Ушбу қоида савдо битимларида танлов ҳуқуқи, яъни келишувни амалга ошириш ёки бекор қилиш ҳуқуқи ҳақидадир.
Ихтиёрий танловнинг қуйидаги 7 тури мавжуд:
1. Мажлис макони/жойи танлови
Мажлис – савдо битими тузиладиган жойдир. Яъни сотувчи ва харидор савдо битими амалга оширилаётган жойда ҳозир экан, икки томон ҳам у ерни тарк этмай туриб келишувни тузиш ёки ундан воз кечиш ҳуқуқига эга.
Масалан, харидор сотувчи билан битим тузиб бўлди, дейлик (яъни таклиф ва қабул юз берди), шу пайтда харидорнинг бизнес ҳамкори қўнғироқ қилиб, зудлик билан бошқа иш учун пул кераклигини айтади. Ана шу пайтда, яъни сотувчи ва харидор мажлис жойини тарк этмай (мажли тарқамай туриб), харидор келишувни бекор қилишга ҳақлидир. Бу, Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва салламнинг харидор ва сотувчи тарқалмасларидан туриб келишувни бекор қилиш ихтиёрига эга эканликлари ҳақидаги ҳадисларидан келиб чиқади.
Хўш, тарқалиш (мажлисни тарк этиш) деганда нима назарда тутилади? Ҳозирги замонда қандай ҳолатни тарқалиш деб тушунса бўлади? Аввало, тарқалиш ихтиёрий бўлиши лозим. Яъни, мажбуран тарқалишлик ҳисобга ўтмайди ва бу ҳолатда битим амалга ошмаган саналади.
2. Шарт билан боғлиқ танлов
Мазкур қоида (шарт) томонлар (ёки улардан бири) битим тузилганидан бошлаб маълум бир (белгиланган) муддатда келишувни бекор қилишга ҳақли эканини англатади.
Масалан, кўп дўконларда сотиб олинган маҳсулотни маълум муддат ичида қайтариб бериш/топшириш имконияти бор. Бу, харидорда харидни қайтариб бериш (олди-сотди битимини бекор қилиш) ҳуқуқи мавжуд бўлган ҳолатдир. Бунда белгиланган муддат ичида келишув ижроси томонлар (ёки улардан бири) учун мажбурий бўлмайди (бир томон учун жоиз ёки лозим ва бошқа томон учун жоиз).
Бу масалада ихтилоф йўқ. Уламолар фақат (белгиланган) муддатнинг қанча давом этиши борасида аниқ тўхтамга келмаганлар. Айрим олимлар 3 кунлик муддат жоиз деб ҳисобласалар, бошқалари муддат маҳсулот турига қараб белгиланишини айтадилар, яна бир тоифа уламолар муддат давомийлиги томонлар келишувига боғлиқ, деган фикрни илгари сурадилар.
Бунда, харид қилган томон/томонлар ўша белгиланган муддат ичида харид қилинган молни тасарруф этишга/ундан фойдаланишга ҳақлими, деган савол келиб чиқади. Бунда 3 хил вазият бўлиши мумкин:
– Хияру уш-шарт –ихтиёр ҳуқуқи иккала томонда ҳам бўлган ҳолат.
Бунда томонлар белгиланган муддат ичида маҳсулотни тасарруф қилиш тақиқланади. Яъни, молни олдинги харидордан юқорироқ нархга олиш ниятида бўлган бошқа бир харидор чиқса ҳам, сотувчи молини унга беришга ҳақли эмас, чунки танлаш ҳуқуқи биринчи харидордадир.
Бу шарт маҳсулотни сотиб олган биринчи харидорга ҳам тааллуқлидир. У ҳам белгиланган муддат ичида маҳсулотни бировга сотиб юбора олмайди. Бу тақиқ, иккала томоннинг ҳам ихтиёрий танлов ҳуқуқи борлиги билан боғлиқ. Унга кўра, томонлардан бири маҳсулотни бошқа бировга сотса, нариги тараф ҳаққига хиёнат қилган бўлади. Молни фақат иккинчи томон розилиги билангина (учинчи томонга) сотиб юбориш мумкин.
Ушбу ҳолатни оладиган бўлсак, сотувчи биринчи харидорни огоҳлантириб (а), ва келишувни бекор қилишга унинг розилигини олгандан кейингина (б) молини янги харидорга сотиши мумкин. Мана шу, харидорнинг хариддан ва ўзининг танлов ҳуқуқидан воз кечганлигига далил бўлади.
– танлов ҳуқуқи харидорда бўлган ҳолат.
Бунда сотувчи белгиланган муддат ичида молини бошқа бировга сота олмайди. Бироқ харидор молни ўзи истаганича тасарруф этиши мумкин. Бу – унинг ҳуқуқи.
– танлов ҳуқуқи сотувчида бўлган ҳолат.
Айрим олимлар фикрича, бу вазиятда савдо амалга ошиб бўлгани учун сотувчи уни тасарруф қилишга, яъни бошқа бировга сотишга ҳақли эмас. Бироқ бошқа олимлар сотувчида танлов ҳуқуқи бўлгани боис у белгиланган муддатда молини истаганича тасарруф қилиши мумкин, деган фикрли илгари суришади ва бу фикрни мантиққа яқинроқ дейиш мумкин.
Аммо баъзан шундай вазият бўладики, бунда сотувчи ўзига ўзи танлов ҳуқуқини белгилаган бўлади. Молнинг сотилганидан хабардор бўлган бошқа бир харидор эса унга мурожаат қилиб, “мен бу молингизни қимматроққа сотиб оламан, сизда молингизни қайтариб олиш ҳуқуқи бор-ку”, дейиши мумкин. Фиқҳга кўра, харидорнинг бу тарздаги ҳатти-ҳаракати ман этилган, яъни бу мусулмон биродарнинг савдоси устига савдо қилиш ҳисобланади. Бу вазият янги харидор ўзидан олдинги келишувни қасддан бекор қилдиришга уриниш сифатида баҳоланади.
Бироқ сотувчи танлов ҳуқуқи бўлгани учун белгиланган муддат ичида молини бошқа харидорларга қимматроққа таклиф этишга ҳақли ва бундай савдо битими амалга ошган тақдирда, ҳақиқий ҳисобланади. Чунки, бу ҳолда бирламчи келишув қасддан бузилмаяпти, балки сотувчи битим ижроси мажбурий бўлмаган муддат ичида ўз танлов ҳуқуқидан фойдаланмоқда холос.
САВОЛ: Қандай ҳолатда танлов ихтиёри (хияру аш-шарт) якунига етади?
1. Белгиланган муддат (масалан 5 кун) якунига етганда;
2. шарт қўйган томон (ёки лар) ўз шартидан воз кечса;
Дейлик, харидорнинг танлов учун 5 кунлик муддати бўлган, яъни шу 5 кун ичида молни қайтариш ҳуқуқига эга. У молни олгандан кейин 2 кун ичида сотувчи билан боғланиб, “Мен молни қайтариш ҳуқуқимдан воз кечаман”, дейди. Шу тарзда битим иккала томон учун мажбурий тус олади, ва харидор 5 кун муддат ичида фикридан қайтиб қолса ҳам, молни қайтариб бера олмайди.
3. Танлов шартини қўйган тараф молни бошқа бировга сотса ёки ҳадя қилиб юборса;, унда бу танлов имконияти якунланганлигини билдиради.
Агар хияру аш-шарт икки томондан ҳам қўйилган бўлса, у ҳолда молни тасарруф қилмоқчи бўлган томон иккинчи томоннинг ушбу қарорга розилигини олиши зарур бўлади, шунда танлов ихтиёри (хияру аш-шарт) якунига етган ҳисобланади.
3. Маҳрум этиш билан боғлиқ танлов
Бу вазиятда сотувчи, айтайлик, нархи 1 млн. сўм бўлган молни 2 млн. сўмга сотади, ёки харидор нархи 2 млн.сўм бўлган молни 1 млн. сўмга олади. Яъни, бир томон иккинчисини маҳрум қилади. Бу ҳолда маҳрум бўлган томонда танлов ҳуқуқи пайдо бўлади.
Маҳрум қилиш/бўлишликни қандай аниқлаш мумкин? Маҳрумлик – молни асл/одатий/муносиб қийматидан кескин фарқ қиладиган нархга сотиш/харид қилишдир. Бундай “устама” маҳрумлик ҳисобланади.
Нарх нуқтаи назаридан бозорда сотиладиган маҳсулотларнинг икки турга ажратиш мумкин:
1. Нархи маълум/одатий бўлган моллар.
Агар сотувчи харидорнинг соддалик қилиб, молни анча қиммат нархга олиши мумкинлигини тушунса ва молини унга одатдагидан (яъни сотилаётган нархидан) қимматга сотса, у ҳолда харидорни ҳаққоний нарх-наводан маҳрум қилган ҳисобланади.
Бундай ҳолатда, соддалик қилган харидор келишувни бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
2. Эркин/ўзгарувчан ёки турли сотувчиларда нархи турлича бўлган маҳсулотлар. Масалан, бир сотувчи маҳсулотни 1 млн. сўм, бошқаси 1,5 млн. сўм, яна кимдир 2 млн.сўмга сотиши мумкин. Бунда сотувчи молини ҳаддан зиёд қиммат нархда сотсагина маҳрум қилиш ҳолати юзага келади. Маҳсулотнинг ўта баланд нархда сотилганини исботлаш қийин эмас. Бу вазиятда ҳам харидор келишувни бекор қилишга ҳақли бўлади.
Бироқ таъкидлаш жоизки, маҳрум қилиш кўламини устама миқдори билан ўлчаш хатодир. Яъни, айримлар таннархнинг учдан бири миқдоридан юқори устама қўйиш мумкин эмас ёки 50% дан кўп устама қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблайдилар. Бундай фикр нотўғри. Бозор нархида устаманинг чегараси бўлмайди, яъни нарх-наво бозорнинг ўзида шаклланади. Неча фоиз устама қўйиш сотувчининг ўзига ҳавола, сабаби, нарх-навонинг белгиланишига кўплаб омиллар сабаб бўлади.
Ва бу ҳолатда маҳрум бўлган харидор танлов ҳуқуқига эга: ёки келишувни бекор қилиб, молни сотувчига қайтариб, пулини қайтиб олади, ёки молни ўзида қолдиради.
Биз мақоламизнинг аввалги қисмларида маҳрум қилишнинг турли кўринишларини айтиб ўтганмиз. Масалан махаллий тожирларнинг (олиб-сотарлар) қишлоқдан маҳсулот олиб келаётган деҳқонларнинг йўлига чиқиб улар бозордаги нарх-навони билмасидан туриб уларнинг молини арзон-гаров сотиб олиши ҳам маҳрум қилишга киради.
Маҳрум қилишнинг яна бир кўриниши араб тилида “нажш” деб аталади, бунда мол олиш нияти бўлмаган одам ўзини харидорга солиб молни нархини кўтаради (бундай одамлар одатда сотувчи бн келишиб иш қилишади), натижада бошқа ҳақиқий харидорлар бу қилвирликка ишониб молни ҳақиқий нархидан юқори нархга сотиб олишади. Бундай қилвир ишлар асосан машина ёки уй-жой бозорларида юз беради.
Агар бу ҳолатда сотувчи билан нархни сунъий оширишга хизмат қилган одам келишиб иш қилганлиги маълум бўлиб қолса, у ҳолда харидор битимни бузиш ҳуқуқига эга бўлади.
Сулаймон Ар-Руҳайлийнинг “Савдога оид фиқҳий қоидалар” китоби асосида тайёрланди