Мазкур кенг мавзунинг асосларини тушуниш исломнинг молия талқинидаги ўрнини англашдан бошланади.
Исломдан ислом молиясига
Ислом – инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча босқич ва жабҳаларида иштирок этувчи ва тартибга солиб турувчи кенг қамровли диндир. Жумладан, ҳар бир инсон ҳаётининг ажралмас ва муҳим қисми бўлган молиявий амалиётлар исломнинг фиқҳ ул-муомала деб аталувчи соҳаси доирасига киради.
Ислом ва унинг молияга (яъни ислом молияси) тегишли жиҳатлари ва тушунчалари юзасидан маълумот берган эдик (биз шу масала бўйича тайёрлаган жадвал 2 март куни саҳифамизга қўйилган).
Ислом молияси нима?
Ислом молияси ислом ҳуқуқи асосида ишлайдиган молия тизимдир. Ушбу тизим, бизнинг “Ислом молияси соҳасининг салоҳияти” ҳақидаги мақоламизда кўрсатиб ўтилган бир қатор асосий таркибий қисмларни ўз ичига олган. Ислом молиясининг асосий тамойиллари – барча шартнома ва битимларда адолат ва тенг шарт-шароитни таъминлаш ҳисобланади. Бу, қуйидаги уч асосий тақиқ орқали намоён бўлади: судхўрлик, “ғарар” (ахборот мувозанатининг бузилиши оқибатида ноаниқлик/мавҳумлик пайдо бўлиши, яъни битим иштирокчиларидан бири шартнома бўйича тўлиқ ахборотга эга бўлмаганлиги туфайли ўзини катта хатарга рўбарў қилишини билдиради) ва “майсир” (қимор ўйинлари ва спекуляция/чайқов амалиёти). Бизнинг “Таваккалми, гардкамми?” деб номланган мақоламиз майсирнинг ман этилишига бағишланган. Келаси мақолаларимизда рибо ва ғарарнинг тақиқланиши сабабларига батафсил тўхталиб ўтамиз.
Ислом ва анъанавий банк-молияси ўртасидаги асосий фалсафий тафовутлар
Юқорида кўрсатиб ўтилган тақиқлар пул билан ўзгача муомала қилинишига олиб келади. Анъанавий банк пулни даромади кафолатланган сотиш ёки ижарага бериш мумкин бўлган маҳсулот сифатида кўради, чунки берилган қарз маблағларини йўқотиш хавфи жуда кам (қарз маблағлари ҳам, қарз бўйича фоизлар ҳам лойиҳанинг муваффақияти ёки инқирозидан қатъий-назар доимо кафолатланган бўлади), ислом банки эса ўзини бизнес бўйича ҳамкордек тутади ва ҳамкорликнинг турига қараб хавфларни бўлишади. Барчага маълумки, агар икки томон хатар ва йўқотишларни ўзаро бўлишса улар молиявий амалиётларда эҳтиёткорлик билан иш тутадилар. Шу тариқа, ислом молияси адолатлироқ, молиявий барқарор ҳамкорлик муҳити яратилишини таъминлайди.
Ғарарни тақиқлаб, ислом банклари ўзларининг мижозлар билан бўлган муносабатларида иккимаънолилик, ноаниқлик, ҳийла-найранглар ва хатарларнинг олдини олади. Қанча қанча одамларнинг билим етишмаслиги, соддалиги ва жоҳиллиги сабаб ҳийлагар мутахассислар, компания ҳамда бошқа муассасаларнинг алдови оқибатида жиддий зарар кўргани кўпчиликка маълум. Ислом бир томоннинг бошқа томон тарафидан ҳар қандай кўринишда бўлмасин эксплуатация қилинишини тақиқлайди ва шу орқали ўзаро келишаётган томонлар ўртасида бойлик ва фаровонликка эришишда асосий саналган ишонч, ишбилармонлик муносабатларида эса ҳамкорлик ва тўғрилик муҳитини яратади.
Ғарарнинг тақиқланиши ислом молиясини спекулятив деривативлар (ҳосилавий қимматли қоғозлар) туфайли пайдо бўладиган катта тизимли хатарлардан қутқарди. Шу ерда машҳур сармоячи Уоррен Баффетнинг сўзларини ёдга оламиз: “Ҳосилавий қимматли қоғозлар молиявий қирғин қуролидир”. Кўпчилик молиячилар деривативлар қимор ўйинлариниг қонунийлаштирилган шакли эканлигини таъкидлашади.
Ва ниҳоят, ислом банк-молияси иқтисодий “пуфак” ва инқирозларни юзага келтирувчи ҳаддан ошиқ молиявий чайқов амалиётини (масалан, кўчмас мулк ва қимматли қоғозлар бозоридаги спекуляциялар жиддий инқирозларга олиб келади, уларнинг сўнггиси 2008 йилда юз берган жаҳон молиявий инқирозидир), шунингдек бойликларни адолатсиз равишда тақсимланишига олиб борувчи қимор ўйинларини тақиқлайди.
Тақиқлардан ташқари ислом молиясининг энг муҳим ва ажойиб хусусиятларидан бири унинг активлар билан таъминланган бўлиши шартлигидир. Молиялаштиришнинг анъанавий шаклида банк ва молия муассасалари фақат пул бирликлари билан ишлайдилар. Ана шунинг учун ҳам улар мол / маҳсулотлар билан савдо қилишни тақиқлайди. Ислом молиясида эса пул савдо моли сифатида тан олинмайди, чунки у ички қийматга эга эмас, у бор-йўғи алмашинув воситаси. Ислом банклари пул эвазига ички қийматга эга бирор нарсанинг устига устама қўйиб сотиш эвазига фойда олади. Шунинг учун ҳам анъанавий молия муассасаларидан фарқли равишда исломда молиялаштириш активларга асосланган.
Юқоридаги ҳолат ўз-ўзидан молиявий барқарорлик ва реал иқтисодий ўсиш ҳамда ривожланишни таъминлайди. Анъанавий банк кредити эса, иқтисодиётдаги реал сармояга қатъий алоқаси йўқ.
Активлар билан таъминланмаган кредитларни бериш, уларнинг кўламини кенгайтириш ва шу орқали жаҳон молия тизимини вақти-вақти билан инқирозларга гирифтор қилиш анъанавий банкларнинг асосий хусусиятидир.
Ваниҳоят, ислом молияси мушорака ва мудораба сифатида танилган ислом молия маҳсулотлари орқали фойда ва зарарни тақсимлаш тамойилини илгари суради. Мазкур илғор тамойил самарали ишлаб чиқаришни самарасиз ишлаб чиқаришдан ажратиб олиш имконини беради ва бойликларни яхшироқ тасарруф қилишга ҳисса қўшади (чунки ҳар икки томон бундан манфаатдор). Бу шунингдек, таъминланмаган пуллар кўпайишини ҳам олдини олади ва ижтимоий адолатни таъминлаш, ҳамда барча томонларнинг молиявий фаровонликка эришишига ҳисса қўшади.
Кўпчилик ҳали ислом ва анъанавий банклар томонидан таклиф қилинадиган маҳсулот ҳамда хизматлар ўртасидаги фарқни тушунмайди. Баъзилар ислом банклари анъанавий банк маҳсулот ва хизматларининг номи ўзгартирилган кўриниши деб ҳисобласа, бошқалари ислом банклари анъанавий “фоиз”ни “даромад” деб номлашади ва одамларни чалғитиш учун арабча атамалардан фойдаланишади деб иддао қилишади. Ислом банки қай тариқа ишлашини билмай туриб бу каби хулосаларга келиш ярамайди. Чунки бундай хулоса ва иддаолар ислом банкчилиги ривожланишига тўсқинлик қилади. Албатта биз ислом банкчилиги ва унинг айрим маҳсулотлари ривожи жараёнида турли муаммоларга дуч келаётганлигимизни тан оламиз. Чунки бу соҳа ҳали тўлиқ ўрганиб бўлингани йўқ. Ушбу жараён давомида хатолар юз беришини инкор этиб бўлмайди. Аммо бундай хато ва камчиликлар ислом банкчилигининг яроқсизлигини англатамайди. “Мусулмончилик астачилик” деганларидек ислом банкчилиги ҳам ўрганиш / ривожланиш жараёнида ва бундай хато-камчиликлар бўлиши табиий. Асосийси, жараён орқага эмас, олдинга қараб ҳаракатланаётганлигида.
Шариатга мос келувчи банк маҳсулот ва хизматларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш жуда мураккаб жараён, чунки бунда кўпчилик, баъзида тамомила қарама-қарши мақсадларни кўзловчи томонлар, жумладан банк олий бошқаруви, маҳсулотларни ишлаб чиқиш бўлими, шариат бўлими, шариат маслаҳатчилари ва бошқа бир қанча бўлимлар (чакана ва корпоратив банклар бўлими, сармоя (капитал) бозори, хатарларни бошқариш, молиявий режалаштириш ва ҳ.к.з.), шунингдек инвестиция масалалари бўйича мутахассис-маслаҳатчилар, рейтинг агентликлари вакиллари, ҳуқуқшунослар ва бошқалар иштирок этади.
Шунга қарамай, ислом банки осон йўлдан бориб, маҳсулотларнинг ҳуқуқий шаклинигина ўзгартириб, анъанавий банк тизими маҳсулотларидан нусха олмаслиги жуда муҳим. Аксинча, ислом молия маҳсулотларининг ҳуқуқий шакли исломдаги ҳамкорлик ва тадбиркорликнинг ҳақиқий руҳиятини акс эттириши лозим.
Жамият, анъанавий банк тизимида амал қилувчи мижоз/омонатчи – банк, қарз олувчи – банк каби, асосан банк манфаатини кўзловчи молиявий муносабатлар, ҳамда ислом банкчилигидаги икки томоннинг (яъни мижоз ва банкнинг) биргаликдаги манфаатини инобатга олувчи “мушорака” (лойиҳаларни сармоявий шерикчилик асосида молиялаштириш), “муробаҳа” (олди-сотди шартномаси орқали молиялаштириш), “мудораба” (лойиҳаларни ишонч асосидаги ҳамкорлик доирасида молиялаштириш) “ижара” (ижара/лизинг шартномаси асосида молиялаштириш), “истисна” (ишлаб чиқариш соҳаси лойиҳаларини молиялаштиришга асосланган шартнома), “салам” (асосан қишлоқ хўжалигида қўлланиладиган, олдиндан молиялаштиришни кўзда тутувчи шартнома), “сукук” (қимматли қоғозлар ёрдамида молиялаштириш) каби иқтисодий-молиявий ҳамкорлик муносабатлари ўртасидаги фарқни англаши ва икки томон учун ҳам бирдек манфаатли бўлган бундай тизим, замонавий банк-молия соҳасини ривожланишига ҳам ёрдам бериши мукинлигига ишонч ҳосил қилиши керак. Ислом банклари ўз мижозлари билан ҳамкорлик қилиш орқали улар билан тадбиркорликнинг ҳар қандай турига хос бўлган хатарларни бўлишишини, хатарларни бўлишиш даражаси эса лойиҳалаштирилаётган тадбиркорлик лойиҳаси, ҳамда молиялаштириш учун қўлланилаётган маҳсулот турига боғлиқ бўлишини тушуниб етиш, жамият аъзоларига бу тизим имкониятларидан тўла равишда баҳраманд бўлиш имконини беради, ҳамда ислом банкчилигининг янада ривожланишини таъминлайди.
Ислом банки дуч келадиган хатарлар
Юқорида келтирилган жадвалдан кўриниб турибдики, ислом банки томонларнинг мавқе ва ролларига қараб турли босқичларда турлича хатар ва таваккалчиликка боради. Табиийки, замонавий ислом банклари хатар ва таваккалчилик даражасини камайтиришнинг самарали воситаларини ишлаб чиқишган, ҳатто айрим ҳолларда улар ислом молиясининг асл моҳиятига хос бўлган хатарларни бўлиш/тақсимлаш тамойилларига мувофиқ бўлмаганлиги туфайли ислом банк-молия соҳасига бўлган ишончга путур етказади.
Шундай бўлса ҳам, ҳар бир ислом молия маҳсулоти банк томонидан қабул қилинадиган турли туман хатар ва таваккалчиликларни намойиш этади (бу эса, асосан кредит қайтмаслиги хатари муаммосига эга анъанавий банклардан фарқ қилади). Масалан, агар ислом банки мушорака шартномаси доирасида акциядорлик жамиятига кирса, ҳамкорлик давом этгунига қадар зарар кўриш хатарига эга бўлади. Муробаҳа битимида банк мулкка (актив) эгалик қилиш даври мобайнида (яъни шу мулк сотилгунча) шу мулкни йўқотиш хатарига эга бўлади. Ижара шартномаларида эса банк мулкка эгалик ҳуқуқи мижозга ўтгунига қадар хатарга эга бўлади. Шу тариқа, ислом банкчилиги таваккалчиликнинг фойдага бўлган нисбати иқтисодий жиҳатдан оқилона эканлигини намойиш этади. Бундай банк тизими мижозларнинг ҳам, кенг жамоатчиликнинг ҳам эҳтиёжларини қондиради ва бойликларнинг адолатли тақсимланишига имконият яратади.
Шунга қарамай, ислом банк-молия тизимининг асосий вазифаси бизнес жараёнларнинг ҳар бир қисми шариатга тўлиқ, яъни унинг асл моҳияти ва руҳиятига мос бўлишини таъминлашдир. Бу эса катта даромад олишдан кўра муҳимроқ вазифа. Мазкур ҳолат жуда муҳим саволни келтириб чиқаради: анъанавий ва ислом банкчилиги ўртасида қандай фарқлар бор? Мақоламизнинг кейинги қисми айнан анъанавий ва ислом банкчилиги ўртасидаги асосий назарий ва амалий фарқлар ҳақида бўлади.
Анъанавий ва ислом банкчилиги ўртасидаги тафовутлар
Қуйида келтирилган жадвалда анъанавий ва ислом банкчилиги ўртасидаги асосий назарий ва амалий фарқлар кўрсатиб ўтилган.
Ислом банкчилиги муаммолари
Холислик нуқтаи-назаридан юқорида келтирилган жадвалда анъанавий банкчилик ислом банкчилигининг энг олий ва соф концепцияси билан таққосланганлигини, шунингдек, бундай соф концепция асосида фаолият юритувчи ислом банкини топиш ҳам мушкул вазифа эканлигини тан олишимиз керак. Бугунги кунда фаолият юритувчи ислом банклари 1970 йилларда бу тизим асосчиларини илҳомлантирган фалсафий ва олиймақом асосдан муайян даражада фарқ қилади.
Ҳозирги кунда ислом банкчилиги барча шаклларда намойиш этилган: банклар ва банк бўлмаган молия муассасалар, йирик ва майда, ихтисослаштирилган ва диверсификация қилинган, анъанавий ва инновацион, миллий ва кўп миллатли, эҳтиёткор ва эҳтиётсиз, қатъий тартибда бошқариладиган ва эркин ва ҳ.к.з. Айрим ислом банки муассасалари, айниқса анъанавий банкларнинг «исломий дарчалари» ўз (анъанавий) банкларига тақлид қилишса, бошқалари кескин фарқ қилади (анъанавий банкларлардан). Баъзилари илоҳий қонун-қоидалар асосида фаолият юритса, бошқалари диндан мижозларни жалб қилиш усули сифатида фойдаланади. Муаммо шундаки, ислом банкчилигининг соф ғоялари обрўсига жойлардаги воқелик сабаб путур етиши мумкин. Агар бу соҳа ривожи учун керакли қадамлар қўйилмаса, яъни асл ислом банк-молия соҳасининг ўзига хос жиҳатлари ва энг асосийси унинг руҳияти ўрнатилмаса, жамиятдаги бу соҳага бўлган ишонч йўқолади.
Ислом банкчилиги хилма-хил муаммоларга дуч келади. Шунга қарамай, асосий вазифалардан бири – ушбу соҳанинг пайдо бўлишига сабаб бўлган ҳолатга қайтмаслик.
Ислом банкчилиги ва молиясига бўлган ишончни қайта тиклаш ва қўллаб-қувватлаш вақти келди. Одамлар қайси банк тизимидан фойдаланишни ўзлари танлай олишлари зарур. Бунинг учун эса иккала банк тизими ривожланишига ҳам тенг имкониятлар берилиши, шарт-шароитлар яратилиши лозим.