Ислом банк-молия соҳаси сўнгги йилларда юқори суратларда ривожланди.
Тадқиқотларга кўра, ислом молияси мусулмон аҳолиси кўп, аммо уларнинг катта қисми анъанавий банкларнинг молиявий хизматларидан фойдаланмайдиган давлатларнинг иқтисодий ўсиши ҳисобига кенгайиб бориши кутилмоқда. Шунингдек, шариатга мос молиявий маҳсулотларга сармоя киритиш истагида бўлган кўплаб нефт экспорт қилувчи мамлакатлар сармоялари ҳам бунга туртки бўлмоқда. Ислом молиясининг кенгайиши бир қатор манфаатларга эга бўлиш имконини бериши мумкин. Масалан, ислом молияси ўз табиатига кўра, анъанавий молия тизимига қараганда инқирозга бардошлироқ ва умуман тизим сифатида барқарорроқ деб эътироф этилади, чунки бу тизимнинг қуйидаги бир нечта хусусиятлари буни таъминлайди:
– ўз амалиётларида реал активларга таяниши (яъни қимматли қоғозлар билан бўладиган ҳар қандай амалиётда ҳам, бизнесни молиялаштиришда ҳам);
– хатарларга бўлган муносабати (яъни бизнес иштирокчилари ўртасида хатарларни мутаносиб тақсимланишига қаратилганлиги);
– чайқов амалиётлари тақиқланганлиги (яъни мулкка эгаликни қўлга киритмасдан туриб амалга ошириладиган чайқов амалиёти).
Бироқ, ушбу қоида ва тамойилларга қарамай, бугунги кунда ислом банк-молия тизими бир қатор муаммоларга дуч келмоқда. Мисол учун, ислом молия муассасалари меъёрларини ўрнатувчи ташкилотларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, кўплаб давлатларда ушбу соҳа анъанавий молия учун ишлаб чиқилган назорат тизими томонидан, соҳанинг ўзига хос ҳусусиятлари инобатга олинмаган ҳолда, мавжуд қонун-қоидалар асосида бошқарилади. Албатта, бу ҳолат ислом банк-молия тизими ривожига хизмат қилмайди.
Манба: Халқаро валюта жамғармасининг “Staff Discussion Note” рукни остидаги таҳлилий материали асосида тайёрланди.