Бир неча кун аввал Saudi Electricity Company томонидан берилган баёнотга кўра, компания умумий қиймати 1,3 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган “яшил” сукук чиқарди.
Саудия Арабистони ҳукуматига қарашли электр узатиш компанияси ақлли ҳисоблагичлар ўрнатиш ва шу каби атроф-муҳит ҳимояси талаблари доирасида бўлган турли хил лойиҳаларни (бугунги кунда бундай лойиҳалар “яшил” деб аталади) молиялаштириш учун беш йиллик ва ўн йиллик яшил сукук – ислом қимматбаҳо қоғозлари сотувини эълон қилди.
Яшил сукуклар Яқин Шарқ, Осиё ва Европадаги халқаро сармоядорлар томонидан яхши кутиб олинмоқда. Яшил сукуклар – бу қайта тикланадиган энергетика соҳаси каби экологик лойиҳаларни молиялаштириш учун махсус ишлаб чиқилган даромадли сармоя воситаларининг бир туридир.
Маълумот учун: Биринчи яшил сукук эса 2017 йил 27-июнда Малайзия ҳукумати томонидан чиқарилган.
Moody’s Investors Service рейтинг агентлиги май ойидаги ҳисоботида бу йил чиқариладиган анъанавий яшил облигациялар умумий ҳажми 175 миллиарддан 225 миллиард долларгача бўлиши тахмин қилинмоқда. Таъкидлаб ўтиш лозим, йил бошида бу кўрсаткич 300 млрд долларга тенг бўлиши тахмин қилинган эди, аммо коронавирус пандемияси натижасида вужудга келган иқтисодий пасайиш сабабли агентлик ўз ҳисоб-китобларини ўзгартиришга мажбур бўлди.
Саудия Арабистони ўз иқтисодиётини нефтдан бошқа – туризм, қайта тикланадиган энергетика каби соҳаларни ривожлантириш ҳисобига диверсификация қилишга ҳаракат қилаётган пайтда Saudi Electricity компанияси томонидан яшил сукук чиқарилиши эътиборга молик. Сукук савдосидан тушадиган маблағ атроф муҳит ҳимоясига ҳисса қўшадиган “яшил” лойиҳаларни молиялаштиришга сарфланиши кўзда тутилган. Компания маълумотига кўра, энергия сарфини тежовчи “ақлли” ҳисоблагичлар сотиб олиш ва ўрнатиш, ҳамда атроф-муҳитга зарар етказувчи чиқиндиларни камайтиришга қаратилган лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳага кўра тахминан 10 миллион дона ақлли ҳисоблагичлар жорий йилнинг январ ойидан бошлаб ўрнатилишни бошланган ва 2021 йил март ойигача тўлиқ ўрнатиш кўзда тутилган.
Ўзбекистонда ҳам яшил сукукларни чиқариш бўйича етарли даражада имкониятлар мавжуд. Хусусан, мамлакатда йилнинг 250-300 куни қуёшлидир. Бу эса аҳоли ва ишлаб чиқарувчиларни доимий равишда энергия билан таъминлаш имконини беради. Қуёш панелларидан иборат ҳудудлар ташкиллаштириш билан боғлиқ лойиҳаларни молиялаштиришда эса айнан яшил сукуклардан фойдаланиш мумкин. Шунингдек, доимий шамол эсиб турадиган ҳудудларда шамолдан қувват олиш, қорамол, гўшт ва сут етиштириш билан шуғулланувчи йирик фермаларда биогаз ишлаб чиқариш, электрда ҳаракатланувчи транспорт воситалари ишлаб чиқариш билан боғлиқ йирик лойиҳаларни ҳам буджет маблағлари ҳисобидан эмас, сукуклар чиқариш ҳисобига молиялаштириш мумкин. Албатта, бу хорижий инвестициялар жалб қилишга ҳам ёрдам беради.
Шунингдек, яшил сукуклардан Ўзбекистон шароитида чиқиндиларни қайта ишлаш, энергия самарадорлигини ошириш, атроф-муҳит ифлосланишини олдини олиш, Оролбўйи муаммоларини ҳал қилиш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш, қишлоқ жойларида тоза ичимлик суви билан таъминлаш, оқава сувлар инфратузилмасини янгилаш лойиҳаларида фойдаланиш мумкин.
Жорий йилнинг 16 июль куни Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ва Ислом Тараққиёт Банки ўртасида Ўзбекистонда молия бозорини ривожлантириш бўйича имзоланган шартномага кўра, 2021 йилда ислом молия бозори маҳсулоти бўлган сукук, бизнинг мамлакатда ҳам амалиётга жорий этилиши мумкин.
Юқоридаги омилларни инобатга олиб айтиш мумкинки, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ва бир қатор ривожланган мамлакатларда аллақачон муваффақият қозонишга улгурган сукукларни, хусусан, яшил сукукларни Ўзбекистон иқтисодиётига тадбиқ этиш мамлакат учун ҳам, аҳоли ва бизнес вакиллари учун ҳам ҳар томонлама манфаатли бўлади.
Сукуклар, одатда, муайян активлар, масалан, кўчмас мулк, турли ишлаб чиқариш воситаларига асосланган/боғлиқ бўлади. Сукук чиқарувчи ташкилот сукук эгалари бўлган инвесторларнинг вакили сифатида бирор инвестиция лойиҳасини амалга оширади ва лойиҳа натижасида олинган соф фойда инвесторларга уларнинг улушига кўра тақсимлаб беради. Бу ердаги фойда даражаси малакали мутахассислар томонидан лойиҳа туридан келиб чиққан ҳолда белгиланади.