Ислом молияси лойиҳаси ўз фаолиятини бошлагандан бери кўпчилик тадбиркорлар бизнес фаолият бошлашганлиги ва шу фаолият доирасида бошқа тадбиркор ёки тадбиркорлар билан шерикчилик муносабатларига киришганликлари, шундай шерикчилик давомида фойда-зарар тақсимотида жиддий зиддиятлар келиб чиққанлиги, молиявий муаммолар ҳуқуқий муаммоларга айланаётганлиги ва натижада томонлар бир-биридан норози бўлаётганлиги, яъни бу зиддиятлар маънавий муаммолар сифатида намоён бўлаётганлигини айтиб тез-тез бизга мурожаат қилиб туришади.
Шундай мурожаатларни, ўз ҳаётий тажрибамизни ҳамда бундай ҳолатлар юзасидан динимиз талабларини инобатга олган ҳолда тадбиркорларга баъзи тавсияларимизни бермоқчи эдик:
1) Ниятни тўғри қилиш ва бунда алдов, хиёнат риё ва олифтагарчиликка йўл қўймаслик
Шерикни ва бошқаларни алдаш ва уларнинг ҳақига хиёнат қилмаслик масаласи тушунарли, риё ва олифтагарчиликни қандай тушунишимиз керак? Риё ва олифтагарчилик бу ўзимизни нафси йўқ фариштадек кўрсатиш/тутиш. Тан олиш керак, бизнинг барчамизда нафс бор ва биз бизнесни хайрия учун эмас, балки фойда олиш учун қиламиз. Албатта, хайрия нияти ҳам бўлиши табиий, лекин хайрия қилиш учун аввал даромад олиш керак. Демак, шундан келиб чиққан ҳолда иш қилишимиз керак бўлади;
2) Бизнес лойиҳа исломда таъқиқланган фаолият тури бўлмаслигини таъминлаш
Масалан, маст қилувчи ичимликлар ёки тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш, форекс бозорида чайқов амалиёти билан шуғулланиш, чайқов воситаларига пул тикиш, турли корхоналар акцияларини ҳалол ёки ҳаромлигини билмасдан туриб сотиб олиш, анъанавий/фоизли облигациялар сотиб олиш ва ҳ.к.з.
3) Бизнес лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган соҳа/йўналиш/тармоқни имкон қадар батафсил тушуниб олиш
Соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашиш, тармоқнинг паст-баландини, бозорни, нархларни, бозор/соҳанинг асосий “ўйинчиларини” ҳамда рақобатчиларни билиш/ўрганиш;
4) Бизнес ҳамкорни танлашда синчков бўлиш
Унинг ҳалол, омонатдор инсон эканлигини, унинг тадбиркорлик тажрибасини, унинг бизнес ҳамкорлари кимлигини, унинг аввалги бизнес ҳамкорлари орасидаги обрў-эътиборини, тақвосини, дин талабларини билиш-билмаслигини (яъни унинг қадриятлари ва тақвосини) ва бошқа омилларни аниқлашга имкон қадар ҳаракат қилиш. Агар имкон бўлса бирор кичикроқ бизнес лойиҳани янги шерик билан амалга ошириб кўриш;
5) Бизнес лойиҳа натижаси/оқибати хайрли бўлишини Аллоҳдан дуо қилиб сўраганва истихора[1] намозини ўқиган ҳолда бошлаш
6) Рибога аралашмаслик
Сир эмаски, аксарият тадбиркорлар иш бошлаганларида режалаштирилаётган бизнес лойиҳани амалга ошириш учун молиявий маблағлар етарли бўлмайди ва шунда улар ташқи манбалардан маблағ жалб қилишга ҳаракат қилишади. Бунда кўпинча улар банклардан ёки бошқа манбалардан фоизга қарз жалб қилишади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда “Аллоҳ рибони доимо нуқсонга учратади ва садақаларни зиёда қилади…” деб марҳамат қилади (“Бақара” сураси 276-оят);
7) Лотерея каби, исломда ва араб мамлакатларида майсир деб аталувчи (ўзбек тилига “қимор” деб таржима қилинади) амалиётларга, турли фирибгар “Аҳмадбойларнинг “молиявий пирамидаларга”, турли тушунарсиз молиявий схема ва акцияларга яқинлашмаслик
Хўш, биз қандай қилиб бундай пирамидаларни аниқлаймиз, деган саволга жавоб шуки, бундай лойиҳалар енгил пул топиш восита ва усулларини таклиф қилишади (“текин пишлоқ” фақат қопқонда бўлишини эсдан чиқарманг);
8) Шерикчилик муносабатларига киришишдан олдин ёзма шартнома тузиш
Хотира панд бериши мумкин, лекин ёзув ва гувоҳлар эмас. Шунингдек барча шарт ва келишувларни бирма-бир, эринмасдан ёзиб чиқиш, битим шартлари томонлар учун шаффоф, тушунарли бўлишини, мавҳум сўзлар ва иборалар ишлатилмаслигини, шартнома ислом ҳуқуқи ва молияси тамойилларига ҳамда амалдаги қонунчиликка зид бўлмаслигини таъминлаш. Томонлар ҳуқуқ ва мажбуриятларини, ким нимага жавоб беришини аниқ келишиб олиш.
Шартномани ислом ҳуқуқи, молияси, ҳамда анъанавий ҳуқуқ бўйича мутахассисларга кўрсатиб олиш;
9) Шерикчилик асосида бизнес бошлашдан олдин томонлар ўртасида фойда ва зарар тақсимотини аниқ келишиб, ёзув чизув билан расмийлаштириб қўйиш
10) Назорат
Шерикчилик дегани бир тараф иккинчи тарафга тўлиқ ишониб ташлаб қўйиши, бизнес фаолиятга умуман аралашмаслиги керак дегани эмас. Томонлар умумий бизнес доирасида бир бирининг фаолиятини текшириб, назорат қилиб туриш ҳуқуқига эгалигини ёдда тутиш;
11) Бизнес муваффақиятга эришган пайтда бошида қилган ниятларни эсдан чиқармаслик ва уларни бажариш
Кўпинча бир ишни бошлаётганимизда, агар ишим ўхшаса Аллоҳ розилиги учун фалон ишларни қиламан, фалонча садақа, фалонча эҳсон қиламан, фалон кун нафл рўза тутаман деб ният қиламиз, лекин ишимиз яхши бўлиб кетганда ўша ваъда/ниятларимиз эсдан чиқиб кетади.
12) Бизнесни бошлаётганда уни қандай якунлашни шерик/лар билан келишиб олиш
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, юқорида кўриб чиқилган бандлар, тўлиғича халқимизнинг “Ишқ бошқа, ҳавас бошқа” деган мақолига мос. Яъни бизнесни шунчаки ҳавасга эмас (қилиб кўраман, ўхшаса яхши, ўхшамаса яна бошқа нарсани бошлаб кўраман, каби), балки астойдил, “меҳр” билан бошлашгина кутилган ижобий натижа беришини эсдан чиқармаслигимиз керак.
Муаллиф: Жаҳонгир Имамназаров
[1] «Истихора» сўзи луғатда «хайр, яъни яхшиликни талаб қилиш» деган маънони англатади. Мусулмон киши икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганида хайрлисини танлаш учун икки ракат истихора намози ўқийди. Бу намозни ҳар бир мубоҳ ишдан олдин ўқиш мустаҳабдир.