Ислом банкларида хатарларни бошқаришга бағишланган мақоламизнинг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган хатарларни камайтириш / минималлаштиришнинг шариатга мувофиқ турли хил усуллари мавжуд. Уларга қуйидагилар киради:
1. Гаров олиш.
Бу усул кредит хатари ва дефолт (тўловга лаёқатсизлик) хавфини нисбатан камайтиради. Кредит ва дефолт хатарлари ислом банкларда жуда муҳим масалалардан ҳисобланади. Анъанавий банклар бундай ҳолатларда кредитларни арзонроқ баҳода бошқа томонга сотиб юбориб ўз хатарларини камайтиришлари мумкин, бироқ шариатда қарзни чегирма ёки мукофот эвазига сотиш ва сотиб олиш (факторинг) қатъиян тақиқланган амалиётлардан биридир.
2. Учинчи томоннинг кафолати.
Бу усул кредит, дефолт ва қарши томон (яъни мижоз, сотувчи/ишлаб чиқарувчи, ташувчи…) хатарларини камайтиришга ёрдам берувчи самарали усулдир. Банкнинг мижози тўловларни ўз вақтида амалга оширолмайдиган ҳолларда мазкур восита ёрдамида ислом банки кафолат берувчи томондан тўловларни ундириб олиши мумкин.
3. Ихтисослашган ишончли муассасалардан мижозларнинг кредит рейтингларини олиш.
Ушбу замонавий усул кредит хатарини, дефолт хавфини, қарши томон хатарини ва активлар сифати билан боғлиқ хатарларни камайтиришда жуда асқотади.
4. Хатарларни самарали бошқариш учун Ислом молия маҳсулотлари орасидан энг муносибини танлаш.
Молия муассасалари томонидан молиялаштириш маҳсулот/усул/воситаларини тўғри танлаш жараёнлардаги хатарлар ва ликвидлик хатарини камайтиради. Масалан муайян лойиҳа учун муробаҳа маҳсулотини эмас, балки ижара маҳсулотини қўллаш ортиқча ҳаракат ва харажатларни олдини олишга ва шу орқали банк даромадини оширишга ёрдам бериши мумкин (яъни ҳар бир лойиҳани яхши ўрганиб чиқиш ва ўша лойиҳага мос келадиган (оптимал) молиялаштириш усулини танлаш жуда муҳим).
5. Нархларни аниқ баҳолай олиш.
Ислом банклари бозор хатари ва нарх билан боғлиқ хатарларни инобатга олган ҳолда нархларни белгилаши мумкин. Бу усул амалиёт (операцион) ва нарх билан боғлиқ хатарларни ҳам камайтиришга ёрдам беради.
6. Актив билан боғлиқ амалиётларда такафул (анъанавий суғуртага муқобил бўлган Ислом суғуртаси)дан фойдаланиш.
Бу усул ёнғин, ўғрилик, юк ташишдаги давомида юз бериши мумкин бўлган транспорт ҳалокати ва шу каби ҳолатларда юзага келадиган хатарларни камайтириш имконини беради.
7. Шариат талабларига мувофиқликни таъминлаш.
Бунинг учун барча молиялаштириш амалиётларини олдиндан шариат кенгашига тасдиқлатиб олиш шариат талабларига риоя қилмаслик / уларни бузиш ва ислом банки обрў-эътибори билан боғлиқ хатарлар (reputation risk)ни камайтиради. Бунда, Ислом банки ўз фаолияти тўғрисидаги китобларни нашр этиш ва тарқатиш, илмий анжуманлар ташкил қилиш, ислом банк курслари, тренинг ва турли ўқув дастурларини лойиҳалаштириш ва оммалаштириш орқали мижозларининг ишончини йўқотиш хавфини бартараф этиши мумкин.