Ушбу мақолада коронавирус пандемиясининг анъанавий ва ислом молиясига қай тарзда таъсир қилишини уч (3) ҳолат таҳлили (case study) мисолида кўриб чиқамиз. Биринчи ҳолатда, жорий инқироз шароитида анъанавий ипотека ва ислом молияси асосида уй-жой сотиб олишнинг нарх-наво шаклланиши ва иқтисодиёга қандай таъсир қилиши кўриб чиқилади. Иккинчи ҳолатда, анъанавий “фьючерс” шартномаларига асосланган (яъни валюта, қимматбаҳо қоғозлар ёки бошқа бир маҳсулотни келажакда етказиб бериш шарти билан биржада тузилган шартнома) нефт бозорларининг беқарорлиги муаммоси ва ушбу бозорларни ислом молияси тамойиллари асосидаги шартномалар орқали барқарорлаштириш имкониятлари ўрганилади. Ва ниҳоят, учинчи ҳолатда иқтисодий инқироз анъанавий акциялар ва ислом молияси қимматли қоғозлари даромадлилиги ва барқарорлигига қандай таъсир қилиши ва бунинг асосий сабаблари ҳақида сўз юритилади.
Кириш
Ислом молиясининг анъанавий молиядан фарқи фақатгина ундаги ахлоқий тамойиллар ва исломда судхўрлик (рибо)нинг таъқиқланганлигида бўлмасдан, балки ислом молиясининг иқтисодий фаолият билан узвий боғлиқлигида ҳамдир. Ушбу фарқ иқтисодий ўсиш шароитида унчалик кўзга ташланмасада, иқтисодий – молиявий инқироз шароитида ўзини яққол намоён этади. 2008 йил Бутунжаҳон молиявий инқирози каби 2020 йилги коронавирус пандемияси билан боғлиқ инқироз ҳам кўп мамлакатлар иқтисодиётини тушкун (депрессия) ҳолатга келтириб қўйди. Шундан келиб чиққан ҳолда тақиқотчилар анъанавий ва ислом молияси тизимига иқтисодий-молиявий инқироз қандай таъсир қилиши ҳақида ўйлашлари, бунинг сабаблари ва натижаларини таҳлил қилишлари табиий. Шу сабабли биз ҳам ушбу мақолада қуйидаги саволларга жавоб топишни мақсад қилганмиз:
1. анъанавий ва ислом молия тизими инқироз ҳолатига мослашувчанглиги бир хилми?
2. рўй бераётган коронавирус пандемияси ҳолатидан қандай хулосалар чиқарамиз?
Ушбу саволларга жавоб бериш мақсадида, мақолада ҳозирги иқтисодий инқироз ҳолати анъанавий ва ислом молиясига қай тарзда таъсир қилишини юқорида айтиб ўтганимиздек уч (3) ҳолат таҳлили (case study) мисолида кўриб чиқамиз. Ушбу «ҳолатлар” имкон қадар амалий фактларга ва бошқа ҳолларда мустаҳкам назарияга асослангандир. Мақола якунида юқоридаги ҳолатлардан олинадиган назарий ва амалий хулосалар, ва баъзи муҳим иқтисодий тавсиялар келтирилади.
I қисм. Анъанавий ипотека ва ислом молияси асосида уй-жой сотиб олишда инқирозга мослашувчанлик ва уларнинг уй-жой нархларига таъсири
Анъанавий ипотекада инқироздан олдин ва кейин қуйидаги ҳолатларни кузатиш мумкин:
Инқироздан олдин: уй-жойлар нархи ошганлиги туфайли молиялаштириш нархлари (яъни фоиз даражаси) тушади ва кредит бўйича талаблар юмшатилади, натижада кредит миқдори кўпаяди, уй-жойга бўлган талаб ва уларнинг нархлари ошади.
Инқироздан кейин: уй-жойлар нархи тушганлиги туфайли молиялаштириш нархлари ошади ва кредит бўйича талаблар кучайтирилади, натижада кредитлар миқдори камаяди, уй-жойга бўлган талаб ва уларнинг нархлари ҳам тушади. Ундан ташқари қарздорлик ёпилмаган ипотекалар мусодара қилинади ва иккиламчи бозорда сотилиши натижасида уй-жой нархлари яна ҳам тушиб кетади (бунинг яққол мисолини 2008 йилдаги АҚШ ипотека инқирози мисолида кўриш мумкин). Оқибатда кўплаб ипотека мижозлари зарар кўради, инқироз ҳолати чуқурлашади.
Энди эса ислом ипотекасини Мушарака мутанақиса (камайиб борувчи шерикчилик) мисолида кўриб чиқамиз. Бунда аввало Мушарака мутанақисанинг қисқача таърифини бериб ўтсак фойдадан ҳоли болмайди. Ушбу ислом молия маҳсулоти доирасида ислом банки (ИБ) ва мижоз, уйга эгалик қилишда ва ундан келадиган фойда ва зарарда шерик ҳисобланади. Мижоз уйнинг ИБга тегишли қисмини (яъни ИБнинг улушини) ижарага олади ва аста секин ИБнинг қисмини бозор нархида сотиб олади ва шу орқали ўз эгалик ҳиссасини оширади. Мижознинг ҳиссаси ортган сайин ижара бўйича тўловлар камайиб боради ва охирги ҳисса мижоз тарафидан сотиб олингач шерикчилик якун топади (1-расм).
Бу ерда эътибор бериш керак бўлган асосий нарса шуки, тўловлар (уй нархи+ижара ҳақи) бозор нархида белгиланиши керак, яъни шундай жойдаги, шу каби уйга бериладиган нархда бўлиши лозим. Бунинг учун икки томон ҳар сафар уйни бир қисми сотиб олинаётганда, бозор нархларини аниқлаб шунга мос равишда тўлов миқдорини белгилашлари, ёки тўлов миқдорини бирор бир индексга (кўрсаткичга) боғлаб қўйиб, ҳар сафарги тўловни шу кўрсаткичга мос равишда амалга ошириб борилишига келишиб олишлари мумкин.
Бу ерда ИБ ва мижоз фойда ва зарарда шерик бўлганлиги учун ислом банкининг ҳаракатлари анъанавий банкларникидан анча фарқ қилади. Шунинг учун ислом молияси асосида уй-жой сотиб олишни молиялаштиришда инқироздан олдин ва кейин қуйидаги ҳолатларни кузатиш мумкин:
инқироздан олдин: уй-жой нархлари ошганлиги туфайли ижаранинг фойда даражаси (margin/маржа) тушади ва уй харидидан зарар кўриш эҳтимоли ошади, натижада ИБ молиялаштириш талаблари кучайтирилади, молиялаштириш миқдори камаяди, уй-жойга талаб камаяди ва нархлар тушади.
инқироздан кейин: уй-жой нархлари тушганлиги туфайли ижараннинг фойда даражаси ошади ва уй ҳаридидан фойда кўриш эҳтимоли ошади, натижада молиялаштириш талаблари сусайтирилади, молиялаштириш миқдори кўпаяди, уй-жойга бўлган талаб ва нархлар ошади.
Бунинг барчаси банк мижоз билан фойда ва зарарда шерик бўлганлиги учун рўй беради. Бу жараён, банклар ва бошқа кредит ташкилотларининг уй-жой бозоридаги нархлар ҳолатига (яъни ўсиш-тушишига) бўлган эътиборини оширади ва шу орқали уй-жой бозорида пуфак ҳосил бўлишини олдини олади. Ундан ташқари ИБ қарзини тўлашга қодир бўлмаётган ипотекаларни мусодара қилишга шошилмайди, чунки ИБнинг уй-жойдаги шериклик қисмидан ортиқ пул талаб қилишга ва олишга ҳаққи бўлмайди. Бунинг ўрнига ИБ мижозга унинг уйдаги ҳиссасини сотиб олишни кечиктириш ёки ҳатто ижари ҳаққи қимматлик қилса уни бошқа кишига ижарага беришни таклиф қилиши мумкин. Бу орқали уй-жой нархлари яна ҳам тушиб кетиши ва молиявий қийин аҳволдаги мижозларнинг зарар кўриши олди олинади. Бу эса инқироз ҳолатининг енгилашувини таъминлайди. Мушорака мутанақиса ҳамда анъанавий ипотекада даромадларнинг 5 фоизга ўзгариши уй-жой нархларига қандай таъсир қилиши мумкинлигини қуйидаги 2-расмда кўриш мумкин.
Муаллиф: Аълам Асадов, иқтисодиёт фанлари доктори
Саудия Арабистони Prince Sultan Университети