Ислом, инсонлар ўртасидаги биродарлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро кўмак тушунчалари асосидаги ҳаёт тарзини тарғиб килувчи диндир. Ислом шариатига асосланган молия тизими, мукаммал дастур ўлароқ инсонга турли йўллар билан ҳалол даромад топиш усулларини ўргатади. Шундай усуллардан бири, бу бир нечта киши ўз маблағлари, меҳнатлари ва ҳаттоки обрўларини бирлаштирган ҳолда ширкат яъни шерикчилик битимини тузишларидир.
“Ширкат” атамаси ислом ҳуқуқшунослигида кенг қўлланилади.
“Ширкат” – “бўлишиш” деган маънони билдиради ва ислом фиқҳида у иккига бўлинади:
Ширкат-ул-Мулк
Икки ёки ундан ортиқ шахсларнинг маълум бир мулкка нисбатан, битим тузмаган ҳолда, биргаликда эгалик қилишига айтилади. Бундай ширкат томонларнинг хоҳиши билан, масалан муайан бир мулкни биргаликда сотиб олиш орқали пайдо бўлиши мумкин. Бунда сотиб олинган мулкка нисбатан томонларнинг биргаликдаги муносабати Ширкат-ул-Мулк дейилади. Бу ҳолатда томонларнинг бундай муносабати уларнинг ўз хоҳишларига кўра пайдо бўлди. Аммо баъзида “ширкат” томонларнинг ҳеч қандай иштироки ва хоҳиши бўлмаган ҳолда пайдо бўлади. Масалан, кимдир вафот этган тақдирда, унинг меросхўрлари вафот этган шахснинг мол-мулкини мерос қилиб олишади (масалан бирор корхона ёки дастгоҳни) ва ушбу мол-мулкка нисбатан уларнинг биргаликдаги эгалиги, яъни ширкат пайдо бўлади.
Ширкат ул-Ақд
Бу ширкатнинг иккинчи тури бўлиб, “шартнома асосидаги ўзаро шерикчилик”ни англатади.
Ўз ўрнида “Ширкат ул-Акд” ҳам тўрт турга бўлинади:
1) Ширкат ул-Муфаваза, бунда томонлар бирон молга эгаликда, уни тасарруф қилишда ва ҳатто қарз бўлиб қолса уни тўлашда ҳам тенг ҳуқуқли ва тенг тарзда жавобгар бўладилар. Ушбу шериклик турида, томонлар бир-бирининг ҳам вакили, ҳам кафили бўладилар. Шуни таъкидлаш керакки бугунги кунда муфоваза ширкатини тузишнинг деярли иложи йўқ. Шунинг учун ушбу турдаги ширкат ҳақида батафсил маълумот бериб ўтирмаймиз.
2) Ширкат ул-Амвал, “Инон ширкати” деб ҳам номланади. Бунда томонлар бирор корхонага сармоя киритиб шу корхона доирасида ёки бошқа тижоратга сармоя киритиш орқали шерик бўладилар. Ушбу ширкат турида мулкни тасарруф этишда ва даромадни тақсимлашда тенглик шарт қилинмайди. Унда бир тарафнинг сармояси бошқасиникидан кўп бўлиши ёки бир тарафнинг масулияти кўпроқ бўлган ҳолда даромад тенг бўлиши ҳам, ёки тарафларнинг келишувига кўра турли улушда бўлиши ҳам мумкин. Ушбу шериклик тури одамлар орасида энг кўп тарқалган бўлиб, унда томонлар бир-бирининг вакили ҳисобланадилар аммо кафили эмаслар.
3) Ширкат ул-Амал, бунда икки ёки ундан ортиқ шерик мижозларга қандайдир пуллик хизматлар кўрсатишади ва тушган даромадни аввалдан келишилган тартибда ва улушда бўлишиб олишади. Агар тарафлардан бири бир муддат (келишилган қисқа вақт) ишлолмаса ҳам, кўрилган фойдада шерик бўлаверади. Бу турдаги ширкатнинг яна бир неча номи бор, жумладан “ширкат ус-санаи” ва “ширкат ул-абдон”.
4) Ширкат ул-вужуҳ, бунда томонлар умуман сармоя киритишмайди. Улар насияга мол сотиб олишади ва нақдга сотишади ва олинган фойдани келишувга кўра тақсимлашади. Бу ширкатда ҳам тарафлар бир-бирини вакили ҳисобланади. Тарафлар тижорат учун сотиб олинган молга эгалик қандай бўлса, фойда тақсимоти ҳам тенг бўлиши керак (масалан молга эгалик 50/50 бўлса, фойда ҳам шундай бўлинади).