Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келди. Ул зот аёлларига одам юбордилар.
Улар: «Ҳузуримизда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ», дейишди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким буни ўзи билан олиб кетади — ёки меҳмон қилади?» дедилар.
Ансорийлардан бир киши:
«Мен», деди ва уни аёлининг олдига олиб бориб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонларига икром кўрсат», деди.
«Ҳузуримизда болаларнинг егулигидан бошқа ҳеч нарса йўқ», деди у.
«Таомингни тайёрла, чироғингни ёқ. Болаларинг кечки овқат истаб қолишса, уларни ухлатиб қўй», деди.
У таомини тайёрлади, чироғини ёқди ва болаларaини ухлатди. Сўнг туриб, гўёки чироғини тўғрилаётган бўлиб, уни ўчириб қўйди. Иккиси унга ўзларини таом еяётгандек қилиб кўрсатдилар ва оч ҳолда ухлашди.
Тонг отганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Батаҳқиқ, Аллоҳ иккингизнинг қилмишингиздан рози бўлди», дедилар. Демак, мазкур эр-хотин саҳобийларнинг қилган ишлари, яъни меҳмонга кўрсатган иззат-икромлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳсинларига сазовор бўлди ва энг муҳими, Аллоҳ таоло уларнинг бу қилган эҳсонларидан рози бўлиб оят нозил қилди:
«Ва агар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, уларни ўзларидан устун қўярлар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундай кишилар, ҳа, ўшалар зафар топувчилардир» ( «Ҳашр» сураси, 9-оят).
Шарҳ ва хулосалар:
- Бу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайхи васаллам бошлиқ саҳобалар ўз меҳмонларини қай даражада икром қилишларининг намунаси ҳақида сўз бормоқда;
- Роббул оламиннинг ҳабиби Расули Акрам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида сувдан бошқа бирор нарса бўлмаган ва меҳмон келганда тўққизта уйдан бирортасида бир бурда нон топилмаган кунлар бўлганлиги ва бу нодир ҳолат бўлмаганлиги ;
- Ўзларининг хонадонларида егулик бўлмаса ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам меҳмонга узр айтиб, жавоб бериб юбормасдан уни меҳмон қилиш учун бошқа чора излаганликлари;
- Саҳоба ва саҳобиялар сабрли, гўзал хулқли ва фаросатли бўлганликлари сабаб ўзлари қийин аҳволда бўлсалар ҳам буни бошқаларга билдиришмаганлиги;
- Қўли очиқлик ва меҳмонни икром қилиш мусулмоннинг одобларидан эканлиги;
- Ўзининг ҳожати бўлган ҳолда қилинган эҳсоннинг Аллоҳнинг наздида қадри баланд эканлиги;
- Нафсининг бахиллигидан сақланган кишилар зафар топувчилардан бўлиши;
- Исломда ибодат ва ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг кўпинча бирга келиши (иймон ва сийлаи раҳм, рўза ва садақа, намоз, қурбонлик ва эҳсон, никоҳ ва маҳр, тақво ва етимни кафолатига олиш …).
Манба: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг “Одоблар хазинаси” китоби асосидан тайёрланган ва mehrob.uz да берилган “Меҳмоннинг ҳурмати ва унга хизмат қилиш” номли мақола асосида тайёрланди.