Куни кеча Ҳалол меҳмонхона ва ресторанларга қандай талаблар қўйилган? номли мақолани саҳифамизга қўйганимиздан кейин, баъзи ўқувчиларимиз ушбу соҳадан бехабар эканликлари маълум бўлди, шу сабабли Ислом молияси канали асосчиларидан бўлган Жаҳонгир Имамназаровнинг 2018 йил “Экономическое обозрение” журналининг 2 сонида чоп этилган “ҲАЛОЛ” БОЗОРИ: ЎЗБЕКИСТОН УЧУН ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР номли мақоласини бироз янгилаб сизларнинг эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик.
Сўнгги бир неча йил ичида иқтисодиёт соҳасида бир қанча муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Миллий валютамизнинг хорижий валюталарга эркин алмашинуви (конвертация) масаласи ҳал қилинди, экспорт маҳсулотларига қўйилган божхона солиқлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортидаги мавжуд монополиялар, экспортдан тушган маблағларнинг бир қисмини банкка мажбурий сотиш талаби ва яна йиллар давомида тадбиркорлик фаолияти йўлида тўғоноқ бўлиб келган бир қанча талаблар бекор қилинди…
2017 йил охирида яна бир муҳим қарор қабул қилинди ва бу қарор келажакда мамлакатимиз иқтисодиёти ва халқимиз маънавияти ривожи орқали ўз натижасини кўрсатишига ишончимиз комил.
2017 йил 6-ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-3377-сонли «Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан республикада “ҲАЛОЛ” стандарти[1] жорий этилди.
Хўш, бу қарорнинг мамлакатимиз учун қандай нафи бор?
20 асрнинг ўрталарида мусулмонлар дунё аҳолисининг 13,6% ни (341 млн.)[2] ташкил қилган бўлса, бугунги кунга келиб дунё аҳолисининг (7,58 млрд)[3] тахминан 24% (1,8 млрд.)[4] мусулмонлардан иборат. Бу рақамлар ким учундир оддий статистика бўлиши мумкин, лекин “ҲАЛОЛ” стандарти талаблари асосида маҳсулот ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчи корхоналар учун бу миллионлаб эҳтимолий харидор ва мижозлар дегани.
Йилдан йилга дунёда мусулмонлар сонининг ортиб бориши “ҲАЛОЛ” белгиси остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга талабнинг янада ошишини таъминламоқда.
Ислом динида баъзи маҳсулотларни истеъмол қилиш, ва ҳатто баъзиларидан фойдаланиш ҳам таъқиқланган, яъни ҳаром қилинган. Ҳалол ва ҳаром масаласи мусулмонлар учун жуда жиддий ва шу билан бирга бироз мураккаб бўлгани сабабли, бу масала билан мусулмон олимлари доимий равишда шуғулланиб келишади. Бу масаланинг бироз мураккаблиги ва бу масалага олимларнинг эътибори зарурлиги шундаки, ислом динида баъзи нарсаларни истеъмол қилиш Қуръони Каримда таъқиқланган бўлса (мас. қон), бошқалари ҳадислар орқали (мас. эшак гўшти) ҳаром қилинган, баъзи нарсаларнинг фақат гўшт ва ёғи истеъмол учун таъқиқланган бўлса (мас. қоплон каби йиртқич ҳайвонлар), баъзиларининг териси ёки тукидан фойдаланиш ҳам мумкин эмас (мас. чўчқа). Бундан ташқари, гўшт-ёғи ҳам, териси ҳам ҳалол бўлган жониворларни (мас. қўй) ислом динида таъқиқланган йўл билан сўйиш ҳам (мас. электр токи билан уриб ўлдириш) уни мусулмонлар учун истеъмолга яроқсиз ҳолга келтиради (яъни бундай маҳсулот “ҲАЛОЛ” ҳисобланмайди). Исломда таъқиқланган маҳсулотлар рўйхати анчагина узун ва бу рўйхат илм-фан ривожлангани сари доимий равишда тўлдириб борилмоқда. Негаки янги-янги дори-дармонлар, озиқ-овқат қўшимчалари, кийим-кечаклар, пардоз-андоз маҳсулотлари ва ҳкз. ишлаб чиқилмоқда ва баъзан ушбу янги турдаги маҳсулотларнинг таркибига ислом динида ҳаром қилинган моддалар қўшилади. Бу эса тегишли мутахассисларнинг ушбу маҳсулотлар бўйича тадқиқотлари ва хулосаларини талаб қилади.
World Halal Summit Кенгаши Президенти Юнус Эте (Yunus Ete), сўзларига кўра[5], жаҳон ҳалол бозори ҳажми сўнгги беш йилда икки баравар ўсган ва 10 трлн. долларга яқинлашиб қолган, жумладан:
ҳалол озиқ овқатлар бозори ҳажми 2 триллион АҚШ долларидан, ҳалол туризм соҳаси ҳажми 400 миллиард АҚШ долларидан, пардоз-андоз саноати ҳажми 200 миллиард АҚШ долларидан ҳамда кийим-кечак саноати ҳажми 240 миллиард АҚШ долларидан ошган.
“ҲАЛОЛ” дори-дармон маҳсулотлари бозорининг ҳажми эса 300 млрд. АҚШ долларидан ошган[6].
Бугунги кунда “ҲАЛОЛ” (“Halal”) белгиси остида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга Европа Иттифоқи, АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Канада, Хитой, Ҳиндистон, Лотин Америкаси давлатлари, Янги Зеландия ва Таиланд каби мамлакатларда ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Дунёга машҳур Nestlé (Швейцария) компаниясининг Малайзиядаги шуъба корхонаси 1 млрд. АҚШ долларидан зиёд товар айланмаси билан “ҲАЛОЛ” маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми бўйича етакчилик қилмоқда. Малайзияда 1912 йилдан бери фаолият олиб бораётган бу компания, бугунги кунда 5 минг нафар одамни иш билан таъминлаб, 300 турдан ортиқ “ҲАЛОЛ” маҳсулот ишлаб чиқармоқда. “ҲАЛОЛ” маҳсулотлар бозори истиқболини ўз вақтида англаб етган Nestlé, 1994 йилда ўз ташаббуси билан “ҲАЛОЛ” белгисидан фойдаланишни бошлади ва шу билан бирга ўз “ҲАЛОЛ” сифат марказини ҳам ташкил қилди.
2011 йилдан бошлаб Бруней ҳукуматига тегишли “Ghanim International” компанияси Буюк Британияга Bruneihalal белгиси остида “ҲАЛОЛ” маҳсулотлар етказиб беряпти. Бу маҳсулотлар Британиянинг савдо тизимлари, жумладан машҳур TESCO орқали сотилмоқда. 2016 йилда “Ghanim International” Британиянинг Бирмингем шаҳрида “Ҳалол” гўшт маҳсулотлари фабрикасини ишга туширган[7].
Япония ҳам бу масалада орқада қолмасликка ҳаракат қиляпти. Масалан, Аичи префектураси мусулмонларга бағишланган меҳмондўстлик қўлланмаси нашр қилди. Япон тилидаги қўлланма япон тадбиркорлари учун тайёрланган бўлиб, унда мусулмонларга нисбатан қандай муомалада бўлиш кераклиги, мусулмонларга нима таклиф қилиш мумкин ва нима мумкин эмас каби масалалар ёритилган. Албатта бу қўлланма шунчаки мусулмонларга ҳурмат билдириш учун эмас, балки Японияга ташриф буюраётган мусулмон меҳмонларида яхши таъсурот қолдириш ва кейинчалик уларни яна Японияга келишини таъминлаш учун тайёрланган.
Бир нечта МДҲ мамлакатлари (Россия Федерацияси, Украина, Қозоғистон, Қирғизистон) ўз маҳсулотларини Саудия Арабистони, Бирлашган араб амирликлари, Эрон, Иордания, Миср, Бахрайн, Омон каби мусулмон мамлакатларига “ҲАЛОЛ” белгиси остида экспортга чиқариб ҳам улгурган[8]. Шу ўринда “ҲАЛОЛ” стандарти талабларига жавоб берувчи маҳсулотларни экспорт қилувчи асосий мамлакатлар бу мусулмон давлатлари эмас, балки Бразилия ва Австралия эканлигини айтиб ўтмоқчимиз.
Аҳолиси асосан мусулмонлардан иборат Индонезия, Саудия Арабистони, Малайзия, Миср, БАА каби давлатлар эса “ҲАЛОЛ” турдаги маҳсулотларни (биринчи навбатда гўштни) катта миқдорда импорт қилади:
Статистик маълумотларга кўра, “ҲАЛОЛ” стандартини жорий қилиш бўйича Малайзия, Туркия, БАА, Саудия Арабистони, Қатар, Индонезия каби мамлакатлар илғор ҳисобланади.
“ҲАЛОЛ” бозорининг ҳали тўлиқ ўзлаштирилмаган имкониятлари билан таништириш ва шу орқали сармоядорлар эътиборини (ва албатта маблағларини) жалб қилиш мақсадида турли кўргазмалар ташкил қилина бошлади:
- 2004 йилдан бери Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида MIHAS кўргазмаси бўлиб ўтади. Ушбу “ҲАЛОЛ” маҳсулот ва хизматлар кўргазмаси ҳар йили Малайзия ҳукумати томонидан ташкиллаштирилади;
- 2013 йилдан буён Дубайда (Бирлашган Араб Амирликлари) “ҲАЛОЛ” индустриясига бағишланган Halal Expo Dubai кўргазмаси ташкил этилмокда. Ҳар йили ташкил этилиши кўзда тутилган ушбу тадбирда нафақат “ҲАЛОЛ” озиқ-овқат маҳсулотлари, балки бу индустриянинг “ҲАЛОЛ” пардоз-андоз, “ҲАЛОЛ” туризм, “ҲАЛОЛ” фармацевтика, “ҲАЛОЛ” турмуш тарзи каби турлари ҳам ўрин олган. Ушбу кўргазмада дунёнинг 100дан ортиқ компанияси иштирок этади, кўргазмага турли мамлакатлардан минглаб одам ташриф буюради;
- БААнинг Дубай Жаҳон Савдо Марказида (Dubai World Trade Centre) яна бир муҳим кўргазма – Gulfood ҳам бўлиб ўтади. Унда ҳам дунёнинг юзлаб мамлакатидан минглаб компаниялар қатнашади. Кўргазмада қатнашган компанияларнинг аксарияти ўз маҳсулотларини “ҲАЛОЛ” меъёрларига мувофиқ дея тақдим этишади. Бу эса ушбу кўргазмани ҳақли равишда “ҲАЛОЛ” индустриясининг муҳим тадбирларидан бирига айлантиради.
Бундан ташқари, турли хусусий ташкилотларнинг тармоқ ривожига хизмат қилувчи айрим ташаббуслари эътиборга молик:
- “ҲАЛОЛ” туризм соҳасида фаолият олиб борувчи CrescentRating консалтинг агентлиги (Сингапур) мусулмон туризмининг асосий атамалари луғатини тузди. Ушбу инглиз тилидаги луғат соҳага оид 150 дан ортиқ атамаларни ўз ичига олган.
- мусулмон сайёҳлар учун қулай бўлган меҳмонхоналар рейтинглари яратилди. Масалан, www.halaltrip.com ёки https://www.serendipity.travel/halal-friendly-hotels интернет сайтлари шундай рейтингларни мусулмон сайёҳлари эътиборига ҳавола қилмоқда.
CrescentRating компаниясининг MasterCard компанияси билан ҳамкорликда тузган Global Muslim Travel Index рейтингида “ҲАЛОЛ” туризм учун энг қулай мусулмон мамлакатлари (яъни Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар) рўйхатида Малайзия биринчи, Индонезия, Саудия Арабистони ва Туркия иккинчи ўринни олишган. Ушбу рейтингда Ўзбекистон 9-ўринни олган.
Тадқиқотда кўра, 2025 йилга келиб ёш мусулмонлар дунё бўйлаб саёҳатлар учун йилига 100 млрд.АҚШ долларидан кўпроқ миқдорда пул сарф қилишади[9].
“ҲАЛОЛ” туризмнинг ривожланиши ўз навбатида ушбу тармоқ билан боғлиқ бошқа соҳаларни ҳам ривожланишига туртки бериб умумий инфратузилмани шаклланишига олиб келяпти. Масалан транспорт соҳасида: мусулмон сайёҳлар учун учиш давомида спиртли ичимликлар таклиф қилинмайдиган, фақат “ҲАЛОЛ” таомлар бериладиган, намоз вақтлари эълон қилиниб борадиган, диний мавзудаги кўрсатувлар намойиш қилинадиган авиарейслар аллақачон йўлга қўйилган. Бу ўринда Saudi Arabia Airlines авиакомпанияси самолётларида намоз ўқувчи йўловчилар учун махсус намоз ўқийдиган жойлар ташкил қилинганлигини эслаб ўтиш ўринли бўлса керак.
Юқорида айтиб ўтилганидек, охирги бир йил ичида бизнинг мамлакатимизда ҳам туризмни ривожлантириш йўлида муайян қадамлар қўйилди: жуда кўп давлатлардан, жумладан Индонезия, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Туркия, Исроил, ва Япония фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз ташриф тартиби жорий этилди, бир қанча мамлакатлар фуқаролари учун визалар расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, жуда катта муаммолардан бўлган – Тошкент халқаро аэропорти хизмати тажрибали мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўрганиб чиқилди ва тақдим этилган хулосалар асосида унинг иши тубдан ўзгартирилди. Бугунги кунда Пойтахт аэропорти халқаро терминалидан йўловчиларнинг чиқиш вақти тўрт баробарга тезлашди. Агарда авваллари пойтахт аэропортига етиб келган рейсдан ҳаво бандаргоҳини тарк этгунча ўртача 2 соат вақт сарфланган бўлса, ҳозирда биринчи йўловчи 21 дақиқада, сўнгги йўловчи эса 33 дақиқада аэропортдан чиқиб кетмоқда.
Асосан Индонезия, Малайзия, Туркия каби мамлакатлардан келиши кутилаётган мусулмон сайёҳларга мўлжалланган зиёрат туризмини мамлакатимизда янада ривожлантириш йўлида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, соҳани ривожлантириш, юртимизга ташриф буюраётган зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Туристик хизматларни сертификатлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан янги давлат стандарти ишлаб чиқилди. Oʻz DSt 3220:2017 “Туристик хизматлар. Жойлаштириш воситалари. Умумий талаблар” бўйича стандарт 2018 йилнинг 1 январидан кучга кирган. Стандартга кўра, ҳар бир меҳмонхона умумий хоналар сонининг камида ўндан бирида Қуръони карим, ибодат қилиш учун жойнамоз, ҳамда камида 30 фоизида қибла кўрсатгичи бўлиши шарт.
Албатта, ушбу амалга оширилган ишлар мамлакатимизга сайёҳларнинг, хусусан мусулмон сайёҳларининг эътиборини жалб қилиши аниқ. Лекин хорижий сайёҳларни, хусусан мусулмон сайёҳларни жалб қилиш учун ҳали анча ишлар амалга оширилиши керак. Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантиришга масъул бўлган идоралар мамлакатимизга ташриф буюраётган сайёҳлар билан сўровномалар ўтказиб, соҳанинг барча муаммолари аниқланиши ва очиқ муҳокама қилиниши керак.
Масалан, яшаш ва авиапарвозлар тарифларининг юқорилиги, транспорт тизимининг етарли даражада ривожланмагани, сайёҳлар учун қулай ахборот муҳитининг мавжуд эмаслиги (навигация ва инфомарказлар), малакали кадрларнинг етишмаслиги каби муаммолар тармоқ учун умумий бўлса, таҳоратхона ва намозхоналарнинг, “ҲАЛОЛ” сертификатига эга бўлган ошхоналарнинг, шу турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг, меҳмонхоналарнинг йўқлиги фақат зиёрат туризмига алоқадор.
Албатта, ҳар қандай меҳмонхона ҳам мусулмонларга тўғри келиши мумкин, масалан хонада жойнамоз ва қибла тарафни кўрсатувчи кўрсатгич бўлса етарли. Лекин, мусулмон сайёҳларнинг эътиборини тортиш учун бу албатта камлик қилади. Бунинг учун меҳмонхонада ислом динида ҳаром қилинган егулик ва ичимликлар умуман бўлмаслиги, махсус таҳоратхона ва намозхоналар ташкил қилиниши, хоналарда Қуръон, жойнамоз ва тасбеҳлар бўлиши, рамазон ойида рўзадорлар учун саҳарлик ва ифторликлар ташкил қилиниши зарур.
Шу ўринда МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб “ҲАЛОЛ” туризм доирасида махсус стандарт (СТ РК 1632-2007) ишлаб чиққан ва 2007 йил амалда жорий қилган Қозоғистоннинг тажрибаси эътиборга молик. Бугунги кунда Қозоғистонда ўнга яқин “ҲАЛОЛ” сертификатига эга меҳмонхоналар фаолият кўрсатмоқда. Бу меҳмонхоналарнинг аксарияти 5 юлдузли бўлиб, шулардан бир нечтаси дунёга машҳур меҳмонхоналар тизимига киради (мас. «InterContinental» ва «Ramada»).

Умуман олганда, дунёнинг машҳур меҳмонхоналари ўзлари бизнес юритаётган соҳани доимий равишда синчковлик билан кузатиб боришади ва ҳар қандай пайдо бўлаётан талабни қондиришга ҳаракат қилишади. InterContinental, Marriott, Ramada, Movenpick, CrownPlaza каби машҳур меҳмонхоналар тизимининг мусулмонлар учун муқаддас бўлган Мадинаи Мунаварра ва Маккаи Мукаррамма шаҳарларида ҳам “ҲАЛОЛ” сертификатига эга бўлган меҳмонхоналари борлиги фикримизнинг далили бўла олади.
Юртимизда ал-Бухорий, ат-Термизий, Мотурудий, аз-Замаҳшарий, пайғамбаримизнинг (САВ) амакиваччалари Қусам ибн Аббос (р.а), Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанди каби буюк ислом уламолари ва пешқадамларининг хоки-пойлари қўйилган мақбаралар, ҳамда Усмон (р.а) Қуръонининг айнан бизнинг мамлакатимиздалиги бизда зиёрат туризмини ривожлантириш учун катта имкониятлар очади.
Мана энди “ҲАЛОЛ” индустриясининг асосий муаммоларини кўриб чиқсак.
Ҳар бир соҳада бўлганидек, бу соҳанинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор. Шу муаммолардан бири, бу умумий жаҳон “ҲАЛОЛ” озиқ-овқат стандартининг йўқлиги. Бугунги кунда дунёда 120 дан ортиқ “ҲАЛОЛ” сертификати берувчи ташкилот бор (“ҲАЛОЛ” бозорининг асосий иштирокчилари бўлмиш Малайзия, Индонезия, Сингапур, Таиланд, Филиппин каби мамлакатлардаги давлат идоралари шу жумладан). Бундан ташқари сертификатлаштириш стандартлари ҳам турлича, бу эса нафақат қўшимча харажатларга олиб келади, балки халқаро савдо имкониятларини ҳам чеклайди. Шуни инобатга олган Жануби-Шарқий Осиё Мамлакатлари Уюшмасига (ASEAN) кирувчи давлатлар ўз стандартларини мувофиқлаштириш бўйича керакли ишларни аллақачон бошлашганлиги эътиборга молик.
Яна бир ҳал қилиниши керак бўлган муаммо, бу “ҲАЛОЛ” стандартларининг айрим мамлакатларнинг (масалан Европа Иттифоқига кирувчи давлатларнинг) озиқ-овқат стандартларига мос келмаслигидир.
Ўзбекистонда “ҲАЛОЛ” стандартини татбиқ қилишда, бунга асосий масъул бўлган “Ўзстандарт” агентлиги ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита кўрсатиб ўтилган муаммоларни ҳисобга олиши зарур.
Энди Ўзбекистоннинг бу йўналишдаги асосий камчиликлари, ҳамда мавжуд ва потенциал рақобат афзалликларини кўриб чиқамиз.
Асосий камчилик – ҳозирча “ҲАЛОЛ” индустрияси шарт ва талабларини яхши ўрганган технологлар ва тиббиёт-санитария йўналиши бўйича мутахассисларининг йўқлиги. Ушбу мутахассислар, ишлаб чиқариш воситалари, бино ва иншоотлар, ускуналар, ва ҳатто ювиш воситаларига қўйиладиган талабларни ҳам билишлари керак.
Бизнингча, бу камчиликни тузатиш жуда ҳам мушкул вазифа эмас. Бундай мутахассисларни қисқа муддатларда Ислом Тараққиёт Банки, Халқаро Молия Корпорацияси (бу ташкилотнинг ислом молияси йўналиши ҳам мавжуд) ва бошқа халқаро молия ташкилотларининг техник кўмагини жалб қилиш орқали тайёрлаш мумкин (масалан ушбу ташкилотлар молиявий-ташкилий кўмагида чет эллардан тажрибали мутахассислар жалб қилиб улар ёрдамида маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш мумкин).
Рақобат афзалликлари:
Ўзбекистоннинг “ҲАЛОЛ” бозорига кириб боришига ёрдам бериши мумкин бўлган асосий омил – бу халқимизга хос бўлган озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги қобилияти (салоҳияти). Ўзбек қассобини ишини бир марта кўрган одам бошқанинг хизматидан фойдаланиши қийин бўлса керак, ўзбек ошпазини ошини бир марта еган одамда ошга муҳаббат пайдо бўлмай қолмайди. Тахминан 15-20 йил ичида Россия ва Қозоғистонда ўзбек ошхоналари (ресторан / чойхоналар) энг яхши ва энг қиммат ошхоналар қаторига киргани, ош, шўрва, сомса каби ўзбек таомлари бу юртлар аҳолисининг энг севимли таомларига айлангани бежиз эмас. Бир неча йил олдин, машҳур рус рестораторларидан бири шундай деган эди: “…айни пайтда ўзбек ошхонаси жаҳонда етакчига айланган. У япон ва итальян миллий таомларини ортда қолдиряпти… Ўзбеклар мана ўн йилдирки етакчиликни ҳеч кимга бермай келяпти… Баъзан «ўлиб бораётган» ресторанни чойхонага айлантиришдек оддий, лекин янгича ғоянинг ўзи етарли бўлади. Ҳозирда шундай ёндашув жонланяпти. Фақат ошпазлар Ўзбекистондан бўлиши керак, бошқаларнинг палови уларникидек чиқмайди”[10].
Хуллас, халқимизнинг қобилиятларидан келиб чиқиб, ҳамда озиқ-овқат, ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи мутахассисларимизнинг кўплигини инобатга олиб хизматлар экспортини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз. Шунда мамлакатимиз дунё “ҲАЛОЛ” бозорига малакасиз ва кам иш ҳақи оладиган қора ишчиларни эмас, балки қўлида ҳунари бор, демак яхши иш ҳақи олиши мумкин бўлган мутахассисларни етказиб беради.
Агар давлат томонидан шундай мутахассислар тайёрлайдиган ва малакасини оширадиган қисқа муддатли курслар ташкил қилса, бу хизматлар экспортини янада оширишга ёрдам беради.
“ҲАЛОЛ” бозори доирасида Ўзбекистондан нималарни экспорт қилса бўлади:
- Озиқ овқат саноатида: консерваланган озиқ-овқатлар, шу жумладан болалар учун махсус таомлар, қандолатчилик маҳсулотлари (мураббо, джем, қадоқланган пишириқлар (пирог, кекс кабилар), шарбатлар;
- Дори-дармон саноатида: таркибида ислом динида истеъмол қилиш/фойдаланиш/қўллаш тақиқиланган (ҳаром қилинган) моддалар бўлмаган турли дори-дармонлар;
- Енгил саноатда: эркалар, аёллар ва болалар пойабзаллари (шу жумладан, ортопедик пойабзаллар)[11];
- Пардоз-андоз саноатида: таркибида ислом динида истеъмол қилиш/фойдаланиш/қўллаш тақиқиланган (ҳаром қилинган) моддалар бўлмаган турли пардоз-андоз буюмлари (атир, упа, крем, тиш пасталари ва ҳ.к.з.) ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш.
Ўзбекистондан “ҲАЛОЛ” маҳсулотларни экспорт қилиш қулай бўлган мамлакатлар:
Афғонистон (аҳолиси 40 миллиондан ортиқ), Марказий Осиё давлатлари (40 миллиондан ортиқ аҳоли), Россия (20 миллион мусулмон) ва бошқа мусулмон мамлакатлари.
Шу ерда Россия бозорига бироз тўхтасак. Маълумки Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори Россия бўлиб, 2022 йилда мамлакатимиз ташқи савдосининг 14,3 фоизи (1,3 млрд. АҚШ долларига тенг) шу давлатга тўғри келди. Бугунги кунда Россия аҳолиси 140 миллиондан ортиқ, шундан тахминан 20 миллиони мусулмонлар (татарлар, бошқирдлар, чеченлар, ингушлар, лезгин, дарғин ва бошқалар), “ҲАЛОЛ” маҳсулотлар Россия озиқ-овқат бозорининг 10 фоизини ташкил этмоқда. Агар бу турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йилига 15-17 фоиздан кўпайиб бораётганлигини ҳисобга олсак, гап бир неча ўн миллиард долларга тенг бўлган улкан имкониятлар бозори (тахминан 35-40 млрд. АҚШ доллари) ҳақида кетаётганлигини ва шу бозордан ўз улушимизни олишга аллақачон ҳаракат бошлашимиз кераклигини англаб олсак бўлади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистонда “ҲАЛОЛ” стандарти жорий этилиши, бу биринчи навбатда тадбиркорларимиз учун катта имкониятлар эшигининг очилиши демакдир.
Муаллиф: Жаҳонгир Имамназаров
Islamic Business and Finance компанияси директори
[1] “Ҳалол” (яъни – рухсат этилган) тушунчаси – бу «ислом динида рухсат этилган маҳсулотлар» дегани, «Ҳалол» стандартлари эса – маҳсулотларни ислом дини талаблари бўйича ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, сотиш ва тамғалаш жараёнларига бўлган талабларни белгилайди.
«Нalal» араб атамасига нисбатан умумий методик кўрсатмалар «Кодекс Алиментариус» Комиссиясининг 1997 йилдаги 22 сессиясида қабул қилинган.
«Кодекс Алиментариус» – (лотинчада – овқат бўйича қонунлар ёки қонунлар тўплами) ягона шаклда баён этилган озиқ-овқат маҳсулотларига стандартларнинг халқаро ҳамжамияти томонидан қабул қилинган тўпламни ўзида ифодалайди;
[2] http://www.demoscope.ru/weekly/2014/0587/tema02.php;
[3] http://countrymeters.info/ru/World;
[4] http://www.interfax.ru/world/553663;
[5] https://www.foodturkey.com.tr/2022/11/07/global-halal-market-on-its-way-to-reaching-10-trillion-usd/
[6] https://www.marketwatch.com/press-release/halal-pharmaceuticals-market-size-analysis-by-size-share-trends-emerging-trends-qualitative-outlook-and-worldwide-forecast-to-2028-2022-12-13
[7] http://www.dare.gov.bn/Presentation/Ghanim%20International%20Coperation%20and%20Brunei%20Halal.pdf
[8]https://forbes.kz//finances/integration/kazahstan_nachal_eksportirovat_ovets_v_sultanat_oman/?utm_source=forbes&utm_medium=incut&utm_campaign=126943
[9] http://www.tnp.sg/lifestyle/travel/report-muslim-millennial-traveller-market-growing
[10] https://daryo.uz/k/2018/02/20/oleg-nazarov-ozbek-oshxonasi-jahonda-yetakchiga-aylandi-u-yapon-va-italyan-milliy-taomlarini-ortda-qoldiryapti/
[11] http://kommersant.uz/uz/yangiliklar/tuya-ush-pojabzal