарика ат-тавсия ал-басита)
4/3/1 Коммандит ширкатнинг таърифи:
4/3/1/1 Коммандит ширкат – бу шахслар ўртасидаги ширкат (ширкат ал-ашхас) турига кирувчи шерикчилик бўлиб, унда тўлиқ шерикнинг шахсияти ҳисса қўшувчи коммандитчиларнинг ишончи нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади. Бу турдаги ширкатлардаги шерикларнинг (мулкий) улушлари турлича бўлиши мумкин, яъни улушлар тенг қийматга эга акциялардаги каби эмас, балки турлича ҳиссалар асосида белгиланади.
4/3/1/2 Коммандит ширкат икки турдаги шерикларни ўзида мужассам этади:
– Тўлиқ шериклар – улар жамиятнинг барча мажбуриятлари бўйича шахсий мол-мулклари билан ҳам (тўлиқ) жавобгар бўладилар;
– коммандитчи шериклар – уларнинг жавобгарлиги фақат ўз улушлари доирасида чекланади, ва уларнинг шахсий мол-мулкларига дахл қилинмайди.
Демак, айрим шерикларнинг масъулиятини ҳеч қандай эвазсиз чеклаш жоиз ва натижада ширкатда тўлиқ шериклар ҳамда чекланган жавобгарликка эга шериклар бўлади (4/1/2/9 бандга қаралсин).
4/3/1/3 Коммандитчилар (ҳисса қўшувчи шериклар) ширкат фаолиятига бевосита аралашишга ҳақли эмаслар. Аскар ҳолларда жамиятни расмийлаштиришда (рўйхатдан ўтказишда) уларнинг исмларини кўрсатишга қонунан рухсат берилмайди, балки коммандитчилардан олинган маблағлар миқдорини кўрсатиш етарли бўлади.
4/3/1/4 Коммандит ширкатнинг бошқаруви тўлиқ шериклардан бирига ёки шерик бўлмаган бошқарувчига топширилади. Коммандитчилар ширкатни бошқариш ҳуқуқига эга эмаслар.
4/3/2 Коммандит ширкатга оид шаръий ҳукмлар:
4/3/2/1 Фойда ҳиссаларга мутаносиб равишда ёки шартномага мувофиқ тақсимланади (3/1/5/7 бандга қаралсин). Зарарлар эса тўлиқ шериклар ва коммандитчи шерикларнинг ширкат уставидаги улушларига мутаносиб равишда тақсимланади. Агар зарар устав капитали миқдоридан ошиб кетса, уни тўлиқ шериклар ўз зиммаларига олишади.
4/3/2/2 Командитчи шерикка капиталнинг маълум бир фоизи ёки муайян қатъий миқдор (олдиндан белгиланган сумма) кўринишида фойда берилишини шарт қилиш жоиз эмас (3/1/5/8 бандга қаралсин).
4/4 Акциядорлик коммандит ширкати (шарика тавсия бил-асҳум):
4/4/1 Акциядорлик коммандит ширкати тушунчаси:
Акциядорлик коммандит ширкати молиявий ширкат (ширкат ал-амвал)нинг бир кўриниши бўлиб, унга аъзо/обуна бўлиш фақат тенг қийматдаги акциялар асосида амалга оширилади. Бундай ширкат тўлиқ шериклар ва коммандитчи шерикларни ўз ичига олади.
4/4/2 Акциядорлик коммандит ширкатига тегишли шаръий ҳукмлар:
4/4/2/1 Акциядорлик коммандит ширкатидаги тўлиқ шериклар жамиятнинг мажбуриятлари бўйича шахсий мол-мулклари билан, тўлиқ равишда (солидар тарзда) жавобгардирлар. Улар ўз вазифаларига кўра музориб, ўзлари киритган капитал бўйича эса ширкат иштирокчисидирлар. Командитчи шерикларнинг ҳар бирининг жавобгарлиги ўзига тегишли бўлган улушлар доирасида чекланади, шахсий мол-мулклари билан жавобгар бўлмайдилар. Улар музораба шартномасидаги роббул мол (сармоядор/инвестор) мақомида бўлишади. Баъзи тўлиқ шерикларнинг жавобгарлигини чеклаш ва бундай имтиёз тақдим этилганлиги учун улардан ҳеч қандай тўлов олмаслик жоиз. Бу ҳолатда, ширкатда тўлиқ шериклар ҳамда чекланган шериклар бўлади (4/1/2/9 бандга қаралсин).
4/4/2/2 Коммандитчилар (ҳисса қўшувчи шериклар) ширкат фаолиятига аралашишга ҳақли эмаслар. Аксар ҳолларда ширкатни расмий рўйхатдан ўтказишда (расмийлаштиришда) ҳам уларнинг исмлари кўрсатилмайди, фақат улар қўшган маблағлар миқдорини кўрсатиш кифоя қилади.
4/4/2/3 Коммандит ширкатнинг бошқаруви тўлиқ шериклардан бирига ёки шерик бўлмаган бошқарувчига топширилади. Коммандитчилар ширкатни бошқариш ҳуқуқига эга эмаслар.
4/4/2/4 Фойда ҳиссаларга мутаносиб равишда ёки томонларнинг келишувига биноан тақсимланади. Зарарлар эса тўлиқ шериклар ва коммандитчи шериклар томонидан уларнинг ширкат устав капиталидаги улушларига мутаносиб равишда тақсимланади. Агар зарарлар устав капитали миқдоридан ошса, ўша ортган қисми тўлиқ шериклар томонидан қопланади.
4/4/2/5 Коммандитчи шерик учун фойдани капиталнинг маълум бир фоизи ёки муайян қатъий миқдори даражасида бўлади деб шарт қилиш жоиз эмас.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси