Муқасса деб бу бир шахснинг қарздордан ундирадиган қарзи эвазига ўша қарздорга тўлаши керак бўлган қарзини ёпиши (тўлаши)га айтилади.
Бошқача қилиб айтганда, Муқасса (ёки “Муқосса”) ислом молиясида ўзаро қарзларни ҳисобдан чиқариш (ва бухгалтерлик балансини мувофиқлаштириш) усулидир. Бу жараён, томонларнинг бир-бирига қарздорликларини камайтириш ёки тўлиқ ёпиш учун амалга оширилади. Ушбу амалиёт ислом молияси тамойилларига мувофиқ равишда рибо (фоиз) олинмаслигини таъминлайди, яъни шариат қонун-қоидаларига мос келади.
Муқасса жараёнини қуйидаги мисол орқали яхшироқ тушуниб оламиз:
Амир Бобурга $1000 қарздор, Бобур эса Амирдан $700 лик маҳсулотни насияга олган. Демак, якунда фақат $300 соф баланс қолдиғи ёпилиши керак. Амир Бобурга $1000 ни олдин тўлаши, кейин эса Бобур Амирга қайтариб $700 ни тўлаши шартмас, чунки бу ортиқча вақт ва харажат талаб қилиши мумкин.
Шундай қилиб, Муқасса тизими ўзаро қарздорликларни самарали равишда камайтириб, тўловларни соддалаштиради. Бу, айниқса, кўп томонлама битимларда ва тармоқларда қўлланилади, чунки у молиявий жараёнларни мувофиқлаштиради ва қулайлаштиради.
Муқассанинг Ислом молиясидаги афзалликлари
1. Фоиз (рибо)дан холилиги:
– Муқасса фоизсиз ҳисоб-китобларни амалга оширади, бу эса ислом молияси тамойилларига мос келади ва мижозлар учун фоиз тўловлари пайдо бўлиши хатарини бартараф қилади.
2. Молиявий барқарорликни таъминлаши:
– Бу тизим молиявий барқарорликни таъминлашга ёрдам беради, чунки у қарздорликни самарали бошқаришга имкон беради ва тўловларни енгиллаштиради.
3. Молиявий амалиётларни соддалаштириши ва мувофиқлаштириши:
– Муқасса жараёни молия муассасалари учун ўзаро ҳисоб-китоб жараёнларини соддалаштиради ва уларнинг молиявий амалиётларини мувофиқлаштиради.
Тасаввур қилинг, икки компания, А ва Б компаниялар, ўзаро маҳсулот ва хизматлар билан савдо қилмоқда. А компанияси Б фирмасига $5000 миқдорида тўлов қилиши, Б фирмаси эса А компаниясига $3000 миқдорида тўлов қилиши керак. Муқасса орқали, фақат соф баланс қолдиғи ($2000) ёпилади ва шундай мувофиқлаштириш орқали икки ташкилот баланслари “тозаланади”.
Айтиб ўтиш лозим, бундай амалиёт анъанавий молия тизимида ҳам кенг қўлланилади (рус тилида “взаимозачет”, инглиз тилида эса “set-off” дейилади). Бухгалтерлар буни жуда яхши билишади.
Манбалар:
- AAOIFI шариат меъёрлари
- www.islamicfinance.com
- Global Finance Magazine (www.gfmag.com)