Глобал Ислом иқтисодиёти доирасида Австралия ўзининг “Ҳалол” озиқ-овқатлар экспорти билан жуда яхши танилган мамлакат ҳисобланади. 2019 йилда мамлакат Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига* аъзо давлатларга 1,15 млрд АҚШ доллари миқдорида гўшт маҳсулотлари, шунингдек 1,72 млрд АҚШ доллари қийматидаги дон маҳсулотлари, тирик чорва моллари, ҳамда сут маҳсулотлари экспорт қилган.
Мамлакатда биринчи тўлақонли чакана ислом банкининг тез орада ишга туширилиши билан ислом иқтисодиёти янада кучайиши кутилмоқда. Австралия Ислом банки (Islamic Bank Australia) бош ижрочи директори Дин Гиллеспининг (Dean Gillespie) сўзларига кўра, мазкур банк 2021 йил бошида Australia Prudential Regulation Authority (APRA, Австралияда банкларга лицензия берувчи ташкилот) дан лицензия олишга умид қилмоқда.
“COVID кутилмаган вазият бўлди, аммо биз лицензия олиш ва банкни ишга тушириш бўйича иш олиб бормоқдамиз”, дейди Гиллеспи Salaam Gateway нашрига берган интервьюсида. “Шунингдек, биз мижозлар жалб қилиш устида ҳам ишлаяпмиз. Бизнинг мижозлар қаторида бўлиш истагини билдирганлар рўйхати ҳам алақачон шакллантирилган”, дея қўшимча қилиб ўтди Гиллеспи.
Лицензия олгач, Android ва Apple iOS лар учун АИБ ўз дастурини ишга туширади. Фойдаланувчилар ҳайдовчилик гувоҳномаси, паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа хужжатлар ёки дастурлар орқали платформада рўйхатдан ўтишлари мумкин бўлади.
Шунингдек, банк ўз бош офиси жойлашган Сидней шаҳрида шаҳобча (филиал) очишни ҳам режалаштирмоқда.
“Биз шариатга мос депозит, шунингдек муробаҳа ва камайиб борувчи мушорака (“мушорака мутанақиса”) молиявий маҳсулотлари орқали муддатли омонатлар жалб қилиш, ҳамда уй-жой сотиб олишни молиялаштириш каби хизматларни таклиф қиламиз”, деди Гиллеспи. “Узоқ муддатли истиқболда, биз кичик ва ўрта бизнес вакилларини молиялаштириш хизматларини ҳам таклиф қилмоқчимиз”.
Банкнинг узоқ муддатли стратегияси сифатида маблағларни самарали бошқариш, кичик бизнесни молиялаштириш ва маслаҳат хизматларини ҳам таклиф қилиш режалари борлиги айтилди. Гиллеспининг таъкидлашича, АИБ келажакда закот ва вақфга ҳам эътибор қаратади, чунки ислом ижтимоий молияси соҳасида жуда катта имкониятлар мавжуд.
ИСЛОМ МОЛИЯСИ АВСТРАЛИЯДА
«Австралия Ислом банки 2012 йилда австралиялик бир гуруҳ мусулмонлар томонидан тузилган, аммо фақат 2017-2018 йилларга келиб бу лойиҳани амалга ошириш ишлари жадал тус ола бошлаган», дейди Гиллеспи.
Банкнинг шариат кенгаши раиси этиб Австралиянинг Маккуори университети (Macquarie University) юридик факультети доктори, таниқли австралиялик олим Рашид Рашеед (Rashid Rasheed) тайинланган. Буюк Британиянинг Al Rayan банки собиқ бош директори Султон Чоудхури (Sultan Choudhury) эса Австралия Ислом банки директори сифатида иш олиб боради.
Қувонарли томони шундаки, АИБ ислом молиясини жорий этишда маблағ тақчиллиги ёки ислом молияси бўйича билим ва маълумотлар етишмовчиги каби муаммоларга дуч келмаяпти. Австралия ислом молия соҳаси активлари қиймати камида 2 млрд АҚШ долларига тенг бўлиши кутилмоқда. Ҳозирда мамлакатда иккита йирик молия муассасаси – Crescent Wealth ва MCCA ислом молия маҳсулот ва хизматлари таклиф қилмоқда. Бундан ташқари, Австралияда анъанавий молия муассасалари, жумладан, Австралия Миллий банки, Hejaz Financial Services, Amanah, ҳамда Islamic Co-Operative Finance Australia каби молия муассасалари ҳам ислом молияси тамойилларига мувофиқ хизматлар кўрсатиб келишмоқда.
Гиллеспининг сўзларига кўра, АИБ нинг асосий мижозлари Австралиянинг йилдан йилга кўпайиб бораётган мусулмон аҳолиси бўлади. 2016 йилда аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, мамлакатдаги 26 миллион аҳолининг 2,6 фоизини мусулмонлар ташкил қилади. Бу кўрсаткич 2011 йилда 2,2 фоизга тенг бўлган эди. “Юқоридаги кўрсаткич 2021 йилда ўтказиладиган навбатдаги аҳолини рўйхатга олишда 3 фоизгача ўсиши мумкинлиги айтилмоқда. Бунга қўшимча равишда шуни айтиш мумкинки, мусулмон аҳолисининг тахминан 40 фоизи Австралияда туғилган бўлса, қолган 60% муҳожирлар ҳиссасига тўғри келади», дейди Гиллеспи. “Мусулмон мижозлар билан бир қаторда, биз маънавий/ахлоқий жихатлари туфайли мавжуд анъанавий молия тизимидан норози бўлган мижозларга ҳам эътибор қаратмоқчимиз”, дея қўшимча қилди у. Демографик нуқтаи назардан, рақамли банк мижозлари одатда, 20-50 ёш орасидаги аҳоли ҳисобланади. АИБ биринчи навбатда, ўз омонатларига эга бўлишни хоҳлайдиган 20-30 атрофидаги ёшларни қамраб олишни мақсад қилмоқда.
МУНОСАБАТ
Молия саноати ва мижозларнинг АИБ га бўлган муносабати, умуман олганда ижобий бўлмоқда. Мельбурн шаҳрида яшовчи, меҳмонхона соҳасига ускуналар этказиб бериш билан шуғулланадиган халқаро компания ходими Ҳалима Татяна Крейвен (Halima Tatiana Craven) АИБга қизиқаётганлигини айтиб ўтди. “Мен Австралияда Ислом банки ташкил топиши учун шунча вақт кетганига ҳайронман. Банк очилиши биланоқ унинг хизматларидан фойдаланмоқчиман. Ҳозирда мусулмон аҳолига (банкларда) яхши хизмат кўрсатилмайди ”, дейди у.
Австралия Ислом молияси маркази (the Australian Centre for Islamic Finance (AUSCIF)) директори Алмир Чолан (Almir Colan)нинг таъкидлашича, АИБ ташкил этилгани яхши янгилик, чунки рақобат ислом молия соҳасига, ҳамда бутун жамият ривожига катта ҳисса қўшади.
МУАММОЛАР
АИБ нисбатан ёш ислом молия бозорига кираётгани учун бир қатор муаммоларга ҳам дуч келиши мумкин. Дубайда жойлашган Amanie Advisors компанияси (бу компания Ислом молияси ва банкчилиги бўйича консалтинг хизматлари кўрсатиш билан шуғулланади) бош директори Майя Марисса Малек хонимнинг таъкидлашича, истеъмолда кенг қўлланиладиган баъзи шартнома ва битимларни мавжуд қонунчиликка мослаштиришда қийинчиликларга дуч келинмоқда. “Якунда шариат қоидаларини бузмасдан, шу билан бирга Австралия қонунларига риоя қилган ҳолда ишлаш ва ижобий иқтисодий натижага эришиш учун баъзи қўшимча ўзгаришларни амалга ошириш керак”, деди ислом молияси бўйича эксперт. “Демак, ушбу жараён кўпроқ вақт талаб қилади.” Татбиқ қилиш билан боғлиқ муаммолардан ташқари, Австралия солиқ тизими ислом молияси маҳсулоти ва хизматларининг анъанавийлардан кўра қимматроқ бўлишига олиб келади. “Австралиядаги ислом молияси учун баъзи қийинчиликлар айнан солиқ сиёсати билан боғлиқ, чунки ислом молияси тамойилларига мувофиқ бўлган шартнома ва битимларни амалга оширишда мавжуд солиқлар ислом молия маҳсулотларини анъанавийдан кўра қимматроқ бўлишига сабаб бўлади, бу эса уларнинг молия бозоридаги рақобатбардошлик даражасига таъсир қилиши мумкин”, дейди Малек хоним. Унинг сўзларига кўра, Ислом молиясининг рақобатбардошлигини ва анъанавий молия билан тенг шароитларда ишлашини қонунчилик орқали таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. “Ўзгариш учун вақт талаб қилиниши мумкин, чунки у ҳукумат даражасидаги узоқроқ давом этадиган жараёнлардан ўтиши керак”.
Албатта бу ҳолат Австралиянинг ўзигагина хос эмас, бошқа жойларда ҳам янги ёки ёш ислом банк тармоғи бундай вазиятларга дуч келади. АИБ директори Султон Чоудхурининг Буюк Британиядаги биринчи чакана ислом банки (Al Rayan Bank, аввалги номи Islamic Bank Of Britain бўлган) очилган вақтдан бошлаб (2004 йил) 2019 йилгача бўлган муддатда орттирган тажрибаси жуда асқотиши мумкин.
КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР
“Кўпгина анъанавий банклар ўз фаолиятининг қарийб 50 фоизини депозитлар ҳисобидан молиялаштиради”, дейди Алмир Чолан. “Қолганлари эса сармоя/пул бозорлари каби бошқа жойлардан жалб қилишади. Шундай қилиб, агар АИБ беш йил ичида депозит ҳисобига уй-жойни молиялаштиришга бўлган талабнинг 25 фоизини қондира олса, мен буни жуда катта муваффақият деб биламан”.
“Мижозлар ва молия муассасаси ўртасида ишонч пайдо бўлганда уларнинг рақамли платформага ўтишлари осонроқ бўлади”, дейди у.
АИБ НИНГ УЗОҚ МУДДАТДАГИ РEЖАЛАРИ
Гиллеспининг айтишича, дастлабки режа уч йил ичида банкни ишга тушириш ва унинг фаолиятини кенгайтиришдир. У АИБ анъанавий банклар ва ислом молияси маҳсулотларини таклиф этувчи бошқа муассасалар билан рақобатбардошлигини таъкидлади. “Бизнинг маҳсулот ва хизматлар нархи арзон, шунинг учун биз харажатларимизни паст даражада ушлаб, тезроқ фойдага киришимиз мумкин”, деди у.
Ҳозирда АИБ ўсиш учун кўпроқ маблағ/сармоя йиғмоқда ва бу масалада БАА ва Осиёдаги бошқа инвесторлар билан музокаралар олиб борилмоқда, дейди бош директор. Кейинги 12-18 ой ичида муассаса 50 кишини иш билан таъминлайди, келажакда бу рақамлар яна ортади. Гиллеспининг сўзларига кўра, узоқ муддатли истиқболда АИБ ўз олдига қўйган мақсадлардан ҳам ортиқроқ натижага эришишни режалаштирмоқда.
“Биз Австралияда муваффақият қозонганимиздан сўнг, Янги Зеландия ва Канада каби мамлакатларга киришни кўриб чиқамиз”, дея Гиллепси сўзларини якунлади.
«Ислом молияси» саҳифасининг ушбу масала юзасидан баъзи мулоҳазалари:
Кўриб турганимиздек аҳолисининг бор йўғи 2,6 фоизи мусулмон бўлган Австралия «ҳалол» маҳсулотлар бозорининг пешқадам экспортчиларидан бири ва шунингдек мамлакатда бир нечта ислом банки ва ислом дарчалари фаолият бошлаш арафасида. Аҳолисининг 90% дан зиёди мусулмон бўлган Ўзбекистонда эса бирорта ислом банки йўқ, ва ачинарлиси ушбу йўналишда фаолият олиб бориш учун тегишли қонунлар ҳам ҳали ишлаб чиқилмаган. Австралия мисолида кўриш мумкинки, ислом банки очишга тегишли рухсатлар олинди дегани ҳали тўлақонли фаолият бошланди дегани эмас, балки бу йўналишда биринчи қадамлар қўйилди дегани. Бу жараён бир неча йил давом этиши ҳам мумкин. Бу эса, ушбу йўналишдаги тегишли ишларни бу йил бошлаган тақдиримизда ҳам, эҳтимолий хорижий сармоядорлар маблағларини жалб қилиш кейинги йилга ёки ҳатто ундан кейинги йилларга қолди дегани. Биз қанча кеч бошласак ички ва ташқи инвестицияларни, аҳоли жамғармаларини расмий банк-молия тизимига жалб қилиш масалалари шунча орқага сурилаверади. Ваҳоланки бу соҳанинг истиқболи бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам жуда катта, чунки яқинда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури билан ҳамкорликда ўтказилган тадқиқотимиз ушбу тармоқнинг сўнгги 10 йил ичидаги (жаҳон миқиёсида) ўртача йиллик ўсиш жуда юқори даражада эканлигини, аҳолимизнинг 75% ва мамлакатимиз бизнес вакилларининг 61% Ўзбекистонда ислом молия муассасалари иш бошласа ёки ислом молия хизматлари таклиф этилса, танлашга тайёр эканликларини билдиришган.
Замонавий рақамли банклар фаолиятининг дунё бўйлаб кучайиши ҳам банк-молия соҳасида катта ўзгаришлардан дарак беради. Эслатиб ўтиш жоиз, жорий йилнинг иккинчи ярмида бизнинг мамлакатимизда ҳам “Анор банк” деб номланувчи биринчи рақамли тижорат банки Ўзбекистон Марказий банки лицензиясини олди. Агар Ўзбекистонда ислом молияси ва банкчилигини ривожлантириш бўйича тегишли қонунлар қабул қилинса бизнинг мамлакатимизда ҳам АИБ каби рақамли ислом банклари очиш мумкин бўлади, бу эса шиддат билан ривожланаётган ахборот технологиялари соҳаси билан молия соҳаларининг ўзаро боғликлигини ва янада ривожланишини таъминлаши мумкин.
*ИҲТга аҳолисининг аксарияти мусулмонларни ташкил қилувчи 57 мамлакат аъзо.