Американинг нуфузли газеталаридан бири “The New York Times” газетасида берилган бир аёлнинг ҳикояси кўпчиликнинг эътиборини тортди. Гап шундаки, ҳикоя эгаси 14 йил аввал олий таълим муассасасида ўқиши давомида таълим кредити олганлиги ва ундан кейинги ҳаёти шу олган кредити сабабли ҳаловатсизлик ва қийинчиликда ўтаётганлигини ўзига хос услубда сўзлаб берган.
Таълим кредитини олган талаба молиявий муаммоларга дуч келмасдан, ўқишларини муваффақиятли битириб олишга эришган. Аммо, у олган кредити бўйича тўловлар ҳақида унчалик ҳам қайғурмаган.
Ҳикоя эгаси университетни тамомлаган вақтда банкдан жами қарзи 78 000 доллар бўлган. Ушбу қарздан 60 000 долларини тўлаган вақтда қарзи 100 000 долларга кўпайиб улгурган.
Келинг шу ердан воқеани батафсил равишда ҳикоя қаҳрамонининг ўзидан эшитсак:
Ёшим ўттиз саккизда. Университетни битирганимга 14 йил бўлди. Аммо шунча йил ўтишига қарамай, ҳамон федерал таълим кредитидан қутула олмадим. CARES акти (Коронавирус пайтида ёрдам ва енгиллик тақдим этиш, ҳамда иқтисодий хавфсизлик тўғрисидаги қонун) менга кўмак бериш керак эди. Афсуски, ушбу дастур доирасида мен ҳеч қандай ёрдам ололмадим.
Менинг таълим кредитим ҳар ой 700 доллардан ошади. 2020 йил март ойида, мен жуда хурсанд эдим. Сабаби, ҳукумат пандемия сабаб вужудга келган иқтисодий муаммолар туфайли талабаларга тақдим этилган кредитлар фоизларидан воз кечиш дастурини эълон қилди. Мен шунга қарамай ҳар ой ўша пайтгача амалга ошириб келган тўловларни давом эттиришни режалаштиргандим, лекин энди кредит фоизларини эмас, балки асосий қарзни ўзини. Ўзимча ҳисоблаб кўрдим; ушбу дастурнинг ёрдами туфайли Сентябр ойигача асосий қарз қолдиғидан деярли 5,000 долларини тўлай олар эканман.
Аммо, 1 апрель куни талабалик кредит ҳисоб варағимни текширганимда, не кўз билан кўрайки, фоизлар ҳали ҳам 731.36 долларни ташкил этарди. Мен тўлаган пуллар асосий қарзни эмас, балки унинг фоизларини ёпишга йўналтирилаётган экан, яъни мен ҳеч қандай ўзгариш кузатмадим. Шундай қилиб, мен енгилликка умид қилмасдан, пулларимни қарзимнинг фоизини ёпиш учун сарфлашда давом этдим.
Бироқ бу борада мен ёлғиз эмас эдим. Мен каби миллионлаб бошқа федерал талаба кредитларини олганлар ҳам «CARES» тўғрисидаги қонундан фойда кўрмадилар. Нима сабабдан?
АҚШда таълим кредитларни бериш бундан ярим аср олдин “Оилавий Федерал таълим кредитлари” дастури доирасида амалга оширила бошлаган. Мана шу дастур ёрдамида хусусий банклар ҳукумат томонидан талабаларга федерал кредитлар бериш тизимига киришди, бошқача айтганда улар таълим кредитлари бизнесида муайян улушга эга бўлишди. Йиллар давомида ушбу дастурдан мен каби миллионлаб ёшлар кенг фойдаланишди.
Ўқишимда юқори натижаларни қўлга киритгач, катта миқдорда стипендияга эга бўлдим. Аммо шунга қарамай, охирги икки йиллик бакалавр босқичини тугатиш ва магистратура ўқиш даврида яшаш харажатларини қоплаш учун кредит олишга мажбур бўлдим.
2007 йилгача биология соҳасида бакалаврлик ҳамда илмий журналистка магистри даражасини қўлга киритдим. Ўшанда, менинг зиммамда 78 минг АҚШ долларига тенг талабалик кредитим бор эди. Аммо, ўша пайтда кўнглим тўқ эди, чунки қарзларим 100 минг доллардан паст бўлганлиги сабабли тўлашни уддасидан чиқаман, деган ҳаёллар мени забт этиб бўлган эди.
Қарз – таълим кредити эди. Шу сабаблидир, дўстларим ва бошқа маслаҳатгўйларим, бу турдаги кредитларнинг фоиз даражаси пастлиги, тўлов бўйича баъзи кўмак дастурлари мавжудлиги ва энг муҳими ушбу қарз маиший кредитларга қараганда яхшироқ эканлигига ишонтиришди. Хуллас, шу каби фикр-ҳаёллар билан Огайо штатидаги кичик шаҳарчамдан чиқиб, ўзим орзу қилган илмий журналистка билан машғул бўлиб кетдим.
Аввалига тажриба олиш мақсадида, мустақил мухбир сифатида ишлай бошладим. Бу вақт оралиғида, кредит бўйича тўловлардан вақтинчалик озод эдим. Аммо тез орада кредит бўйича тақдим этилган 3 йиллик имтиёз ҳам тугади. Ваниҳоят, 2010 йилдан бошлаб таълим кредитини ойма-ой тўлай бошладим. Бундан ташқари ўзимнинг шахсий мақсадларда олган бошқа қарзларимни тўлаш муддати ҳам келиб қолган эди.
Харажатлардан қочиб бошқалар билан хонадош бўлиб ижарада яшасамда, аммо тўловларни ўз вақтида амалга оширишни уддасидан чиқолмадим. Охир-оқибат тузукроқ иш топиш мақсадида ўзим севган иш – мухбирликни тарк этдим. Ишим жуда зўр эди, мен кунлар давомида илмий маърузалар ёзар, жонли илмий тадбирлар ўтказардим, ҳатто шу вақт оралиғида Стивен Хокинг билан ҳам учрашишга улгурдим. Бироқ, шунга қарамай, ойлигим етарли эмас эди. Бунинг иккита асосий сабаби бор эди:
- Менинг иш тажрибам ҳали етарли эмас эди;
- Талабалик кредитларимнинг фоизи юқори эди.
Молиявий ва маънавий қийинчиликлар мени анча эзиб қўйди.
Ўша пайтда менга таълим кредити берган “Sallie Mae” банки менга “Вақтинча тўхтатиб туриш” қоидаси бўйича иш қилишимни таклиф этди. Бу шуни англатар эдики, менинг кредит тўловларим бўйича тўловга лаёқатсизлик ҳолати юз бермасдан аввал кредит бўйича фоиз тўловларини амалга ошириш вақтинча тўхтатиб қўйилади ва йиғилиб қолган фоизлар, менинг асосий қарзимга қўшилади. Бу худди, қарздорга маълум муддат муҳлат беришга ўхшар эди. Аммо, бу, аслида тузоқнинг ўзгинаси эди.
Шундай қилиб, менинг асосий қарзим ўсди. Бу эса ўз навбатида кредит бўйича ойлик тўловларим миқдори ошишига олиб келди. Баъзида бир неча ой кетма-кет тўлар эдим, кейин яна мушкул аҳволга тушиб қолсам, “Вақтинча тўхтатиб туриш” “имтиёзидан” фойдаланардим.
Менинг тажрибам юқори маошли ишларга эга бўлиш учун етмас эди. Шу сабабли мен имкон қадар тежамкор бўлишга ҳаракат қилдим, иш фаолиятим учун зарур бўлган компьютер ва овоз ёзиш ускуналарини сотиб олмасдан, балки уларни қарзга олдим, бепул мебеллар излаб топдим, машина ҳам сотиб олмадим, қўшимча пул топиш мақсадида бошқа ишлар, масалан, ҳисобот ишлари билам ҳам шуғулландим.
Тўловларимнинг кечикиши сабабли ўсиб бораётган қарзим туфайли кечалари уйқумда ҳаловат йўқолди, онгу-шууримни ушбу қарз дарди эгаллаб олди.
Қўлимдан келганича бор имкониятлардан фойдаланиб қарзларимни тўлашда давом этдим. Тўлай олмай қолган пайтларимда яна ўша “Вақтинча тўхтатиб туриш” “имтиёзидан” фойдаландим. Бугун, ўқув даргоҳини битирган кунимдан 14 йил ўтгач, 78 000 доллар қарзимдан 60 000 долларини тўлаб бўлдим. Энг ачинарлиси “Вақтинча тўхтатиб туриш” “имтиёзидан” фойдаланганлигим сабабли, йўқ жойдан яна 100 000 доллар қарздор бўлиб қолдим.
Дўстларим автомашиналар, уйлар ва ҳатто акциялар ҳам сотиб олишаётганини кўряпман. Мен эса, қандай ишга кириш, қандай совға олиш, ижарага қулайроқ турар жой топиш, ҳатто оддий янги курси сотиб олишда ҳам қарор қабул қилишим қарзим сабабли чекланган.
Хулоса ўрнида:
Юқорида судхўрликка асосланган молиялаштириш тизимининг кўпчилик (айниқса коррупция ва ижтимоий адолатсизликлар ҳақида кўп гапирадиган янги авлод) билмайдиган қоронғи томонини бевосита ушбу тизим қурбонининг ўзидан билдик. Бу воқеани ўқиб, у бечора аёлнинг олган таълими унга қанчалик қимматга тушганидан ҳайратга тушасиз.
Биз ғарб давлатларида талабаларга тақдим қилинаётган турли молиявий дастурлар, иқтидорли талабаларга тақдим этилаётган молиявий грантлар ҳақида эшитамиз, ўқиймиз ва кўп ҳолатларда тафсилотларига киришиб ўтирмасдан талабаларга бундай кўмак тақдим қилаётган давлатлар ва ташкилотларга қойил қолиб ўтирамиз. Агар фарзандларимизда ғарб давлатларининг шундай дастурлари доирасида ўқув кредитлари олиш имконияти туғилиб қолса, жуда яхши бўлди, ўқиш учунку, ўзининг келажагига сармоя киритяпти, эртага эскириб, бузилиб қоладиган маиший техника ёки автомашина олиш учун сарф қилаётгани йўқ-ку, деймиз. Мана шундай воқеаларни ўқиганда эса анъанавий банк-молия тизимининг адолатсиз қирраларини кўрамиз ва бугунги кунда инсоният ислом динига асосланган молия тизимига қанчалик даражада муҳтож эканлигига амин бўламиз.
Бизнинг тавсиялар:
Ҳар қандай молиявий муносабатларга киришаётганда: шартнома тузинг (1), ҳар қандай катта шартномани, айниқса майда ҳарфлар билан ёзилган жойларини диққат билан ўқиб-ўрганиб чиқинг (2), эринмай ҳисоб-китоб қилинг (3), бугунги кундаги имкониятларингизни жиддий баҳоланг, келажакдаги тушум ва чиқимларни ширин орзуларга берилмаган ҳолда ҳисобланг (4), иложи борича бу борада амалий тажрибаси бор инсонлар, ҳамда соҳа мутахассислари (молиячи, ҳуқуқшунослар…) билан маслаҳатлашиб қарор қабул қилишга ҳаракат қилинг (5), ва ЭНГ АСОСИЙСИ, АЛЛОҲГА ДУО ҚИЛИБ ХАЙРЛИСИНИ СЎРАНГ, ЗЕРО АЛЛОҲ БАНДАСИГА ЭНГ МЕҲРИБОН ВА РАҲМЛИ ЗОТДИР.