Таърифи
Вакала шартномаси деганда вакил қилиб тайинловчи шахс (муваккил) ихтиёрий равишда ёки ҳақ эвазига бошқа шахсга ўз вакили сифатида маълум бир вазифани бажариш учун ваколат беришни ифодалайдиган шартномаси тушунилади.
Моҳияти
1. Вакаланинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, у ишончга асосланган шартнома бўлиб, унга кўра вакил қилинган шахс ишонч билдирилган (амин) ҳисобланади ва у муваккил томонидан рухсат берилган вазифа доирасида ҳаракат қилади.
2. Вакала шартномаси қуйидаги ҳолатларда мажбурий бўлади:
(а) вакала шартномаси бошқа томоннинг ҳуқуқларини ўз ичига олганда;
(б) вакала шартномаси пул эвазига тузилган вакиллик (агентлик) битими ҳисобланганда;
(c) вакил ўзига топширилган вазифани бошлаб қўйган тақдирда (агар ишни тўхтатиш шартнома тузувчи томонларга зарар етказса, у ҳолда иш охирига етказилиши лозим бўлади);
(д) аҳдлашувчи томонлар вакала шартномасини белгиланган муддатдан аввал бекор қилмасликка келишиб олган бўлсалар.
3. Вакала шартномаси қуйидаги шаклларда бўлиши мумкин:
(а) Чекланмаган вакиллик (Вакала Мутлақ): Бу вакиллик шартномасида муваккил вакала предметининг тафсилоти ва таърифига батафсил тўхталмасдан, маълум бир вазифани бажариш учун бир кишини вакил қилиб тайинлайди;
(б) Чекланган вакиллик (Вакала Муқайяда): Бу вакиллик шартномасида муваккил вакала мавзуси/предмети билан боғлиқ талаблар, шартлар ва хусусиятлар кўринишида маълум чекловлар билан муайян вазифани бажариш учун бирор шахсни вакил қилиб тайинлайди.
ВАКАЛА ШАРТНОМАСИНИНГ ТАРКИБИЙ ҚИСМЛАРИ
1. Шартнома тузувчи томонлар
1.1 Вакала шартномасида томонлар вакил ҳамда вакил тайинловчи томон (муваккил)дан иборат бўлади;
1.2 Шартнома тузувчи томонлар Вакала битимига киришишлари учун ҳуқуқий лаёқатга эга бўлишлари (яъни балоғатга етган, ақли-хуши жойида бўлиши каби) керак;
1.3 Вакала битимида томонлар жисмоний шахс ёки юридик шахс бўлиши мумкин;
1.4 Муваккил муайян вакилига бирорта ваколат бериши ва уни ўзининг вакили деб эълон қилиши керак;
1.5 Вакала битимига ҳам томонларнинг ийжоб ва қабулни ифода қилишлари билан киришилади;
1.6 Ийжоб ва қабул сўзлар ёрдамида ҳам, муайян ҳужжатлар имзолаш орқали ҳам, шунингдек шариатга зид келмайдиган ҳамда бизнесда урфга кирган кўриниш орқали ҳам билдирилиши мумкин;
1.7 Вакала шартномасида ийжоб ва қабулнинг ҳуқуқий оқибатлари Вакала битимига дарҳол киришиш билан ёки муайян шарт бажарилса, келишилган сана ёки вақтда юзага келиши ҳам мумкин;
1.8 Шариатга зид келмайдиган ўзаро келишилган шартларга ҳар икки томон амал қилиши лозим.
(давоми бор)
Манба: Малайзия Марказий банки қўлланмаси