NFT нима?
NFT (Non-Fungible Tokens – муқобили йўқ токен) крипто оламининг энг сўнгги, шов-шувли маҳсулотларидан бири сифатида танилди. NFTлар ноёб активни ифодаловчи махсус турдаги токенлардир. Номидаги “fungible” сўзи муқобилига алмаштириш имконияти мавжуд бирор нарса / объектга нисбатан ишлатилади. Бу токенларнинг муқобилига алмаштириш имконияти мавжуд эмас ва шу сабали улар муқобили йўқ, ноёб токенлар ҳисобланади. NFTлар рақамли контент камёблигини ифодалайди. Ethereum блокчейни рассомлар, контент тузувчилар ва ҳаттоки компьютер ўйинлар ишлаб чиқарувчи компанияларга NFT орқали ўз асарларига муаллифлик ҳуқуқини қўшиш имкониятини беради. Аслида эса, NFT активлар ва маълумотларни рақамлаштириш эшикларини очади. NFT ҳар қандай маҳсулот ва объектлар учун маълумотлар базасидаги унсур (элемент) ўлароқ хизмат қилади.
NFT ва криптовалюталарнинг иккиси ҳам блокчейн технологияси орқали ишлайди, лекин бир Биткоин бошқа Биткоинга ўхшаганлиги сабабли уларни ўзаро алмаштириш мумкин бўлса, NFTларни ўзаро алмаштириб бўлмайди. Уларнинг ҳар бири блокчейнда сақланувчи ноёб рақамли файлларни ифодалайди. Таъкидланишича, бу қонуний муаллифлик ҳуқуқини ўрнатиш ёки рақамли асарнинг келиб чиқишини аниқлашни енгиллаштиради. Қолаверса, санъат асарлари ва уларни йиғишда энг муҳим бўлган жиҳатлар – муаллифлик ҳуқуқи ва ундан фойдаланиш имконияти (роялти)ни муҳофаза қилишдаги афзалликларини ҳам эътироф этиш мумкин.
Юқорида келтирилган фикрларнинг хулосаси ўлароқ, икки NFT ўзаро алмаштирила олмайди, яъни ҳар бири ноёб. Ethereum блокчейни ишлаб чиқарувчиларга нисбатан мураккаброқ маълумотларни марказсизлаштиришни бошлаш имкониятини берди.
ERC20 ўзаро алмашинувчи токенларни стандартлаштиргани каби, NFT токенларининг асосий қисми икки Ethereum токен стандартлари (ERC-721 ва ERC-1155)нинг бирида ясалади, ва бу Ethereumда ясалган чизмалар орқали дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилар NFTларни осонгина жойлаштиришади ва уларнинг кенгроқ экотизим (яъни соҳанинг бошқа йўналишлари билан биргаликдаги бир бутун тизими) билан мос келишини таъминлайди.
Фиқҳий таҳлил
Ўзаро бир-бирининг ўрнини босувчи ва ўрнини босмайдиган моллар
Ўзаро бир-бирининг ўрнини босувчи (fungible) ва ўзаро ўрнини босмайдиган (non-fungible) токенлар тушунчаси ислом ҳуқуқшунослари ва ислом ҳуқуқи муассасалари томонидан батафсил ўрганиб чиқилди. Хулоса қилиб айтганда, фиқҳда ўзаро алмаштириш, бир-бирининг ўрнини босиши мумкин бўлган мол “мислий”, ўзаро алмаштириш мумкин бўлмаган мол эса “қиёмий” деб аталади.
Ўзаро ўрнини босувчи (мислий) бу бозорда айнан ўхшаши ёки унга яқин муқобили мавжуд бўлган мол ёки актив бўлиб, алмашувчанлиги сабабидан уларнинг нарҳлари ўртасида тафовут умуман бўлмайди ёки жуда ҳам кичик даражада бўлади. Мисол тариқасида барча кило ёки литрда ўлчанадиган маҳсулотлар – бир навдаги буғдой, туз, гуруч, цемент, олма, бодринг кабилар мислий маҳсулотлар сирасига киради. Ундан ташқари стандартлашган маҳсулотлар, жумладан бир хил шакл, русм, нусха (модел)даги ва ишлаб чиқарилган йили бир хил бўлган автомашиналар, ноутбуклар, мобил телефонларни ўзаро мислий дейиш мумкин. Аслида, ўзаро алмашувчан маҳсулотлар шаклан (сурати) ва моҳиятан (маънан) бир хил кўриниш, фойда ва қийматга эга бўлади ва шу жиҳатлар ўларни ўзаро алмашувчанлик хусусиятини шакллантиради. Мислий бир хил ҳусусиятга эгалик деб ҳам таржима қилинади.
Муқобили йўқ (қиёмий) – айнан ўхшаши ёки яқин муқобили мавжуд бўлмаган мулк ёки актив ҳисобланади. Мисол тариқасида бир хил турдаги ҳайвонлар, ўхшаши йўқ буюмлар, фақат маълум бир шахс учун махсус тикилган кийим-бош ёки ноёб расмлар ва ҳаттотлик асарларини келтириш мумкин. Қиёмий моллар турли хусусиятларга эгалик деб ҳам таржима қилиниши мумкин.
Агар бирор шахснинг ўзаро алмашувчан мулки бошқа учинчи шахс томонидан йўқ қилинса, бунинг чораси – бирга-бир ўрнига қўйишдир, чунки бозорда унинг яқин муқобили мавжуд. Аммо, ноёб мулк йўқ қилинса, бозорда унинг муқобили мавжуд эмаслиги сабабли, жазо сифатида фақат унинг бозордаги нархини тўлаб бериш қўлланилиши мумкин.
NFTларнинг фиқҳий жиҳатлари
Мазкур соҳанинг ривожланаётган соҳалар туркумига киришига қарамай, NFTлар пайдо бўлиши билан фиқҳ ҳам, барча янги масалаларга жавоб бергани сингари, бу масалага ҳам жавоб бермоқда. Қуйида NFTлар таҳлили бўйича баъзи фикларни илгари сурувчи фиқҳий асослар келтирилган.
Асосан, NFTнинг жоиз ёки ножоизлигини унинг асоси нимадан ташкил топгани, муқобили йўқ нарсанинг табиатига боғлиқ. Агар унинг ўзи динимиз аҳкомларига мувофиқ бўлса ва бошқа муаммолар бўлмаса, у ҳолда унга жоиз деб қаралади. Аммо, агар у Ислом дини ножоиз санаган нарсадан ясалган бўлса ёки унда динимизда кўрсатилган жоизликни хатарга қўювчи ташқи муаммо мавжуд бўлса, у ҳолда у ножоиз дея тавсифланади. NFT динимизда белгиланган аҳкомларга жоиз шаклда бўлиши лозим.
Уламолар NFTни ўрганишда асосан қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратадилар:
1. Малия (Maliyyah) – оқил инсонлар ўзларига керак деб билган ва ўзгалар тасарруфига ўтказиш мумкин бўлган нарса;
2. Тақаввум (Taqawwum) – динимиз қонун-қоидаларига биноан рухсат этилган, тақиқланмаган нарса/хизмат бўлиши, қийматга эга бўлиши;
3. Манфаа мақсуда (Manfa’ah Maqsudah) – хизматларни муҳокама қилишда ҳуқуқшунослар бирор нарсанинг фойдаси ақл доирасида ва унга инсонлар томонидан талаб бўлиши кераклигини шарт қилиб кўрсатишади. У Ислом дини аҳкомларига зид бўлмаслиги ва инсонлар ундан ўзлари учун манфаат кўришлари лозим.
4. Исрофгарчилик (исроф) ва беҳуда сарф (табзир) бўлмаслиги лозим;
5. Бундай активларга сармоя киритиш бу шахснинг қолган бойлиги ва унинг Исломий мажбуриятлари, хусусан ўзи ва оиласи олдидаги мажбуриятларини бажара олиш имкониятларига салбий таъсир қилмаслиги лозим;
6. Бошқа ҳар қандай эҳтимоли мавжуд бўлган динимиз аҳкомларининг бузилиши;
Энг машҳур ва кенг тарқалган NFTлар қуйидаги соҳаларда ишлаб чиқарилган ва шу боис, (Ислом тамойиллари нуқтаи назаридан) айнан шу йўналишларга тўхталиб ўтамиз.
1. Санъат;
2. Бир турдаги ноёб (коллекцион) маҳсулотлар (collectibles);
3. Видеоўйинларга оид нарсалар (in-game items)
4. Маълумотлар ва лицензиялаштириш (data and licencing);
5. ОАВ/Медиа (media);
6. Чипталар (ticketing).
1. Санъат
Санъат NFTларининг энг кўп тарқалган тури бу – дастурлаштирилган санъат, яъни ижод ва технология қоришмасидир. Албатта санъатнинг фойдали жиҳатлари бор. У кўзни қувонтиради ва қалбни завққа тўлдиради. У илҳомлантиради, минглаб сўзларни рангга кўчиради, кўзлар илғай олмайдиган нарсаларни ҳам қамраб олади.
Ислом аҳкомларига кўра фақат ҳаттотлик, жонсиз буюмлар, табиат манзаралари ва абсракт кўринишларни тасвирлаш жоиз. Динимизда белгиланган ножоиз санъат йўналишларига доир NFTлар ишлаб чиқариш ёки уларга сармоя киритиш эса мумкин эмас. Жонли тасвир борасида уламолар ўртасида турлича фикрлар мавжуд. Баъзи уламолар фикрича, ҳар қандай жонли нарсани батафсил тасвирлаш ножоиз ва буни ҳаром (тасвир чизиш) деб баҳолайдилар. Баъзи уламолар эса, рақамлаштирилган санъатни тасвир чизиш эмас, бу тасвир чизишга кирмайди дейдилар. Аксинча, улар бу тақиқни объектларни 3D жонлантириш ва ҳайкалтарошликка нисбатан қўллаш мумкин деб ҳисоблашади.
Шундай экан, санъат йўналишидаги NFTларда қуйидагилар бўлиши ножоиз:
1. Ислом тамойилларига кўра ножоиз бўлган барча нарсалар;
2. Бузуқ (ёвуз) ёки ноқонуний объектлар тасвири;
3. Исломга кўра тасвирлаш тақиқланган барча муқаддасотлар, Аллоҳ, Пайғамбарлар ва бошқалар;
4. Инсонларни тахқирловчи ёки масхара қилуқчи тасвирлар;
5. Исломда беркитилиши лозим деб белгиланган тана аъзолари (авратлар)га оид нарсалар.
Энг фойдали ва афзали бу – инсонларни ҳидоят йўлига ва яхшиликка бошловчи суръатларни тасвирлашдир.
2. Бир турдаги ноёб (коллекцион) маҳсулотлар
NFT бир турдаги ноёб (коллекцион) маҳсулотлар дунёси спортга доир эсдаликлардан тортиб савдо карталаригача ва бошқа турли маҳсулотларни ўз ичига олади.
Бундай бир турдаги ноёб (коллекцион) маҳсулотларнинг борасида аниқ бир якуний ёки умумий бир фикр билдириш иложсиз, чунки улар жуда фарқли ва ўзгарувчан. Шунинг учун, ҳозирча баъзи умумий тамойилларни келтириб ўтиш мақсадга мувофиқдир. Демак, ноёб (коллекцион) NFT маҳсулотлар:
1. Қонуний ва ҳалол нарсаларни тасвирлаши;
2. Умуман бефойда бўлмаслиги ёки шунчаки кўнгилҳушлик учун бўлмаслиги;
3. Дунёвий ва маънавий фойда олиб келиши;
4. Ислом дини нуқтаи назаридан исроф ёки пулни беҳудага сарфлаш бўлмаслиги керак.
Бирон нарса молиявий қийматга эга бўлиши, лекин динимиз нуқтаи назаридан бефойда бўлиши мумкин. Динимиз қиймат ва фойда тушунчасини баҳолашда ўзининг муайян чегараларига эга. Бирор нарсанинг фойда ва қиймати динимиз аҳкомларига тўғри келиши керак, акс ҳолда бойликни бекорчи, бефойда ва бемаъни нарсаларга исроф қилиш деб баҳоланиш хавфи мавжуд. Инсон иймони ўзини бефойда ва ҳеч қандай яхшилик келтирмайдиган нарсалардан узоқ тутиши билан комилликка эришади.
3. Видеоўйинларга оид нарсалар
Ўйинга оид нарсадар, бу ўйинчи (геймер)лар виртуал ўйин асносида ўз қаҳрамонларини (персонаж) ривожлантириш ёки ўйиндаги хусусиятларини яхшилаш учун ишлатишлари мумкин бўлган буюм ёки баллардир.
Ўйин га оид нарсалар, компьютер аватарлари ва бошқа ўйинлар билан боғлиқ NFTлар – динимиз нуқтаи назаридан қўшимча қиймат ҳосил қилувчи хизматлар ва активларга сармоя киритиш тамойилларига тўғри келмайди;
Ислом ҳуқуқшунослари амаллар қўйидаги уч йўналишлардан бирига киради, дея баҳолайдилар:
1. Саҳиҳ мақсад (Ghard Sahih) – дунё ва охират учун фойдали бўлган ҳар қандай амал. Бу каби амаллар жоиз ва уларни бажаришга тарғиб этилади.
2. Бузуқ мақсад (Ghard Fasid) – дунё ва охират учун фойдаси бўлмаган ҳар қандай салбий ва мантиқсиз амал. Бу каби амаллар Ислом ҳуқуқшунослигида “лағв” деб аталади ва улардан тийилиш лозим.
3. Ҳеч қандай мақсадсиз (‘аbath) – бирон бир мантиқий мақсад ёки фойдаси бўлмаган амаллар. Бекорчилик, зерикиш, ақлий ва виждоний ноқислик ёки ҳаттоки “вақтни ўлдириш” натижасида қилиниши мумкин бўлган амал. Улардан ҳам тийилиш лозим.
Юқорида келтирилган тамойилларни уйин-кулги соҳасига нисбатан қўллаш мумкин. Шундай экан, ўйин NFT маҳсулотларига нисбатан қуйидаги тамойилларни тадбиқ этиш мумкин:
1. Ҳар қандай мантиқсиз ўйинлар учун NFT маҳсулотлари харид қилиниши мумкин эмас;
2. Ислом аҳкомларига зид ҳар қандай йўналишлардан узоқ бўлиш лозим;
Турли хил ўйин-кулги маҳсулотлари бўйича маҳаллий уламолар билан маслаҳатлашиш лозим.
4. Маълумотлар ва лицензиялар
NFTлар гувоҳномалар, домен номлари ва шунга ўхшаш махсус контент каби ўхшаши йўқ ва ноёб маълумотлар ва лицензияларни ифодалашда машҳур бўлиб бормоқда. Агар мазкур маълумотлар динимиз аҳкомлари доирасидан ташқарида бўлмаса, бу каби NFTлардан фойдаланиш жоиз.
5. Медиа (ОАВ)
Охирги пайтларда NFTлар медиа оламида ҳам пайдо бўла бошлади. Аудио, видео ва бошқа маълумотлар NFTлар орқали тақдим этилмоқда. Динимиз нуқтаи назаридан, асосий тамойиллар қуйидагилар:
1. ОАВ Ислом аҳкомлари доирасида бўлмоғи лозим;
2. Маълумотлар ёлғон бўлиши ёки ҳақиқатни нотўғри кўрсатиши мумкин эмас;
3. Маълумот (ОАВ) орқали кўзланган мақсад ижобий ва фойдали бўлмоғи лозим
6. Чипталар
NFTлар чипталарни сотиш мақсадида ҳам синовдан ўтказилди. Бу каби чипталар махсус тадбир, жонли чиқишлар ёки спорт тадбирларига кириш ҳуқуқини беради. Динимиз нуқтаи назаридан, асосий тамойиллар қуйидагилардир:
1. Тадбир қонун ва динимиз аҳкомларига мувофиқ бўлмоғи лозим;
2. Тадбир инсонлар учун фойдали бўлмоғи керак.
Хулоса
NFTлар ҳали ҳам ривожланиш босқичидаги тушунчадир. Юқорида келтирилган рўйхат фойдаланиш ҳолатларининг тўлиқ рўйхати дегани эмас. Соҳа ўсиши билан, NFTлар борасидаги билимлар ҳам, турли ҳил фойдаланиш ҳолатлари бўйича тушунчалар ҳам кенгайиб боради. NFTлар динимизда тўғри саналган мақсадлар учун ишлатилса фойдали ва тўғри бўлади, яъни инсонларнинг дунё ва охирати учун манфаатли бўлган NFTлар ишлаб чиқиш ва уларга сармоя киритиш мақсадга мувофиқ. Бекорчи, бефойда ва шубҳали соҳаларга бемақсад сармоя киритиш эса Аллоҳнинг неъматларини исроф қилиш доирасига кириши мумкин.
Муфтий Фараз Адам
“Ислом молияси” каналига уланиш
“Mufeed Moliya” каналига уланиш