Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳар йили ўтказиладиган Минтақавий молия конференциясидаги видеомурожаати чоғида 2022 йилда Истанбул халқаро молия маркази (IIFC) очилишини ҳамда унинг таркибида Ислом молия маркази бўлиши кутилаётганлигини маълум қилди.
Ушбу мурожаати чоғида Президент конференция қатнашчилари, жумладан АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқининг йирик компаниялари вакиллари билан қуйидаги янгиликни ўртоқлашди:
“Биз Истанбул молия маркази дунёнинг муҳим марказларидан бирига айланишга ҳаракат қиламиз. Шунингдек ушбу лойиҳа Ислом молия марказига айланишини истаймиз”.
Ражаб Тоййиб Эрдўған
Ўсиб бораётган инфляция даражаси фонида лира курси долларга нисбатан 20 фоиздан кўпроқ қийматини йўқотди. Лекин Президент Туркиянинг яна бир бор хорижий сармоядорлар ишонадиган давлатга айланишига умид билдирди. Standard & Poor’s (S&P) Кредит рейтинг агентлиги 27-сентябрь куни эълон қилган ҳисоботида Туркиянинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ўсиш даражаси 8,6 фоизга етиши таҳмин қилинмоқда.
2014 йилдан буён Туркия Президенти лавозимини бошқариб келаётган Эрдўған 2003-2014 йилларда бош вазир сифатида ишлаган. Президент бўлгунга қадар у Истанбул ҳокими лавозимида ҳам тўрт йил ишлаган, “зўравонлик ва диний ташвиқот ёки ирқий нафрат””да айбланиб қамалган. Эрдўған 2001 йилдаги молиявий инқироздан Туркиянинг муваффақиятли чиқиб кетишига сезиларли кўмак берган.