Мушорака орқали молиялаштиришда учраши мумкин бўлган муаммолардан бири, баъзи ноинсоф ёки товламачи мижозлар олинган фойдадан молиялаштирувчи томон, яъни молия муассасаларига олинган фойдадан келишилган улуш / дивиденд ажратмаслиги билан боғлиқ. Бундай мижозлар бизнес фойда келтирмади, балки ҳатто зарар кўрилди дейишлари мумкин. Бу ҳолатда молия муассасаси / ислом банки томонидан бизнесга киритилган асосий сармоя ҳам хавф остида қолади.
Албатта бу хавотирга арзийдиган масала, айниқса порахўрлик ва молиявий товламачилик ривожланган жамиятларда. Аммо бу масаланинг ечими кўпчилик ўйлагандек жуда мураккаб эмас.
Агар мамлакатдаги барча банклар Марказий банк ва ҳукумат ҳимояси ва кўмагида ислом молияси талаблари асосида фалият олиб борса, у ҳолда товламачилик/ноинсофлик муаммосини ҳал қилиш унчалик қийин эмас. Бунда биринчи навбатда пухта ишлаб чиқилган аудит (назорат) тизими татбиқ этилган бўлиши жуда муҳим аҳамиятга эга, чунки бундай тизим доирасида барча мижозларнинг ҳисоб рақамлари қамраб олинади ва доимий равишда назорат қилиб борилади. Аввалги мақолаларимизда айтиб ўтганимиздек фойда ялпи фойдадан чиқарилиши мумкин. Бу турли баҳс-мунозаралар ва фойдани ноқонуний ўзлаштиришга қаратилган хатти ҳаракатларни олдини олишга ёрдам беради (соф фойдадан эмас, балки ялпи фойдадан молиялаштирувчи томонга улуш ажратилишининг моҳияти шундаки, бунда молиялаштирувчи томон бизнес фаолият олиб борган мижоз ўз улушини қандай сарф килиши билан иши бўлмайди ва шу билан самарасиз бошқарув туфайли пайдо бўлиши мумкин бўлган соф зарарни қоплаш муаммоси ҳам ҳал бўлади)[1]. Бироқ, агар бирор бир мижоз томонидан ноқонуний хатти ҳаракатлар / товламачилик ҳолатлари кузатилса бу мижоз махсус рўйхатга киритилади ва у муайян давр мобайнида мамлакатдаги барча тижорат банкларидан молия маблағлари жалб қилиш имкониятидан маҳрум бўлади.
Бундай чоралар турли ноинсоф мижозлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган фойдани яшириш ёки яна шу каби товламачилик ҳолатларини олдини олишга ёрдам беради. Албатта шундай эҳтиёт чоралари кўрилгандан кейин ҳам барибир тизимни айланиб ўтадиган товламачи мижозлар топилиши мумкин, аммо жиддий жазо чоралари ва умумий муҳит секин-аста бундай ҳолатларнинг камайишига олиб бораверади, чунки молия манбаларига мурожаат қилиш имконияти қолмаган ноинсоф / товламачи мижозларга бундай ҳолатдан манфаат йўқ (қайд этиш лозимки, ҳатто анъанавий фоизга асосланган иқтисодиётда ҳам бундай мижозлар қайтмайдиган муаммоли қарзларни пайдо бўлишига сабаб бўлиб келишган). Хуллас, молиялаштиришда мушоракадан фойдаланиш турли товламачиларга қўл келади деган сабаб билан мушорака каби ислом молиясининг мумтоз маҳсулотидан воз кечиш ёки шунга даъват қилиш нотўғри.
Шубҳасиз, товламачилик ҳолатлари ислом банклари ва молия муассасалари учун анча жиддий муаммо ҳисобланади, чунки улар аксарият мамлакатларда марказий банк ва тегишли ҳукумат идоралари кўмагига умид қилишмайди. Улар амалдаги банк-молия тизимини ҳам ўзларига мос келадиган қонун-қоидаларни киритган ҳолда ўзгартириб олишолмайди. Аммо шу билан бирга ислом банклари оддий тижорат муассасаси сифатида даромад топиш учун эмас, балки ўзига хос фалсафа ва тамойилларга эга янги тизимни татбиқ қилиш учун ташкил килинганликларини ёддан чиқармасликлари керак. Улар ана шу тизим афзалликларини кўрсатиб беришга, унинг фалсафаси ва тамойиллари мақсадини очиб беришга ҳаракат қилишлари керак. Шунинг учун улар аслида ислом молия тизимининг асосий молия воситаси бўлиши керак бўлган мушоракани ўзларининг энг ишончли мижозларидан бошлаб бўлса ҳам қўллашни бошлашлари керак бўлади. Чунки ҳар бир банк / молия муассасасининг синовдан ўтган ишончли мижозлари бўлади. Ана шундай мижозларни асл мушорака воситаси ёрдамида молиялаштириш бошқа молия муассасалари ва мижозларига ҳам ибрат бўлиб, молия бозорида ана шундай амалиётнинг кенгайишига хизмат қилади. Шунингдек, баъзи соҳалар / иқтисодиёт тармоқлари борки уларда мушоракани қўллаш анча осон. Масалан, мушорака маҳсулот ёки хом ашё экспорт-импортини молиялаштиришда жуда қўл келиши мумкин. Чунки экспорт-импорт амалиётида алдаш ва фойдани яшириш осон эмас (экпорт-импорт қилувчи томонлар чет элдан аниқ бир маҳсулот ёки хом ашёга буюртма олишади, нархлар аниқ ва хозирги интернет ривожланган даврда таклиф қилинган нархларни текшириб олиш ҳам муаммо эмас, тўлов аккредитив асосида банклар томонидан амалга оширилади…хуллас бунда алдаш ва фойдани яшириш имкониятлари чекланган).
[1] Ялпи фойда = даромадлар – маҳсулот таннархи.
Соф фойда = ялпи фойда – фаолиятга доир жами харажатлар (ишчи ходимлар маоши, транспорт харажатлари, ижара тўловлари) – солиқлар
Муҳаммад Тақий Усмонийнинг
“Ислом молиясига кириш” китобидан олинди