IslamicMarkets нашрининг хабар беришича, Малайзиянинг Ethis Group компанияси мамлакатда биринчи бўлиб Шариат талабларига тўлиқ жавоб берадиган краудфандинг платформасини ишга туширди. Малайзия Қимматли қоғозлар комиссияси (The Securities Commission Malaysia) рухсати асосида фаолият бошлаган Ethis Group Малайзия компаниялари учун рақамли фонд биржаси сифатида хизмат кўрсатади. Бунда Ethis Group мамлакатдаги компаниялар учун акциялар чиқариш орқали маблағ йиғиш, инвесторларга эса мазкур платформада акциялар савдоси билан шуғулланиш имконини беради.
“Краудфандинг” – инглиз тилида сrowd – «омма», funding – «молиялаштириш», яъни бирор бир ижтимоий ёки бизнес лойиҳани омма/халқ/кўпчилик сармоядорлар томонидан –ихтиёрий равишда молиялаштирилиши. Бундай молиялаштириш бугунги кунда асосан интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилади.
Ethis компаниясининг бош ижрочи директори Муҳаммад Шеҳзад платформанинг очилиш маросимида берган баёнотида, Ethis Group компанияси инвестиция имкониятларини пул маблағлари ва активлар ҳаракатини янги технологиялар ёрдамида реал иқтисодиёт доирасида ҳаракатланишини кучайтиришга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
Ethis компанияси фаолиятининг дастлабки йилидаёқ қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришни режалаштирмоқда, деди Муҳаммад Шеҳзад. Шунингдек, компания 2021 йилда платформада рўйхатга олинган кўчмас мулк ва вақф активларига ҳам инвестиция қилиш режаларини эълон қилди.
Муҳаммад Шеҳзад Ethis Groupнинг реал иқтисодиётга самарадор ва барқарор инвестициялар жалб қилишга кўмаклашиш мақсадлари доирасида, Ethis Malaysia ислом молияси йўналишида фаолият юритаётган финтеклар учун янги имкониятлар очиши мумкинлигини ҳам айтиб ўтди.
Fintech – молия соҳасидаги янги йўналиш бўлиб, бунда молиявий амалиётларни янги ёндашув, янги дастурлар, муқобил инновацион ечимлар орқали амалга оширилади. Умуман олганда, Fintechни қайсидир маънода анъанавий молияга муқобил тизим дейиш ҳам мумкин.
Краудфандинг каби муқобил молиявий ечимларни Ўзбекистон шароитида қўллаш ва ривожлантириш ҳам жуда яхши натижалар бериши мумкин, чунки бизда аҳоли турли сабаблар, шу жумладан диний қарашлар, банк тизимига бўлган ишончсизлик, тижорат банкларининг аҳоли омонатларини асосан анъанавий тарзда қабул қилиши, яъни янги таклифларнинг деярли йўқлиги туфайли ўз жамғармаларидан унумли фойдаланишмайди, турли лойиҳаларга сармоя киритишни билишмайди ва бу борада молиявий муассасалар томонидан таклифлар ҳам деярли йўқ. Fintechлар дунёда шиддат билан ривожланаётган йўналиш бўлиб, ушбу йўналиш доирасида ислом молиясини ҳам ривожлантириш имкониятлари катта.