Мақоламизнинг аввалги қисмларида мушорака ва мудорабанинг моҳиятини, ҳамда ушбу битимларни тартибга солувчи шариат тамойилларини анъанавий нуқтаи назардан очиб беришга харакат қилдик. Мана энди, замонавий савдо, ишлаб чиқаришни молиялаштиришда улардан қандай қилиб фойдаланиш мумкинлигини кўриб чиқамиз.
Ислом фиқҳига оид китобларда мушорака ва мудораба битимлари шериклик асосидаги бизнес фаолият учун мўлжалланганлигини, ҳамда ушбу корхона доирасидаги шерикчилик бизнесда бошидан бошлаб охиригича, яъни бизнес якунига етиб ўртадаги мулк шериклар ўртасида бўлинмагунча давом этиши кўзда тутилганлигини кўриш мумкин. Шу билан бирга ушбу китобларда фаолият юритиб турган бизнесга унинг фаолияти давомийлигига таъсир қилмаган ҳолда шерикларнинг қўшилиши ва тарк этиши масаласини учратиб бўлмайди. Бундан, илгариги пайтларда йирик бизнес русум бўлмаган, тижорат фаолияти ҳам бугунгидек мураккаб бўлмаган, шунинг учун ҳам ушбу китобларда амалдаги бизнесга доир масалаларга тўхтаб ўтирилмаган бўлиши керак деб хулоса қилиш мумкин.
Албатта бу, мушорака ва мудораба битимларидан амалдаги бизнесни молиялаштириш учун фойдаланиб бўлмаслигини англатмайди. Мушорака ва мудораба битимлари муайян (асосий) тамойилларга асосланади. Токи ушбу тамойилларга тўлиқ риоя қилинар экан, уларни қўллаш давомида ушбу битимларнинг баъзи жиҳатлари ўзгаришининг муаммоси йўқ. Келинг ушбу жиҳатларга ўтишдан аввал ушбу асосий тамойилларни кўриб чиқайлик:
- мушорака ва мудораба битимлари асосида молиялаштириш, бу пул тақдим қилиш дегани эмас, балки бизнесда иштирок этиш, мушоракада эса шунингдек бизнесдаги мол-мулк (активлар)да ҳам киритган самоясига яраша улушга эга бўлиш дегани;
- сармоядор ўзи киритган сармояга мос равишда бизнес фаолият доирасида кўрилган зараларга ҳам шерик бўлиши керак;
- шериклар ўзаро келишган ҳолда фойда нисбатини келишиб олишлари мумкин ва бу нисбат уларнинг киритган сармояси нисбатидан фарқ қилиши ҳам мумкин. Аммо бизнесда фаол иштирок этмаётган шерикнинг фойдадаги улуши унинг бизнесга киритган сармояси улушидан кўп бўлмаслиги керак;
- кўрилган зарар шериклар ўртасида улар киритган сармояга мутаносиб равишда тақсимланади.
Мана энди, мақоламизнинг кейинги қисмларида ушбу тамойилларни инобатга олган ҳолда, қандай қилиб мушорака ва мудораба битимлари турли тармоқлар доирасида молиялаштириш учун қўлланишини кўриб чиқамиз.