AAOIFI Техник Кенгашлари Таркиби ва аъзолиги
1. Техник кенгашларнинг ҳар бирида кўпи билан (Бош котибдан ташқари) 15 аъзо бўлади;
2. Барча техник кенгашларнинг амал қилиш муддати – Васийлик кенгаши томонидан расман тасдиқлангандан кейин – 4 йил;
3. Техник кенгашларнинг барча аъзолари шахсий хусусиятга эга ва ҳеч бир аъзо ўз ваколатларини бошқа шахсга топшириш ёки бошқа шахсдан уни алмаштиришни сўраш ҳуқуқига эга эмас;
4. Ҳар бир техник кенгашнинг биринчи йиғилишларида аъзолар яширин овоз бериш йўли ва кўпчилик қарори билан кенгаш раиси ва раис ўринбосарини сайлайди. Раис йўқлигида унинг ўрнини раис ўринбосари бажаради;
5. Техник стандартлар бўйича кенгаш йиғилишида аъзо конференц-алоқа ёки аудио-визуал восита орқали иштирок этиши мумкин. Шунга қарамай, аъзо бир календар йилидаги йиғилишларнинг камида 25 фоизида шахсан иштирок этиши шарт;
6. Техник стандартлар бўйича кенгаш аъзоси календар йилида 3 марта йиғилишда қатнашмаган тақдирда автоматик равишда аъзоликдан бўшатилади;
7. Техник кенгашнинг ҳар қандай аъзоси, шу жумладан унинг раислари, номзодлар қўмитаси аъзоларининг кўпчилигининг тавсиясига кўра, Васийлик кенгаши аъзоларининг учдан икки қисмининг овози билан қуйидаги ҳолатлардан бирида лавозимидан четлатилиши мумкин:
(А) Агар у Васийлик кенгаши томонидан AAOIFI ёки Техник кенгашнинг мақсадлари ва обрўсига зарар келтирадиган тарзда нотўғри хатти-ҳаракат қилса;
(Б) Агар у ўз қобилиятни йўқотса ёки унинг шаъни ёки дахлсизлигига таъсир қиладиган ҳар қандай жиноят учун судланган бўлса;
(C) Агар техник кенгаш аъзоси календар йилида 3 марта йиғилишда қатнашмаган бўлса;
8. Бош котибият ҳар бир техник кенгашнинг иш кўлами ва ишлаш тартиби тўғрисида батафсил низом тайёрлайди. Ушбу ҳужжатни тасдиқлаш ва ўзгартириш ҳуқуқи тегишли техник стандартлар кенгашига тегишли.
AAOIFI Шариат кенгаши
Таркиби:
Бошқа Ислом молия муассасаларининг Шариат кенгашларида ҳам фаолият юритадиган 12 нафаргача аъзо.
Номзодлик даврида ва бошқарувнинг бутун муддати давомида ҳеч қандай ислом молия муассасасига хизмат қилмайдиган камида 3 нафар аъзо, лекин марказий банклар, назорат қилувчи идоралар, давлат идоралари ёки нотижорат ташкилотларига хизмат кўрсатиши мумкин.
Бугунги кунда AAOIFI Шариат кенгашининг 19 аъзоси бор ва Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари кенгаш раиси вазифасида фаолият юритиб келмоқдалар.
Шариат кенгаши таркибида иккита қўмита бўлиб, шулардан бири Шаръий стандарт (меъёр)ларни текшириш бўлими, иккинчиси Шаръий меёрларни таржимасини текшириш бўлими.
Бухгалтерия ҳисоби ва аудит кенгаши
Ислом молия саноатидаги барча тармоқлар вакиллигини таъминлаш ҳамда бошқарув кенгаши аъзоларининг маълумотлари ва тажрибасини диверсификация қилиш мақсадида Бухгалтерия ва аудит кенгаши таркибига қуйидагилар киради:
Ислом молия муассасаларини (тижорат банклари, инвестиция банклари, суғурта, молия компаниялари ва бошқалар) вакили бўлган 4 тагача аъзо.
Бухгалтерия ҳисоби ва аудиторлик фирмаларининг вакилларидан 4 тагача аъзо.
Марказий банклар ва назорат қилувчи идораларни ифодаловчи 3 тагача аъзо.
Илмий муассасалар ва таълим муассасалари вакили бўлган камида 1 аъзо.
Миллий бухгалтерия кенгашлари, миллий бухгалтерия ҳисоби ёки аудит бўйича мутахассислар, миллий фонд биржалари ва халқаро ёки кўп томонлама ташкилотлар вакилларидан 3 тагача аъзо.
Вакиллик қилаётган тармоғидан қатъи назар, бир бухгалтерия ва аудиторлик фирмалари, шу жумладан уларнинг шўъба корхоналаридан 2 нафардан ортиқ аъзо бўлмаслиги керак.
Бугунги кунда ушбу кенгашнинг 15 аъзоси бор (Ислом молияси лойиҳаси асосчиларидан бўлган Хондамир Нусратхўжаев ҳам шу кенгаш аъзоларидан биридир).
Бошқарув ва ахлоқ кенгаши
Ислом молия саноатидаги барча тармоқлар вакиллигини таъминлаш ҳамда бошқарув кенгаши аъзоларининг маълумотлари ва тажрибасини диверсификация қилиш мақсадида ушбу кенгаш таркибига қуйидагилар киради:
Ислом молия муассасаларини (тижорат банклари, инвестиция банклари, суғурта, молия компаниялари ва бошқалар) вакили бўлган камида 5 аъзо.
Бухгалтерия ҳисоби ва аудиторлик фирмалари ва бошқарув, хатарларни бошқариш соҳасидаги мутахассислардан иборат 5 тагача аъзо.
Марказий банклар, назорат қилувчи идоралар ва халқаро ёки кўп томонлама ташкилотлар (Жаҳон банки, ХВФ каби) вакилларидан 3 тагача аъзо.
Шариат олими бўлган камида 1 аъзо (ва у бир вақтнинг ўзида AAOIFI Шариат Кенгашида ишламайдиган бўлиши керак).
Университетлар, таълим муассасалари вакили бўлган камида 1 аъзо.
Бугунги кунда ушбу Кенгашнинг 15 аъзоси бор.