Ушбу мақолада сармоядорлик, яъни инвестиция фаолиятига қизиққан ва ҳалол акцияларга сармоя киритиш орқали бойлик орттиришни ният қилган мусулмонлар учун керакли маълумотлар жамланган. Ушбу мақоланинг биринчи қисмида, акция ҳалоллигини текшириш учун динимизда кўрсатилган мезон ва қоидалар кўрсатиб ўтилади, иккинчи қисмида эса бу қоидаларни амалда қўллаш ҳақида маълумот берилади.
Бу мақола, айниқса, акциялар савдосига энди кириб келаётган янги инвесторлар учун фойдали бўлади деб ўйлаймиз. Зеро, унда қуйидаги саволларга жавоб топиш мумкин:
- шариатга кўра компания акцияларига инвестиция қилиш мумкинми?
- акция ҳалоллигини текшириш учун қандай услуб (методология) ва стандартлар мавжуд?
- шариатга мувофиқ акцияларни аниқлашнинг осонроқ усули борми?
- акция ҳалоллигини қандай босқичларда текширган яхши? (бизнинг тавсиялар)
Шариатга кўра компания акцияларига инвестиция қилиш мумкинми?
Бу саволга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг берган жавобларини эслатиб ўтиш муҳим. Агар компания ҳалол фаолият билан шуғулланса, бу компаниянинг акциясини сотиб олиш ва унинг қиймати ошиши, ҳамда дивиденддан фойда олиш динимизда жоиз деб белгиланган.
Хўш, қандай компания фаолияти ҳалол ҳисобланади?
Компания фаолиятини шариатга мувофиқ ёки йўқлигини текшириш дастлаб мураккабдек туюлиши мумкин. Чунки кўплаб компаниялар бир вақтнинг ўзида бир неча фаолият тури билан шуғулланишади. Шунингдек, биз эшитмаган ёки фаолияти ҳақида яхши билмаган чет эл компаниялари ҳам кўп. Ҳозирда мусулмонларнинг жаҳон капитал бозорларида иштирок этиши ва шариатга мувофиқ инвестиция билан шуғулланиши учун ислом олимлари бир қатор керакли қоидаларни ишлаб чиқишган. Ушбу қоидалар тўплами шариат стандарти кўринишига келтирилган бўлиб, қуйида бу ҳақида кенгроқ маълумот берамиз.
Акция ҳалоллигини текшириш учун қандай стандарт ва услублар мавжуд?
Қимматли қоғозларга инвестиция қилиш учун ишлаб чиқилган бир неча стандартлар мавжуд. Ислом молияси ривожланган мусулмон давлатларида қимматли қоғозлар олди-сотдисини алоҳида тартибга солувчи ҳукумат ташкилотлари ҳам мавжуд. Масалан, Малайзияда Shariah Advisory Council (SAC) of the Securities Commission Malaysia (SC) керакли қоидаларни ишлаб чиқади ва назорат қилади. Индонезияда эса бу ишни The Financial Services Authority of Indonesia амалга оширади. Шунингдек, шариат стандартлари ишлаб чиқадиган халқаро ислом ташкилотлари ҳам бор (қуйида бунга тўхталиб ўтамиз).
Universiti Sains Islam Malaysia университети профессорлари ёзган тадқиқот ишида, қимматли қоғозларга инвестиция қилишнинг Шариатга мувофиқлигини текширишда қўлланиладиган турли стандартлар келтирилган. Стандартларнинг келиб чиқиши ва улар ишлатадиган услублар ҳақида батафсил маълумот олишни истасангиз, тадқиқот иши билан танишиб чиқинг.
Қимматли қоғозларни ва корхоналар фаолиятини шариатга мослигини текшириш (Shariah Screening) бўйича Покистоннинг Meezan Bank да ҳам ўз услуби мавжуд. Маълумки, Meezan Bank шаръий масалаларда Муфтий Тақий Усмоний раҳбарлик қиладиган шариат кенгаши фатволари асосида бошқарилади. Таъкидлаш лозим бўлган тарафи шундаки, Покистоннинг капитал бозорлари ривожланиш даражасидан келиб чиқиб, ушбу усулда молиявий коэффициентларни аниқлашда корхонанинг бозор қийматидан (капитализация) эмас, балки баланс ҳисоботидаги кўрсаткичлардан фойдаланилади. Ўзбекистондаги аксар корхоналар акцияларга эга эмаслиги ва очиқ бозорда сотилмаслиги инобатга олинса, ушбу усулдан маҳаллий корхоналарга инвестиция қилишда ҳам фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Қимматли қоғозлар бўйича Шариат стандартлари ичида, халқаро миқёсда кенг қўлланиладиган стандарт ва услуб, бу – “Ислом Молия Муассасалари учун Молия Ҳисоби ва Аудит Ташкилоти” яъни Accounting and Auditing Organization for Islamic Financial Institutions (AAOIFI)га тегишли. AAOIFI ишлаб чиққан стандартлар дунёнинг кўплаб мусулмон давлатлари ҳамда ислом ташкилотлари томонидан кенг қўлланилади. AAOIFI стандартларига риоя қиладиган давлат ва ташкилотлар бўлиб, уларнинг рўйхати билан ҳам танишишингиз мумкин. Шунингдек, AAOIFI Шариат Стандартини юклаб олиш ёки онлайн ўқишингиз мумкин (инглиз, араб ва рус тилларида мавжуд).
Ушбу AAOIFI стандартида, турли молия маҳсулот ва хизматлари учун ислом қоидалари жамланган. Қуйида биз сизга қимматли қоғозлар, хусусан, компания акциясини сотиб олиш учун қўйиладиган талабларни келтирамиз (Манба: Шариат Стандарти 21-бўлими).
Компания акциясининг шариатга мувофиқлиги (shariah compliance) 2 томонлама текширилади. Булар – компаниянинг бизнес фаолияти ва молиявий кўрсаткичлари.
1. Компаниянинг бизнес фаолияти.
Дастлаб, компания пулни қайси фаолиятлари орқали ишлаб топаётгани текширилади. Агар компаниянинг асосий даромади қимор, рибо, маст қилувчи ичимликлар ишлаб чиқариш каби исломда қатъий тақиқланган фаолият турлари ортидан келса, бундай компаниянинг акциясини сотиб олиш мумкин эмас.
Қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланувчи компаниялар акцияларига сармоя киритиш ТАҚИҚЛАНАДИ:
- рибога асосланган молиявий хизмат кўрсатувчи ташкилотлар (анъанавий банклар, кредит ташкилотлари ва бошқа шу кабилар);
- фаолияти ноаниқлик/ғарарга асосланган ташкилотлар (суғурта компаниялари ва бошқа шу кабилар);
- қимор/майсир (казино, лотерея кабилар);
- маст қилувчи ичимликлар ишлаб чиқарувчилар ва сотувчилар;
- чўчқа маҳсулотлари (гўшти, ёғи, териси, туки, суяклари…) ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар;
- порнография ва фоҳишабозликка оид маҳсулот ва хизматлар таклиф қилувчилар (ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар);
- тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар;
- қурол-яроғ ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар (лекин ўз давлати мудофаси учун зарур бўлган қурол-яроғ ишлаб чиқарувчи компаниялар акциялари бундан мустасно);
- юқорида келтирилган тақиқланган маҳсулот ва хизматларни реклама қилувчилар;
- медиа ва кўнгилочар маҳсулотлари (масалан, нард каби ислом динида тақиқланган ўйинлар) ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар (таълим, янгиликлар, болаларни ривожлантиришга қаратилган дастурлар бундан мустасно).
Шуни айтиб ўтиш ўринлики, даромад манбаи юқорида келтирилган соҳалардан 100% ҳоли компанияни ҳозирда топиш қийин. AAOIFI Шариат Стандартига кўра, тақиқланган фаолиятдан келган даромад жами даромаднинг 5% дан кам миқдорни ташкил қилса, бу компания акциясини сотиб олиш мумкин. Фақат бир шарт билан – ушбу 5% дан кам миқдор аниқланиб, савоб умид қилинмасдан муҳтожлар (етим-есир, мискинлар)га бериб юборилиши керак (Манба: Шариат Стандарти 563-бет, 3/4/4). Бериб юбориладиган бундай пул маблағлари, масжид қуриш, Қуръон китоблари чоп қилиш каби ишларга, шунингдек, закот каби фарз амаллар учун ишлатилмаслиги зарур.
2. Молиявий кўрсаткичлар
Агар компаниянинг асосий даромади (95%+) тақиқланмаган фаолиятдан келса, текширишнинг 2-босқичи, яъни молиявий кўрсаткичларни ўрганишга ўтилади. AAOIFI қуйидаги 3 хил кўрсаткичга талаб қўйган:
1) Компаниянинг фоизга олинган қарз (interest-bearing debt) миқдори жами бозор капиталлашув қийматининг 30%идан ошмаслиги керак (Манба: Шариат Стандарти 563-бет, 3/4/2).
Ҳисобланиши:
Фоизга олинган қарз = (ҚМҚ + УМҚ) / БКҚ
Бунда, ҚМҚ = Қисқа муддатли қарз; УМҚ = Узоқ муддатли қарз; БКҚ = Бозор капиталлашув қиймати (акциялар сонининг акция нархига кўпайтмаси).
2) Компаниянинг фоизли депозитлари (interest-taking deposits) миқдори жами бозор капиталлашув қийматининг 30%идан ошмаслиги керак (Манба: Шариат Стандарти 563-бет, 3/4/3).
Ҳисобланиши:
Фоизли депозитлари = (НП + НПЭ + ФД) / БКҚ
Бунда, НП = Нақд пул; НПЭ = Нақд пул эквивалентлари; ФД = Фоизли депозитлар; БКҚ = Бозор капиталлашув қиймати (акциялар сонининг акция нархига кўпайтмаси).
3) Компаниянинг жами ликвид активларининг миқдори жами активлар миқдорининг 70%идан ошмаслиги керак.
Ҳисобланиши:
Ликвид (яъни тез нақд пулга айлантириш мумкин бўлган) активлари = (НП + НПЭ + ҚҚКП) / ЖА
Бунда, НП = Нақд пул; НПЭ = Нақд пул эквивалентлари; ҚҚКП = Қабул қилиниши кутилаётган пуллар; ЖА = Жами активлар.
Юқоридаги кўрсаткичларни ҳисоблашда, компаниянинг энг охирги чоракда тақдим қилинган баланс ҳисобварағидан ва ушбу ҳисобот тақдим қилинган санадаги Бозор капиталлашув қийматидан фойдаланилади. Бозор капиталлашув қиймати муомаладаги жами акциялар сонини бир дона акциянинг бозордаги нархига кўпайтириш орқали топилади.
Шунингдек, акцияларни олди-сотдисида, қуйидаги талабларни ҳам ёдда тутиш зарур:
- имтиёзли акциялар (preferred stock) чиқариш ва улар билан олди-сотди қилиш мумкин эмас;
- фоизли қарз (margin sales) эвазига акциялар сотиб олиш мумкин эмас;
- ўзи эгалик қилмайдиган акцияни бошқага сотиш (short selling) мумкин эмас;
- акциялар учун Futures, Options ва Swap шартномаларини тузиш мумкин эмас;
- акциялар билан тафовут бўйича битим (CFD) асосида олди-сотди қилиш мумкин эмас.
Батафсил изоҳларни AAOIFIнинг 21-рақамли Шариат Стандартидан олишингиз мумкин.
Шариатга мувофиқ акцияларни аниқлашнинг осонроқ усули борми?
Юқорида акцияга инвестиция қилишнинг Шариатга мувофиқ келиши учун ўрнатилган меъзон ва талаблари билан қисқача танишиб чиқдик. Тақиқланган фаолият билан шуғулланувчи компанияларни аниқлаш балки унчалик қийин эмасдир. Лекин кўрсаткичларни бирма-бир ҳисоблаб чиқиш иқтисод ва молия йўналиши бўйича билими бор кишилар учун ҳам осон иш эмас. Фақат АҚШнинг ўзида 4 мингдан ортиқ компаниялар биржада рўйхатдан ўтган. Бу компанияларнинг ичидан асосий фаолияти ҳалол бўлганларини ажратиб олиб, уларнинг молиявий кўрсаткичларини ҳам текшириш зарур. Хўш, унда нима қилиш керак? Осонроқ йўли борми?
Осонроқ йўли – ҳалол акцияларни аниқлашга ва инвестиция қилишга ёрдам берувчи компанияларнинг маълумотлар манбасидан фойдаланиш. Islamicly, Zoya Finance, Wahed Invest, Sharia Portfolio каби компаниялар шулар жумласидан. Ушбу компанияларнинг фаолияти ислом молияси мезон ва тамойилларига асосланган бўлиб, улар AAOIFI стандартларига амал қилишади. Islamicly ва Zoya Finance акцияларнинг ҳалоллигини текшириш (screening) билан шуғулланади. Wahed Invest ва Sharia Portfolio эса, шариатга мувофиқ инвестиция бошқаруви билан шуғулланади. Бу компаниялар AAOIFI стандартларига амал қилиш билан бирга уларнинг ислом уламоларидан ташкил топган алоҳида Шариат Кенгашлари ва диний маслаҳатчилари ҳам бор.
Масалан, Wahed Invest Шариат Кенгашида Шайх Аднан Ҳасан, Шайх Муҳаммад Аҳмад Султан ва Муфтий Фараз Адам Ҳанифлар маслаҳатчи бўлиб ишлашади. Шунингдек, Шайх Ясир Қадҳи Wahed Invest презентацияларида иштирок этиб, Wahed Invest хизматларидан фойдаланишни тавсия қилганлар. Wahed Invest мутахассислари томонидан текширилган акциялар рўйхати билан ҳам танишиш мумкин. Тайёр рўйхат билан танишиб чиқиш ишингизни анча осонлаштиради.
Шариатга мувофиқ акцияларни текширишнинг яна бир осон усули – Zoya Finance мобил иловасидан фойдаланиш. Иловага акциянинг номини (ticker symbol) киритсангиз, акция шариатга мувофиқми (shariah compliant) ёки йўқлигини (shariah non-compliant) кўрсатиб беради. Илованинг пуллик ва бепул шакллари бор бўлиб, унда кўплаб акциялар ҳақида маълумотлар мавжуд. Илованинг пуллик шаклини ҳарид қилсангиз, акциялар ҳақида тўлиқ ҳисоботлар ва бошқа қўшимча хизматларни ҳам олишингиз мумкин бўлади. Лекин, дастлабки текшириш учун бепул шаклининг ўзи етарли ва бу сизнинг бир неча дақиқа вақтингизни олади холос. Islamicly иловаси ҳам Zoya Financeга ўхшаш.
Шуни ёдда тутингки, юқорида келтирилган компанияларда ҳам сизу-бизга ўхшаш одамлар ишлайди ва улар ҳам хатога йўл қўйишлари мумкин. Шунинг учун, Zoya Finance ёки Wahed Invest хизматларидан фойдаланиш билан бирга, ўзингиз ҳам яхшилаб текшириб кўринг.
Акция ҳалоллигини қайси босқичларда текширган яхши? (бизнинг тавсия)
Юқорида берилган маълумотларга асосланиб, акцияларни текширишда қиладиган ишларимизни тартиб билан босқичларга бўлиб олсак:
- Дастлаб, компания қандай фаолият билан шуғулланишини ўзингиз яхшилаб билиб олинг. Асосий даромади тақиқланган фаолиятдан келса, бошқа компанияни танланг.
- Zoya Finance ёки Wahed Investдан акцияни текшириб кўринг.
- Юқорида келтирилган 3 та молиявий кўрсаткичларни яна бир бор ўзингиз ҳисоблаб кўринг ва ишонч ҳосил қилинг.
- Акцияни ҳар томонлама ўрганиб харид қилганингиздан сўнг, молиявий ҳисоботлар эълон қилинганда, компания даромадининг неча фоизи тақиқланган фаолият турларидан келганини аниқланг. Тақиқланган фаолият турларидан келган даромад компания жами даромадининг 5% дан ошмаслиги зарур.
- Агар компания сизга дивиденд тўлаган бўлса, тақиқланган фаолият турларидан келган фоизга тенг миқдорда олган дивидендингиздан фоиз ҳисоблаб эҳсон қилиб юборишингиз лозим (dividend purification). Масалан, компания жами даромадининг 2%и тақиқланган фаолиятдан шаклланган бўлса ва сизга $100 миқдорида дивиденд тўланган бўлса, $100нинг 2%и, яъни $2 савоб умид қилинмасдан ҳайрия мақсадларига йўналтирилади.
- Компания фаолиятидаги ўзгаришларни кузатиб боринг. Ҳар чорак компаниянинг янги тақдим қилинган молиявий ҳисоботлари билан танишиб чиқинг. Агар компания, динимизда тақиқланган фаолият билан шуъгулланишни бошласа/кенгайтирса (масалан, маст қилувчи ичимлик ишлаб чиқарадиган заводни сотиб олса ва бу компания даромадининг катта қисмига айланадиган бўлса), бундай компания акциясини сотиб юбориш керак бўлади.
- Компаниянинг асосий фаолияти жамиятга, хусусан, ислом умматига қанчалик фойдали эканлигини инобатга олсангиз ҳам мақбул иш бўлади.
- Юқоридаги манба ва воситалардан фойдаланиш билан бирга, имконият топиб бу соҳада билим-тажрибаси бор аҳли илмлар, яъни олим ва соҳа мутахассислари билан маслаҳатлашиб туришингиз мақсадга мувофиқ. Зеро, сўнгги қарорни ўзингиз қабул қиласиз ва бу айнан сиз учун муҳим аҳамиятга эга.
Мақолада хато-камчиликларга йўл қўйилган бўлса, Аллоҳ ўзи кечирсин. Аллоҳ барчамизни тўғри йўлдан адашишдан асрасин ва ризқимизни ҳалолидан берсин.
Агар мақоладан оз бўлсада фойдали маълумот олган бўлсангиз, UPLIFT каналига дўст ва яқинларингизни ҳам таклиф қилинг. Балки, улар учун ҳам фойдали бўлар.
Муаллиф: Жавлон Отақулов (@javlonota).
Иқтисодчи, Маркетолог, Инвестор
Иқтисодиёт йўналишида Магистр, Yonsei Университети (Ж.Корея)
Банк иши йўналишида Бакалавр, Тошкент Молия Институти