AAOIFIнинг 50 рақамли шариат меъёри Мусоқотга бағишланган бўлиб, унга кўра қишлоқ хўжалиги доирасида қўлланувчи ушбу шерикчиликнинг номи Мусоқот – “Суғоришдаги шерикчилик” (“Irrigation partnership”) деб аталган.
Ушбу меъёрда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бошқа турдаги шерикчилик битимлари кўриб чиқилмаган, чунки уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида меъёр бор.
Меъёрда мусоқотга шундай таъриф берилган:
Мусоқот (суғоришдаги шерикчилик) – дарахтларни эгаси ва дарахтларни паравариш қилувчи ишчи-боғбон билан тузилган шартнома бўлиб, унга кўра ҳосил (яъни ушбу дарахтлардан олинган мевалар) томонлар ўртасида келишилган улушда тақсимланади.
Мусоқот – шаръий нуқати назардан ҳуқуқий кучга эга шартнома бўлиб, унга кўра бошланган иш ёки шартноманинг амал қилиш муддати якунига етмасдан туриб томонлар уни бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлмайдилар.
1. Мусоқот битимидаги асосий шартлар:
1.1. Мусоқот, ҳар қандай шаръий битим каби таклиф (ийжоб) ва қабул асосида амалга оширилади.
1.2. Келишувчи томонлар жисмоний ва ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ лаёқатга эга бўлишлари шарт.
1.3. Шартнома мавзуси бўлган дарахтлар/ўсимликлар аниқ бўлиши ва улар ҳосилдор, яъни ҳосил бера оладиган бўлиши зарур. Зеро, битим айнан уларни суғориш/парвариш қилиш, ҳосил олиш ва уни томонлар ўртасида келишилган нисбатда тақсимлаб олиш мақсадида тузилган.
2. Мусоқот шартномасининг амал қилиш шартлари:
2.1. Томонларнинг ҳосилдан оладиган улуши аниқ бўлиши керак.
2.2. Ишчи-боғбоннинг мажбуриятлари келишилган дарахт/ўсимликларни суғориш/парвариш қилиш, яъни уларнинг ҳосилдорлигини таъминлашга қаратилган ишлар ишлар билан чегараланиши керак. Айнан шу жараёнга бевосита боғлиқ бўлмаган ишлар (масалан қудуқ қазиш), дарахтларни эгаси томонидан ишчи-боғбонга юклатилиши мумкин эмас.
2.3. Келишув, мевалар етилгунга қадар ёки одатда ҳосил олинадиган пайт деб эътироф этиладиган пайтгача давом этади.
3. Ишчи-боғбоннинг мажбуриятлари:
3.1. Ишчи-боғбон дарахтларни эгаси билан тузилган шартномага мувофиқ бевосита мева берувчи дарахтларга манфаат келтирадиган ишларни бажариши шарт. Бунга қуйидагилар киради: дарахтларни суғориш, чанглатиш, ўғитлаш, бегона ўтлардан тозалаш, сув таъминоти йўналишларини яхшилаш/уларни тозалаш, ортиқча новдаларни кесиш, касалликларга қарши курашиш, шунингдек бошқа зарур бўлган мавсумий ишларни бажариш.
3.2. Дарахтларнинг эгасининг розилигисиз ишчи-боғбон унга топширилган дарахтларни парвариш қилиш учун учинчи шахс билан иккиламчи (қуйи) шартнома тузиши мумкин эмас. Агар шундай шартнома боғ эгасининг рухсатисиз тузилган бўлса, у ҳолатда боғ эгаси шартномани кучда қолдириш ёки уни бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Шу билан бирга ишчи-боғбон ўзига топширилган ишларни бажаришда ёрдам беришлари учун учинчи шахсларни ўз ҳисобидан ёллаш ҳуқуқига эга.
3.3. Агар урфда ёки шартномада бошқача қоида кўзда тутилган бўлмаса, меваларни йиғиб олгунча бўлган даврда уларни (яъни меваларни) сақлаш ишчи-боғбоннинг зиммасида бўлади.
3.4. Ишчи-боғбон урфга мувофиқ, шунга ўхшаш битимлар доирасида ишчи ходимлар томонидан бажариладиган барча ишларни шахсан ўзи бажаради ва бунинг учун ҳосилдан унга тегадиган улушга қўшимча равишда ҳақ олиш ҳуқуқига эга эмас, чунки бу ишларни бажаришга унинг ўзи бевосита масъулдир.
3.5. Мусоқот шартномаси ҳам ишончга асосланган шартномалар сирасига киради ва шу туфайли ишчи-боғбон томонидан ўз вазифаларини суиистеъмол қилса, лоқайдлик/бепарволикка йўл қўйса ёки қандайдир ноқонуний ишлар қилса ва бунинг натижасига зарар кўрилса, у (яъни ишчи-боғбон) бундай ҳаракатлар (ёки ҳаракатсизлик) натижасида етган ҳақиқий зарарни қоплаб бериши керак бўлади.
4. Дарахт эгасининг мажбуриятлари:
4.1. Мевали дарахтларнинг эгаси ишчи-боғбонга унинг боғга киришини таъминлаши ва у ўз вазифаларини бажариши учун зарур бўлган шарт-шароитни таъминлаши лозим.
5. Дарахт эгаси ва ишчи-боғбоннинг биргаликдаги мажбуриятлари:
5.1. Дарахтлар парвариш қилиш билан боғлиқ харажатлар, агар томонлар бошқача келишув қилишмаган бўлса, ишчи-боғбон ва дарахтлар эгасининг улушларига мутаносиб равишда қопланади.
5.2. Такафул тизими (шундай тизим мавжуд бўлган мамлакатларда) орқали хатарларни (масалан дарахтларга шикаст етиш ҳавфини) суғурта қилиш бўйича амалга оширилган харажатлар ҳам умумий харажатлар ичига киради.
5.3. Ишчи-боғбон ишни бошлаганидан кейин ёки мусоқот шартномасини амал қилиш муддати тугагунга қадар уни бекор қилмаслик тўғрисида келишувга эришилгандан кейин ишни бажаришдан бош тортса, дарахтлар эгаси ундан [бошланган] ишни якунига етказишни талаб қилишга ҳақли. Агар ишчи-боғбон мева пайдо бўлгунга қадар ишни тугатишдан бош тортса, ишчи ҳосилдан ўз улушини олишга ҳақли бўлмайди. Агар мева пайдо бўлгандан кейин, лекин улар пишиб етилгунга қадар ишчи-боғбон ишни давом эттиришдан бош тортса, ижара шартномаси бўйича ишни бажариш учун учинчи шахс ёлланади, унинг иш ҳақи ҳосил пишиб етилиб сотилгандан кейин ишчи-боғбоннинг ҳосилдаги улушидан тўланади (ушлаб қолинади). Агар ишчи-боғбоннинг улуши жалб қилинган шахсга иш ҳақини тўлаш учун етарли бўлмаса, у ҳолда боғбон қолган қисмини шахсий маблағлари ҳисобидан тўлаши шарт, аммо агар ишчи-боғбоннинг ҳосилдаги улуши жалб қилинган шахсга тўланадиган тўловдан ортиқ бўлса, қолган қисми боғбонга қайтарилади.
5.4. Агар дарахтларнинг эгаси ишчининг ишни бажаришига тўсқинлик қилса ва мусоқот шартномаси мевалар пайдо бўлгунга қадар ёки ҳосилни йиғиб олиш учун етарли даражада пишиб етилгунга қадар тузилган бўлса, боғнинг эгаси ишчи-боғбонга ишларни тўлиқ бажариш имкониятини тақдим этиши шарт. Агар мевалар пишиб етилгунга қадар эгаси унга бундай имконият бермаса, у ҳолда боғ эгаси дарахтларни парвариш қилаётган ишчи-
боғбонга шу каби иш учун (бозорда) тўланадиган ўртача иш ҳақи тўлаши керак.
5.5. Агар боғбон ишни бажаришдан бош тортиши мевалар пайдо бўлгандан кейин содир бўлган бўлса, у ҳолда у (яъни ишчи-боғбон) ҳосилдан ўз улушини олиш ҳуқуқига эга.
(давоми бор…)
AAOIFI нинг ушбу “Мусоқот” деб аталувчи меъёри Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), “Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси Жаҳонгир Имамназаров томонидан эркин таржима қилинди (эркин таржима деганда асл матннинг сўзма сўз таржимаси эмас, балки унинг мазмун моҳиятини ўқувчиларга етказиб бериш кўзда тутилади).