❓САВОЛ:
Ислом банки мижозларидан бирига қурувчи ташкилотдан тайёр кўчмас мулкни сотиб олиши учун молиялаштириш ажратмоқчи. Мижоз ва қурувчи ташкилот ўртасида олди-сотди шартномаси имзоланмаган, фақат мижоз томонидан кўчмас мулк брон (банд) қилинган, яъни у қурувчи ташкилотга харид нархининг 20% миқдорида бўнак тўлаган. Қурувчи ташкилот кўчмас мулкни ва унга эгалик ҳуқуқини сотув нархи тўлиқ тўлангандан кейингина иккинчи томонга ўтказиб бермоқчи.
Бундай вазиятда Ислом молиясида қандай ечим мавжуд?
💬 ЖАВОБ:
Мижоз ҳали олди-сотди шартномасини имзоламаганлиги ва тайёр кўчмас мулкни қурувчи ташкилотдан фақат банд қилганлиги сабабли, шариат нуқтайи назаридан эгалик ҳуқуқи ҳали ҳам қурувчи ташкилотда бўлиб, мижозга ўтказилмаган ҳисобланади.
Шундай қилиб, мижоз мулкни банд қилиш бўйича ўз ҳуқуқларини “ҳавала” йўли билан (қарздор ўз қарзини, ҳақдор ўз ҳақини бошқа бировга ўтказишига “Ҳавала” (ёки ўзбекчасига “ҳавола”) дейилади) банкка ўтказади; банк эса бунда (яъни тўланган пулга бўлган ҳуқуқда) мижознинг ўрнини эгаллайди. Шундан сўнг банк кўчмас мулкни қурувчи ташкилотдан (ўз номига) сотиб олади. Мижоз томонидан уйни банд қилиш учун тўланган (бандлов) пул банкнинг номига ўтказилади, банк эса харид нархининг қолган қисмини (қурувчи ташкилотга) тўлайди ва кўчмас мулкни қурувчи ташкилотдан ўз номига сотиб олади. Банк кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини қўлга киритганидан ва уни қабул қилиб олганидан сўнг, бу кўчмас мулкни мижозга Муробаҳа асосида сотади.
Транзакцияни амалга ошириш учун қуйидаги ҳаракатлар кетма-кет бажарилади:
1️⃣ Мижоз мулкни сотиб олиш бўйича бир томонлама мажбурият хатини имзолайди ва агар банк ўша кўчмас мулкни қурувчи ташкилотдан харид қилса, айнан ўша мулкни Муробаҳа асосида банкдан сотиб олиш тўғрисида ваъда беради.
Ваъда баён этилган ҳужжатда мол-мулкнинг қиймати, мижоз томонидан тўланадиган фойда миқдори ва мижознинг Муробаҳа сотув нархини банкка тўлаш усули кўрсатилади. Ваъда ҳужжатида, шунингдек, мижоз томонидан тўланган брон қилиш (бандлов) суммаси банкка гаров сифатида ўтказилиши ва Муробаҳа шартномаси кучга киргандан сўнг Муробаҳа сотув нархидан чегириб қолиниши кўзда тутилади.
2️⃣ Шундан сўнг банк, қурувчи ташкилот ва мижоз ўртасида уч томонлама Ҳавала шартномаси имзоланади, унда мижоз банд қилиш суммасини банкка ўтказади, банк мулкни банд қилиш борасида мижознинг ўрнини эгаллайди ҳамда қурувчи ташкилотдан кўчмас мулкни сотиб олади.
3️⃣ Банк қурувчи ташкилот билан шариатга мувофиқ олди-сотди шартномасини имзолагандан сўнг харид баҳосининг қолган қисмини қурувчи ташкилотга бевосита тўлайди ва мулкни ва унга бўлган эгалик ҳуқуқини қўлга киритади.
4️⃣ Банк мулкни ва унга эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритгандан кейингина бу мулкни мижозга Муробаҳа асосида сотиши мумкин. Юқорида айтиб ўтилганидек, мижоз томонидан қурувчи ташкилотга тўланган ва уч томонлама Ҳавала шартномаси орқали банкка ўтказилган банд қилиш суммаси Муробаҳа сотув нархидан чегириб ташланади ва Муробаҳа фойдасини ҳисоблашда инобатга олинмайди.
Манба: https://www.islamicfinancenews.com/an-islamic-bank-wishes-to-provide-financing-to-one-of-its-customers-in-order-to-purchase-a-ready-property-from-a-developer.html