Ўтган куни бойликларни тўғри тасарруф қилмаслик оқибатлари ҳақида мақола, кеча Юсуф алайҳиссалом қиссаси орқали бойликларни самарали бошқариш/жойлаштириш бўйича амалга оширилган ишларнинг ижобий натижалари ҳақида мақола қўйган эдик. Бугун энди Тадбиркорларга (нафақат уларга, балки бошқа соҳа вакилларига ҳам тегишли) муҳим маслаҳатларимиз билан ўртоқлашишга қарор қилдик. Ушбу маслаҳатлар ўзимизнинг ҳаётий тажрибамиз, қилганларимиз ва кўрганларимиз асосида қилинган хулосалар дейиш ҳам мумкин.
Тадбиркорларга муҳим маслаҳатларимиз:
- ниятни яхши қилинг;
- имкон қадар пухта режа билан иш бошланг;
- ишга астойдил киришинг ва унга астойдил ёндашинг. Агар астойдил бўлмасангиз, натижа ҳам шунга яраша бўлади (“ишқ бошқа ҳавас бошқа” деган мақолни мағзини чақинг);
- бировларнинг ҳақига эҳтиёт бўлинг;
- шубҳали нарсалардан узоқ юринг;
- ҳалолга ҳаром орқали етиб бўлмаслигини қоида сифатида миянгизга қуйиб олинг. Масалан, бирорта амалдорга пора бериб, бирор тендерда ютиб олиб, бизнесни “ривожлантириш” бу Аллоҳга исён (чунки ризқни Аллоҳ беради, лекин уни ҳалол ёки ҳаромдан териш бу бизнинг танлов) ва бандаларининг ҳақига хиёнат, чунки шу тендерни ютишга лойиқ бўлган бошқа тадбиркорнинг ҳақини олдингиз (бировнинг ҳақига хиёнат қилганнинг жавоби оғирлигини биламиз).
- ҳар куни эртаси кун қилинадиган ишлар режасини тузинг ва ҳар куни шу режа бўйича қилинган ишларни сарҳисоб қилинг;
- олди-бердиларни ёзиб боринг, чунки биз кўпинча хотирамизга ишониб кўп қовун туширамиз. Агар пул бор жойда аниқлик бўлмаса, бировнинг ҳақи бировга ўтиб кетиши осон бўлади, бу эса жуда катта фожеа;
- ишларни тартиб билан қилинг, шошма-шошарлик қилманг, чунки Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шошилмаслик Аллоҳдандир. Шошқалоқлик шайтондандир», – деганлар» (Термизий ва Байҳақий ривоят қилишган).
- мунтазам равишда садақа қилинг (ҳар куни/ҳар ҳафта/ҳар ой), чунки Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло учун амалларнинг суюмлироғи, оз бўлса-да, давомий бўлганидир» (Имом Муслим ривояти) деганлар;
- агар бизнесингизда муаммолар пайдо бўлса, уларни ҳар томонлама таҳлил қилиб чиқинг, яъни маънавий (кимнинг ҳақи менга ўтиб кетди, нима гуноҳ қилдим…) ва моддий (бизнесда нималарни инобатга олмаяпман, рақамлар тўғрими ўзи…);
- мижозларингиз ҳамда сизнинг бизнесингизни ташқаридан кузатиб турган, ўзининг йўналишида муваффақиятли фаолият олиб бораётган бошқа тадбиркорлар билан (бошқа соҳадаги тадбиркорлар бўлгани яхши бўлса керак, чунки бир соҳадагилар бир бирини рақобатчи сифатида кўришади ва шу сабабли улар сизнинг муаммоларингизни очиқ айтмасликлари мумкин) гаплашиб туринг, улардан маслаҳат олинг;
- рақобачиларингизни аниқланг, уларнинг ишини кузатиб, таҳлил қилинг, улар қилаётган қайси ишларни сиз амалга оширмаяпсиз ва нима сабабданлигини ўйлаб кўринг;
- қилинган таҳлил ва олинган маслаҳатларни яна бир бор таҳлил қилиб чиқинг (“етти ўлчаб, бир кес”, деган мақолни ёдга оламиз);
- қилинган таҳлиллар натижасида бизнес фаолиятингизга муайян ўзгаришлар киритиб, олинган натижаларни маълум оралиқ муддатларда таҳлил қилиб туринг;
- ҳар намозда Аллоҳдан ҳаромдан узоқ қилишини, ҳалол ишларингизга ривож, самара ва барака беришини сўраб дуо қилинг.
Жаҳонгир Имамназаров
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси,
Islamic Business and Finance компанияси ҳаммуассиси ва директори
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Банк, молия ва бошқарув соҳасида 30 йиллик тажрибага эга мутахассис