Тавсифи
Гардкамчиликка асосланган ўйинларни англатувчи арабча “қимор” сўзига (“майсир” атамаси ҳам шу маънода ишлатилади) бир нечта таърифлар берилган. Абу Убайд: “Хатарли ушбу ўйинда қайси гуруҳ бошқаларнинг мулки(маблағи)ни олиб кетиши маълум бўлмайди[1]” деган. Ал-Балий эса: “Ғолиб мағлубнинг мулкини оладиган ҳар қандай ўйин шундай деб аталади[2]” дейди. Абу Бакр ибн ал-Арабий: “Бир киши бошқасига ўйин натижасида ютган мулкни олиши таклиф этилган бирон-бир иш ёки сўз беллашуви[3]” деб айтади. Шундай қилиб, “қимор” – иштирокчилар ўртасида беллашув ва рақобат, хатарга асосланган муносабат бўлиб, унда ғолибнинг мукофоти мағлубнинг мулки эвазига пайдо бўлади.
Қимор ўйинларининг фойдаси тўғрисида
Аллоҳ таоло Қуръони кариймда шундай марҳамат қилади:
“Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт”… (Бақара сураси, 219-оят).
Қимор ўйинларидан қандай манфаат топиш мумкин?
– инсон шахсиятини намоён қилиш, баҳсда ютиб чиқиш орқали ўз кибру-ҳавосини қаноатлантириш, ўйин-кулгу, хурсандчилик, сайру-тамоша, беллашувга бўлган иштиёқларини қондириш;
– мағлубнинг мулкини ютиб олиш имконияти;
– шуҳрат қозониш имконияти;
– ташкилотчилар учун даромад (ташкилотчи жамоат ташкилоти ёки хусусий шахс бўлиши мумкин);
– камбағаллар учун даромад (хайрия лотереялари ўтказилган тақдирда);
– давлат хазинасига тушумлар (қиморхона эгалари, ташкилотчилар ва ғолиблар олган фойдадан йиғилган солиқлар ҳисобига).
Қимор ўйинларининг зарари
– ҳалол мехнат қилмасдан тасодифий омад ҳисобига пул топиш одатининг шаклланиши;
– дангасаликка кўникиш;
– ўрганиб қолиш, яъни худди хамр ёки гиёҳванд моддалар сингари қимор ўйинлари инсонни қамраб олади ва аста секин ўз домига торта бошлайди. Баъзан мана шундай майл ҳаддан зиёд ўрганишга, яъни берилиб кетишга олиб боради – ўз бутларига содиқлардагина шундай бўлади.
Айнан шу сабабларга кўра, қимор ўйинлари Аллоҳ таоло томонидан Қуръони каримда хамр, бутлар ва фол чўплари билан бир қаторда ёдга олинади.
“Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!” (Моида сураси, 90-91 оятлар)
Инсон ютқазиши билан унда қайта ўйнаш, ўзи учун “қасос” олиш, обрўсини сақлаб қолиш ва ютқазган пулларни қайтариб олиш фикри пайдо бўлади. Агар ютиб олса, ўйинни яна давом эттириш, ғалабадан шавқланиш, ўзидан ғурурланиш, унда янада кўпроқ шуҳрат ва пул топишни истаги пайдо бўлади, агар ютқазган кишининг чақириғини қабул қилмаса, қўрқоқ деб ном чиқаришдан чўчийди;
– ўйин сўкиниш, уят сўзлар айтиш, номақбул гаплар билан бўлади. Юрак илтифотсиз бўлиб қолади, киши намоздан, диний ва маиший мажбуриятлардан чалғийди (хусусан, оила ва болалар олдидаги мажбуриятларга беэътиборлик қилишни бошлайди);
– қимор ўйинлари – иқтисодий фаолият эмас, бунда жамият бойимайди, пуллар бир қўлдан иккинчисига ўтади, холос;
– қимор ўйинлари оилаларнинг бузилишига, инсонларни жиноятга етаклайди(ўғрилик, ўз-ўзини ўлдириш, амалдорларга пора беришга, уларни эса пора ҳисобидан яшашга ўргатади;
– лотерея ўйнайдиганларнинг аксарияти аҳолининг камбағал қатламига тааллуқли бўлади;
– ютганлар жуда кам, ютқазганлар эса жуда кўп бўлади.
Нашрлардан бирининг хабарига кўра, бир араб тадбиркори Франциядаги казинода бир кечада 14 млн. долларни совуришга улгурган экан!
Вашингтондаги Уитмен коллежи математика профессори Ларри Андерсон айтади, “Ҳар бирига 100 минг киши сиғадиган 35 та футбол майдонини кўз олдингизга келтиринг. Ҳар бир мухлис ўриндиғида рақам бор. Шундай қилиб, танлов ғолиби 3 500 000 рақам ичидан тасодифий тарзда танлаб олинади. Сизни бунинг учун ўзининг пулини тўлаб, ғолиблик ўрни учун курашишга мажбур қила олган реклама компанияси қандай бўлишини энди кўз олдингизга келтира оляпсизми? Мана сиз телевизорда охирги лотерея ғолиби ўзининг таътилини мафтункор дам олиш жойида қандай ўтказаётганини кўриб турибсиз. Аммо ўйин тугаши билан сиз ҳамма ютқазганини, фақат бир киши ютганини биласиз. Барча томошабинлар, барча мухлислар, барча қатордагилар… Шовқин тинди, умидлар сароб бўлди, 3 499 999 киши бу ўйинда ютқазди. Лотерея ташкилотчилари биз тўлаган пулларни йиғиб олдилар, биз эса ҳеч нарса ололмадик. Улар бизнинг ҳис-туйғу ва орзу-истакларимиз билан ўйнашдилар. Биз мана шу баҳсга рози эдик, лекин ҳеч ким бизга ютиш ва мағлуб бўлиш нисбати 1 га 3 500 000 эканини айтмади, биз ҳатто унга эътибор ҳам бермадик… Шубҳасиз, кўплаб бечоралар тез ва осон бойиб кетиш умидида лотереяларда қатнашади. Тижорат рекламаси фақат уларнинг қизиқишларини кучайтиради ва ушбу бечораларга ҳар қандай қийинчиликдан ҳоли, фаровон ҳаётни ваъда қилади. Бунинг учун қилиниши лозим бўлган ягона иш – имкон қадар тезроқ (эртага эмас, ҳозироқ!) лотерея чиптасини сотиб олишдир! Пулини тўламаган ғалабани кўрмайди. Лотерея тарқатувчилари сизни ҳеч ким чипта сотиб олишга мажбурламаганини айтиб, ўзларини оқлайдилар. Агар кимдир чиптани сотиб олган бўлса ҳам, у барча билан тенгма-тенг, барча иштирокчилар – катталар, эркин, ақлли, ўзига жавоб берадиган, қатнашиш ёки қатнашмасликни ҳал этадиган одамлар билан иштирок этади. Лекин бундай узрларнинг муаммоси шундаки, аксарият одамлар бу ўйинлардаги ҳақиқий имкониятларини билмайдилар, эҳтимол билганларида ўзларининг ғалаба қилиш имкониятларини тўғри баҳолай олган бўлармидилар… Лотереялар ҳақидаги ҳеч бир реклама эълонида сиз, 1 дона чипта сотиб олсангиз, имкониятларингиз 1 га 3 500 000 тенг бўлишини эшитмайсиз (яъни сиз биринчи марта ютишингиз учун 9500 йил кутишингиз керак бўлишини билмайсиз). Бундан ташқари, улар лотереядан олинган даромаддан қанчасини чўнтакларига уришга улгурганликларини албатта беркитадилар. Сиз агар буларни билганингизда эди, ҳеч қачон уларнинг навбатдаги қурбони бўлишга рози бўлмаган бўлармидингиз…
Қимор ўйинларининг тарқалиши
Қимор ўйинлари кўпроқ айрим уламолар “казино капитализми” деб атаган капиталистик мамлакатларда тарқалган. Тўғри, социалистик давлатларда ҳам қимор ўйинлари ўтказиб турилган, чунки давлат агар монопол ҳуқуқидан фойдаланиб, ҳеч қандай хусусий иштирокчиларни ўйинга қўймаса, у ҳолда бундай фаолиятдан яхшигина даромад олади.
Бугунги кунда қимор ўйинларини етарли даражада учратиш мумкин – бу интерфаол телевизион ўйинлар, турли оммавий ахборот воситалари орқали бирон-бир маҳсулот ёки хизматни томошабинларга “ўтказиш” илинжида ўтказиладиган ўйинлардир.
Масалан, Буюк Британияда аҳолининг 2/3 қисми ҳар ҳафта лотерея чипталарини сотиб олади. Лотерея ташкилотчиларининг даромадлари 5 млрд. фунтдан ошади ва бу британияликларнинг нон ёки китобга сарфлайдиган маблағидан кўпроқдир. Буларнинг ҳаммаси иқтисодий ривожланишнинг сустлашишига олиб келади, чунки юқорида айтиб ўтканимиздек, қимор ўйинлари бирор бир қўшимча қиймат ҳосил қилмайдиган фаолият ҳисобланади.
АҚШ аҳолиси турли қимор ўйинларига 500 млрд. доллар харажат қилишар экан. Аксарият мамлакатлар ўз ҳудудларида йирик қиморхоналар (казино) очишга, уларнинг ёрдамида сайёҳларни жалб қилиш, ҳамда лотерея чипталарини сотиш ортидан даромад топишга ҳаракат қилишади.
Рафиқ Юнус ал-Мисрийнинг “Замонавий молия муомалалари фиқҳи” китобидан.
Таржимон Ботирхўжа Жўраев.
[1] Абу Убайд.”Ал-амвал”. 592-б.
[2] Ал-Балий “Ал-муталлий ала абваб ал-муқний” 256-б.
[3] Ибн Арабий. “Арида ал-аҳвазий ба-шарҳ сунан ат Термизий” 7-т. 18-б.