Аксарият тадбиркорлармиз онгида бизнесга сармоядор (инвестор)ларни жалб қилиш фақат доимий шерикчилик асосида бўлиши мумкин, яъни бизнесга пул тиккан сармоядор корхонанинг таъсисчисига айланади ва шу сабабли тадбиркорлик фаолиятида фаол иштирок этишни бошлайди, масалан муҳим қарорлар юзасидан овоз бериш, қарор қабул қилишда тўлақонли иштирок этишни бошлайди деган нотўғри фикр шаклланган. Бундай фикр эса уларни бизнесга сармоя жалб қилишдан, демакки янги ишбилармонлик алоқалари ўрнатишдан ва тадбиркорлик фаолитини кенгайтиришдан тўсади (“нима қиламан бегона одамларни тайёр бизнесимга аралаштириб, улар билан ҳисоблашиб ўз қўлимни ўзим боғлаб, кичкина бўлса ҳам юриб турибдику, эртага бировни қўлига тутқазиб қўйгандан кўра”, деган фикрларни кўп эшитганмиз ҳаётда). Тадбиркорларимизга ё вақтинча сармоя киритадиган, ёки бизнесга умуман аралашмайдиган сармоядор керак. Бизнесда эҳтиёткор бўлган албатта ёмонмас, аммо келинг ислом дини бу ҳақда нима дейишини билайлик.
Ислом ҳуқуқшунослигида шерик, сармоядор ва бошқарувчи тушунчалари иккита асосий шартнома, яъни “мушорака” ва “мудораба” доирасида бўлиб кўриб чиқилган. Албатта, бу икки шартнома алоҳида кўриб чиқилиши керак. Аммо, ушбу масаланинг тадбиркорларимиз учун аҳамияти ва долзарблигини инобатга олган ҳолда, биз бу шартномалар ўртасидаги асосий фарқлар ва улар бўйича қисқача шарҳлар бериб ўтишга қарор қилдик.

Корхонага боғлиқ ушбу масалаларни қуйида батафсил кўриб чиқамиз:
1. Амалда биз кўпинча қуйида кўрсатилган икки турдаги сармоядорни кўришимиз мумкин:
- Биринчи турдагиси бизнесни яратиш ва ривожлантиришда манфаатдор бўлган таъсисчи ва ҳамкорлар. Улар бизнесга муҳим масалалар юзасидан овоз бериш ёки уни бевосита бошқариш орқали таъсир қилишни хоҳлашади. Булар амалий ҳамкорлардир (лекин улар фаол бўлмаслиги ҳам мумкин). Бундай ҳамкорлар учун анъанавий мушорака шартномаси мос келади. Бунда улар корхона (бизнес) таъсисчилари сифатида бирор бир мамлакатнинг қонунчилиги доирасида фаолият олиб боришлари мумкин.
- Иккинчи турдагилари, бўш (эркин) маблағлари бўлганлиги, ҳамда таклиф қилинаётган бизнес лойиҳанинг даромадлилик даражаси уларни қониқтиргани учун маълум муддатга (яъни вақтинча) маблағ киритувчи сармоядорлардир. Одатда бундай сармоядорлар бизнес фаолиятга аралашишмайди, уларни асосан мунтазам равишда тўлаб туриладиган фойдадаги улуш (дивидендлар) қизиқтиради. Кўпинча бизнес фаолият учун айланма маблағ керак бўлади, шунинг учун тадбиркорлар шу турдаги сармоядорларнинг маблағларини маълум муддатга жалб қилишни исташади. Айнан шу турдаги инвестициялар учун мудораба шартномаси жуда қўл келади, чунки бунда, сармоядор билан маълум бир муддатга келишилади ва шу инвестиция муддати тугаши билан у бизнесдан чиқиб кетаверади (ёки янги келишувга асосан бизнес ҳамкорликни давом эттираверади).
2. Мушорака шартномасидан ҳар бир сармоядор бизнесга ўз улушини (маблағини) киритиши лозим.
Мудорабада эса сармоядор (яъни бизнесга маблағ киритувчи) ва иш бошқарувчи/мудориб тушунчаси борки, бунда иш бошқарувчи/мудориб бизнесда маблағи билан эмас, балки ўз мехнати/иқтидори билан иштирок этади ва шунинг учун фойдадан улуш олади.
3. Мушоракада барча ҳамкорлар бизнес бошқарувида иштирок этиши мумкин. Бунда бошқарувга оид барча зарур масалалар томонларнинг умумий келишуви асосида хал қилинади.
Мудорабада эса сармоядор бизнесга аралашиш ҳуқуқига эга эмас. У ўз сармояси тасарруфи бўйича муайян шартлар қўйиши мумкин (бу «чекланган мудораба» деб аталади), аммо бизнес бошқарув жараёнига аралашиши мумкин эмас.
4. Мудораба шартномасида иш бошқарувчи/мудориб ва сармоядор мунтазам равишда тўлаб туриладиган фойдадаги улушни (дивидендлар) тўлаш шартларини келишиб олишлари мумкин. Бунда, тўловлар бизнеснинг турига ва ўртадаги келишувга қараб ҳар ойда, ҳар чоракда ёки йилда бир марта амалга оширилиши мумкин, аммо келишув охирида ёки бошқа бир келишилган муддатда якуний ҳисоб-китоблар қилинади.
Мушорака шартномаси асосида фаолият юритувчи ҳамкорлар эса фақат ўзлари ўртасидаги келишув асосида ёки корхонанинг шундай тўловларни амалга ошириш тартибига мувофиқ равишда фойдадан улуш олишлари мумкин.
5-6. Мушоракада барча ҳамкорлар овоз ҳуқуқига эгалар, мудорабада эса сармоядорнинг бундай ҳуқуқи йўқ, чунки у корхонанинг таъсисчиси ҳам, бизнес шерик ҳам, акциядор ҳам эмас. Шунинг учун ҳам у бизнес бошқарувига аралашишга ҳам, муҳим масалалар юзасидан қарорлар қабул қилишга ҳам ҳақи йўқ.
7. Мушоракада ҳамкорлар бизнесга қўшимча сармоя киритишга келишишлари мумкин ва ушбу келишувни бажаришга мажбурлар.
Мудорабада эса мудориб ёки мулкдор сармоядорни сармоя миқдорини кўтаришга (кўпайтиришга) мажбурлаша олмайди.
8-9. Мушоракада мулкдорлар / шериклар бизнес хатарларни ва зарарларни бўйниларига олишга мажбурлар.
Мудорабада, сармоядор бутун бизнесга (яъни тўлиқ равишда) маблағ киритган бўлса, у ҳолда у ҳам бизнес хатарларни/зарарларни тўлиқ равишда бўйига олади.
Аммо мудорабада, сармоядор муайян бир бизнес йўналиш ёки лойиҳага сармоя киритиш ҳуқуқига эга ва шунинг учун у, шу бизнес лойиҳа доирасидаги хатарларнигина бўйнига олади (яъни бошқа йўналишлар/лойиҳалар доирасида кўрилган зарарларга у жавоб бермайди).
Шунингдек, мудораба шартномасида мудориб ҳам бизнесда кўрилган зарарлар юзасидан жавобгар бўлмайди. Бу ҳолатда Мудориб йўқотиши мумкин бўлган асосий нарса, бу унинг фойдадан улуш ололмаслигидир.
Аммо, шу билан бирга, кўрилган зарарлар Мудорибнинг билимсизлиги, лоқайдлиги, амалдаги қонунларни билмаслиги ва уларни қўпол равишда бузганлиги туфайли кўрилганлиги маълум бўлса, у ҳолда кўрилган зарарларни Мудориб қоплаб бериши лозим бўлади.