Россияга нисбатан, шу жумладан ушбу давлат молия тизимига қўлланилган санкциялар ва рус миллий валютаси – рублнинг қадрсизланиши Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилиши мумкин? Россиядаги ўзбек меҳнат мигрантлари ҳозирги шароитда нима қилгани маъқул? Эҳтимолий молиявий-иқтисодий инқироз оқибатларига қарши туриш учун қандай чоралар кўриш керак?
Россия-Украина муносабатларининг кескинлашиб, ҳарбий ҳаракатларга айланиб кетганлиги дунё ҳамжамияти орасида жиддий норозиликлар келтириб чиқармоқда. Ғарб мамлакатлари ва уларнинг иттифоқчилари (Япония, Австралия ва бошқалар) томонидан Россияга қарши турли санкциялар (сиёсий, иқтисодий, маданий-маънавий…) эълон қилинмоқда.
Албатта, Ўзбекистоннинг энг йирик иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлган Россияга нисбатан қўлланилаётган ушбу таъсир чоралари ва бунинг оқибатида рус валютаси қадрсизланишининг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсир қилиши шубҳасиз. Россияда юз бериши кутилаётган инқироз шароитида ўзбек меҳнат мигрантлари масаласи, ушбу мамлакат билан олиб бориладиган экспорт ва импорт билан боғлиқ амалиётлар жиддий равишда кўриб чиқилиши керак бўлган масалаларга айланиши табиий. Биз бу масалада иқтисодчиларимизнинг фикрларини ўрганиб чиқдик ва ушбу фикрларни умумлаштирган ҳолда эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик.
Россия банкларига қўлланилаётган санкциялар Ўзбекистон банк тизимига қандай таъсир кўрсатади?
Ўзбекистон банк тизими Россия банк тизимига бевосита боғлиқ эмас. Ўзбек банкларининг Россия банкларига боғлиқлиги асосан тўловлар амалга оширилиши (Россиянинг бир нечта йирик банкларининг SWIFT`дан узилиши пул ўтказмаларини қийинлаштиради) ва савдони молиялаштириш билан боғлиқ. Лекин санкцияларнинг Ўзбекистон банк тизимига бевосита таъсири кучли эмас.
Россия нисбатан қўлланилаётган санкцияларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири қандай бўлиши мумкин?
Ўзбекистон иқтисодиёти республика ташқарисидан, биринчи навбатда РФдан келиб тушадиган пул ўтказмаларига ниҳоятда боғланган, чунки турли манбаларга кўра бугунги кунда РФда тахминан 4 млн. ўзбек меҳнат мигрантлари фаолият олиб боришади. 2021 йилнинг ўзида РФда ишлайдиган ўзбек меҳнат мигрантларининг Ўзбекистонга пул ўтказмалари 7,6 млрд долларга етиши кутилганди. Бу мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг деярли 12%га тенг. Мана шу пул оқимининг шартли равишда 20%-30% га қисқариши ва бу қисқариш бошқа манбадан қопланмаслиги мамлакатимиз иқтисодиётига салбий таъсир этиши шубҳасиз.
Россияга қўйилган санкциялар Россияда жиддий инқироз келтириб чиқаришни бошлади. Буни рубль курсининг бошқа хорижий валюталарга нисбатан жиддий равишда қадрсизланишида (бир неча кун ичида салкам 50%га) ва Россия компаниялари акциялари нархларининг кескин тушиб кетганлигида ҳам кўриш мумкин. Рублнинг қадрсизланиши ўз-ўзидан ўзбек меҳнат мигрантларининг доллардаги даромадларининг пасайишига олиб келади. Масалан, рубль 50 фоизга қадрсизланса, бу мехнат мигрантларининг доллардаги даромади бир ой олдингига нисбатан 50 фоизга пасайганини билдиради.
Бундан ташқари, Россияда инқироз истеъмол маҳсулотлари ва хизматларга нисбатан ялпи талабнинг қисқаришига сабаб бўлади. Бу эса ўз-ўзидан Россияда ишсизликнинг ортишига олиб келади. Яъни мигрантларимизнинг даромадлари камайишидан ташқари ишини йўқотиб қўйиши хавфи ҳам кучайиши мумкин.
Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг тахминан 20 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади, шу туфайли, оддий Ўзбекистонликлар истеъмолчи сифатида Россияга нисбатан қўлланилаётган таъсир чоралари, ҳамда мамлакатимизнинг яна бир йирик иқтисодий ҳамкори бўлган Украинадаги урушнинг таъсирини аввало, истеъмол маҳсулотлари нархини ошишида (масалан, ўсимлик ёғи, баъзи озиқ-овқат маҳсулотлари, металл, ёғоч каби қурилиш материаллари нархининг ошишида) сезишлари мумкин.
Аҳолимизнинг умумий даромадлари таркибига назар ташлайдиган бўлсак, республика ташқарисидан келиб тушадиган пул ўтказмалари аҳоли умумий даромадларининг тахминан 15−16% ни ташкил қилишини кўриш мумкин.
Агар алоҳида вилоятлар кесимида олсак, баъзи вилоятларда аҳоли умумий даромадларининг 25 фоизигача айнан республика ташқарисидан, хусусан, РФдан келиб тушган пул ўтказмалари эвазига шаклланади, яъни бу вилоятлар аҳолиси даромадларининг катта қисми Россияда (рублда) олинадиган даромадларга боғланган. Масалан, Сурхондарё вилояти умумий даромадида чет элдан пул ўтказмаларининг улуши тахминан 20 фоизни ташкил этади. Россиядан пул ўтказмалари ҳажмининг, айтайлик, рублнинг қадрсизланиши ва ишсизликнинг ортиши натижасида пасайиб кетиши ўз-ўзидан бу вилоятнинг умумий даромади даражасига таъсир қилади.
Ундан ташқари, инқироз шароитида рублнинг қадрсизланиши туфайли бизнинг маҳсулотларимиз Россия бозорида қимматлашади. Ҳатто баъзи маҳсулотларимиз Россия бозорини тарк этиши ҳам мумкин.
Тез орада сулҳ тузилмаса, бу бизнинг савдо ҳамкорларимиз бўлган Россия учун ҳам, Украина иқтисодиёти учун ҳам аянчли оқибатларга олиб боради. Биз глобал дунёда яшаяпмиз, савдо ҳамкорларимиз иқтисодиётидаги вазият бизни четлаб ўтолмайди. Ўзбекистон иқтисодиётида бу аввало, пул ўтказмаларининг камайиши, экспортни қисқариши, иқтисодий фаолликнинг сусайиши, Россия ва Украинадан импорт маҳсулотларининг кириб келиши чекланиши ва уларнинг қимматлашиши, ишсизлик даражаси ошиши каби оқибатларда кўринади.
Ўзбекистон ушбу ҳолатда қандай чоралар кўриши керак?
Мамлакатимиз иқтисодиётида давлатнинг роли ҳали ҳам жуда катта, буни кескин камайтириш ва хусусий тармоқнинг кучли ўсиши учун қулай муҳит яратиш зарур. Муҳим таркибий ислоҳотларни амалга ошириш керак, буйруқбозлик иқтисодиётидан воз кечиш ва хусусий тармоқда иш ўринлари яратиш учун нима қилиш кераклиги юзасидан тадбиркорлар билан биргаликда чора тадбирлар режасини ишлаб чиқиш керак. Зеро, бизнес вакилларининг иштирокисиз қабул қилинган иқтисодий қарорларнинг иқтисодий самараси паст бўлиши табиий, чунки тадбиркорлик фаолияти олиб бориш учун нима кераклигини, нималар ва қайси кучлар бизнесга халақит бераётганлигини бошида мингта вазифаси ва шунга яраша ташвиши бор хоким ёки вазирдан кўра бизнес фаолият олиб бораётган тадбиркорнинг ўзи яхши билади ва табиийки бу борада жўяли фикр бера олади. Иқтисодиётни ривожланиши мамлакатга хорижий сармоялар, янги техника ва технологиялар кириб келишининг кучайишига ва инвестициялар диверсификациясига, хорижий сиёсий-иқтисодий-ҳарбий ҳамкорларнинг кўпайишига, бошқа мамлакатлардан иқтисодий қарамликни сусайишига (масалан бошқа давлатлардаги мехнат мигрантлари сонининг қисқаришига), мамлакатнинг сиёсий майдонда обрўси ошишига, давлат харбий салоҳиятини ошириш имконияти ортишига, демакки мамлакат мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади. Бугунги кунда бутун кучни иқтисодиётни ривожланишига қаратиш лозим, бунинг учун эса биринчи навбатда коррупцияга қарши курашни жиддий равишда кучайтириш лозим, чунки жамиятни бирлаштирадиган, уни бир бутун-яхлит кучга айлантирадиган нарса бу адолатни таъминлаш десак хато бўлмасак керак. Корпуция эса айнан ана шу нарсанинг илдизига болта уради, жамиятда норозилик ва парокандаликни кучайтиради, мамлакатни ичидан кемиради. Чунки коррупция бирор бир муайян соҳани эмас, барча соҳаларни, шу жумладан таълим соҳасини ҳам, ишлаб чиқаришни ҳам, ҳарбий саноатни ҳам қамраб олади.
Россиядаги меҳнат мигрантларига иқтисодчиларнинг маслаҳатлари
Аввало, ўзбекистонлик ватандошларимиз, токи вазият барқарорлашмагунча Россияга меҳнат мигранти ўлароқ бориш режаларини қилмай турганлари маъқул. Зеро, санкциялар оқибати ўлароқ бу мамлакатда ишсизлик ортади, маошларнинг доллар эквиваленти жудаям пасайиб кетади.
Россиядаги меҳнат мигрантларига эса вақтинча бўлса-да пул ўтказмаларини амалга оширмай турганлари маъқул (чунки пул ўзларига керак бўлиб қолиши мумкин).
Жаҳонгир Имамназаров
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси