Жуъала (ёки ваъда) жоиз битим ҳисобланади. Амалга ошириш қийин бўлган маълум ёки номаълум ишни уддасидан чиққанга бирор нима ваъда бериш жуъала деб айтилади, масалан, Қуръони каримни ёд олган ёки ўқишида бирор ютуққа эришган кишига, шунингдек саратон каби давоси топилмаётган касалликларга дори ихтиро қилганга, душман кучларини мағлуб этган ва/ёки унинг ҳарбий техникасига талафот етказган кишиларга бирор мукофот эълон қилиш кабилар жуъалага мисол бўла олади.
Жуъалага Ҳанафийлардан бошқа жумҳур уламолар рухсат беришган, улар Юсуф алайҳиссалом қиссасидаги Аллоҳ таолонинг ушбу оятини далил қилиб келтиришган:
"Улар: "Подшоҳнинг идишини йўқотдик. Уни келтирган кишига бир туя юк. Мен унга кафилман",- деди" ("Юсуф" сураси, 72-оят)
Шунингдек Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир саҳобий Фотиҳа сурасини ўқиб, дам солгани (чаён чаққан одамни даволагани) учун бир тўда қўйларни хизмат ҳақи сифатида олганларида қилган тасдиқлари ҳам жуъаланинг жоиз эканига ҳужжат сифатида келтирилади.
Жуъала талаб этилган ишни амалга оширган киши учун буюртмачи томонидан мукофот беришни билдирадиган шартнома дейиш мумкин.
Ишни бажарувчи таклифни қабул қилиши шарт этилмайди.
Мукофотни бир шахс учун ҳам, ундан кўпроқ инсон учун ҳам эълон қилиш тўғри бўлаверади.
Жуъала шартномасида томонларнинг “аҳл” бўлиши, яъни муайян фиқҳий талабларга жавоб бериши шарт қилинади. Хусусан, Моликийлар “тамйиз”, яъни яхши-ёмонни ажрата билиши керак, десалар, Шофеъий ва Ҳанбалийлар балоғатга етишни шарт қилиб қўйишган. Мукофот сифатида бериладиган нарса ҳам маълум, аниқ мол бўлиши керак. Номаълум нарса ёки маст қилувчи, тортиб олинган буюм каби ҳаром нарсаларни мукофот сифатида бериб бўлмайди. Шунингдек Жуъала битимидан олинадиган манфаат ҳам ҳақиқий, аниқ бўлиши, шаръан фойда/манфаат олиш жоиз бўлиши лозим. Бирор кишидан сеҳрни даф этиш, жин чиқариш каби нарсаларда жуъала жоиз бўлмайди. Манфаати ҳаром ҳисобланган бекорчи ашулаларни куйлаш, мусиқа асбобларини чалиш ва бошқа ман этилган ишлар учун ҳам мукофот бериш мумкин эмас.
Моликий уламолар яна жуъалада муддатни чегаралаб қўймасликни; ишнинг осон бўлишини шарт қилишган. Гарчи мукофот эълон қилинган нарсалар кўп сонли бўлса-да, масалан, қочиб кетган кўп туяларни тутиб келиш каби ишлар учун ҳам жуъала битими тузиш мумкин.
Жуъала битими бино қуриш ёки тикувчилик каби аниқ ишлардаги ижара битимидан 4 жиҳатдан фарқ қилади:
1) Буюртмачининг манфаат/ фойдани тўлиқ олиши айтилган ишни якунига етказиш билангина содир бўлади, қочиб кетган ҳайвонни қайтариб олиб келиш, касалликка шифо топиш каби. Ижара битимида эса ижарага ёлловчи ижарачи бажарган иш миқдорича манфаатга эга бўлаверади;
2) Жуъала бу таркибида ғарар мавжуд бўлган битимдир, унда ишнинг ёки уни бажариш муддатининг ноаниқ бўлиши мумкин, аммо ижара битимида бунга рухсат этилмайди;
3) Жуъалада мукофот пули/ хизмат ҳақини олдиндан беришни шарт қилиш жоиз эмас, ижарада эса олдиндан ижара ҳақи олиш мумкин;
4) Жуъала «ғойру лозим» битим, яъни уни бир томонлама бузиш/ бекор қилиш мумкин. Ижара эса «лозим» битим тузилиб, томонлар уни имзолагач, бу битимни бир томонлама бузиб бўлмайди.
Манба: “Замонавий молиявий масалалар”
Др. Ваҳба Зуҳайлий роҳимаҳуллоҳ