Асли шаръий, сифати ношаръий бўлган савдо фосиддир. Бошқача қилиб айтганда, фосид савдо савдо қилишга лойиқ шахс томонидан, савдо моли бўлишга лойиқ нарса устида қилинади. Аммо унга ношаръий иш ёки сифат аралашган бўлади.
Мисол учун, кейинчалик низога сабаб бўладиган даражадаги ноаниқ нарсанинг савдоси. Уйларимдан ёки машиналаримдан бирини сотдим деб савдо қилиш шунга киради.
Шунингдек, бир савдода икки савдони жамлаш (мен уйимни сенга сотаман, сен машинангни менга сотасан деганга ўхшаш).
Фосид савдонинг турлари:
1. Ноаниқ нарса савдоси.
Ҳанафий мазҳаби бўйича, агар савдо моли ёки унинг нархида сотувчи ва харидор орасида низога сабаб бўладиган даражадаги кўп ноаниқлик бўлса, савдо фосид бўлади.
Кўп ноаниқликка мисол, қўрадаги қўйлардан бирини фалон сўмга сотдим, дейиш (бунда қайси қўй, қўчқорми ёки совлиқми, қурбонликка ярайдиганми йўқми… булар мавҳум, мавҳумлик эса, албатта, тушунмовчилик ва ҳатто низога сабаб бўладиган нарсадир).
Агар ноаниқлик низога сабаб бўлмайдиган даражада оз бўлса, савдо фосид бўлмайди (мисол учун, шу уйни бир ойга ижара бердим дейиш, бунда ой 30 кунми ёки 31 кунми катта аҳамиятга эга эмас).
Савдодаги кўп ноаниқлик қуйидагиларда бўлади:
а) Сотиладиган нарсадаги ноаниқлик.
Бу харидор учун унинг жинсида, турида ва миқдорида бўлиши мумкин.
б) Нархдаги ноаниқлик.
Мисол учун, мана бу отни қўрадаги қўйлардан элликтасига сотдим, дейишлик. Фалончи қайси нархни айтса шунга сотдим, қабилидаги савдо ҳам фосид бўлади. Чунки фалончи қайси нархнинг айтишини биров билмайди.
в) Муддатдаги ноаниқлик.
Мана буни пулини бир ёки икки ойда бериш шарти ила сотдим деса, савдо фосид бўлади, чунки муддат аниқ эмас.
Шунингдек, фалончи ҳаждан келганда бераман/оламан деган шарт билан савдо қилинса ҳам муддат аниқ бўлмагани учун савдо фосид бўлади.
Агар аввал ноаниқ муддатга савдолашиб кейин ўша вақт келмай туриб аниқ вақтга иттифоқ қилинса, савдо тўғриланган бўлади.
2. Шартга боғланган ва келажак вақтга изофа қилинган савдо.
Агар, вақтики, қачонки каби шарт иборалари ила келажакда бўлиши мумкин ишга боғланган савдо ҳам фосид савдо бўлади. Мисол учун, агар фалончи менга ҳовлисини сотса, мен ҳам сенга ҳовлимни сотдим, дейишлик. Бунда савдо боғланган шарт вужудга келиши ҳам мумкин, келмаслиги ҳам мумкин. Ана шу ноаниқлик сабаб савдо фосид бўлади.
3. Ҳаром нархга савдо қилиш.
Сотиб олинаётган нарсанинг тўлови сифатида ароқ, чўчқа ёки шунга ўхшаш ҳаром нарса бериладиган бўлса ҳанафий мазҳаби бўйича савдо фосид бўлади (масалан, 50 кг. гуручни 20 та ароқ эвазига сотиб олишга келишиш мумкин эмас, чунки бундай савдо фосид савдо ҳисобланади). Бошқа мазҳабларда бу каби савдо ботил саналади.
4. Насияга сотиб, нақдга қайтариб сотиб олиш.
Бир киши ўн минг сўмга муҳтож. Бой одамдан қарз сўраса, унинг қарзи ҳасан бергиси келмади. Очиқ равишда рибо сўрашга журъат қилмади. Ҳийла ўйлаб топди. Ўзи қарз сўровчига маълум бир молни насияга ўн икки мингга сотди. Бир оз вақт ўтказиб туриб худди ўша молни ундан нақдга ўн минг сўмга қайтариб сотиб олди. Қарз сўраётган одам ўн минг сўмни қўлига олди. Мол эгаси икки минг сўм фойда кўрди. Бу қабилдаги савдони Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ фосид бўлади, деганлар.
5. Ароқ тайёрловчига узум сотиш.
Имом Абу Ҳанифа ва Шофеъийлар бу савдо макруҳ деганлар. Чунки, у айни шу узумдан ароқ тайёрлайдими, йўқми маълум эмас.
Моликий ва Ҳанбалийлар ароқ тайёрловчига узум сотиш савдоси ботил деганлар.
6. Бир савдога икки савдони қўшиб юбориш.
Икки савдони қўшиб юборишга мисол: шу нарсани пулини бир ой ичида берсанг юз минг сўм, агар икки ойда берсанг бир юз ўттиз минг сўм бўлади дейиш. Аслида савдо битимига киришишдан олдин келишиб олиш керак аниқ битта нархни, яъни битим икки нарх асосида қилинмайди. Агар, бу нарсани нақдга юз минг сўмга, бўлиб тўлашга бир юз ўттиз минг сўмга сотаман деганда, харидор икки нархдан бирини танлаб, масалан, бўлиб тўлашга бир юз ўттиз минг сўмга олдим деса, савдо тўғри бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир савдода икки савдони қилса, унга иккисидан ками ёки рибо», дедилар» (яъни у кўпроғини олса, бу унга рибо бўлади). Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ деган.
7. Бир нарсанинг ажралмас бўлакларини сотиш.
Бир нарсанинг бўлаги деганда, мана бу (тирик) қўйнинг думбасини сотдим каби савдо тушунилади. Одамнинг сочини, аёл кишининг сутини ва шунга ўхшаш нарсаларини сотиб бўлмайди. Чунки одам мукаррам зот.
Ўзи насияга сотган молни нақдга арзонроққа (қайта) сотиб олиши мумкин эмас, чунки бунда рибога ҳийла йўли билан эришиш бор. Шунингдек, ўзи сотган нарсани сотмаган нарсаси билан қўшиб аввалги нарсаси нархига сотиб олиш жоиз эмас. Мисол учун, бир кўйлакни бировга беш минг сўмга сотди. Харидор пулини кейин бераман, деб кўйлакни олди. Сотивчи пулни олмай туриб ўзи сотган кўйлакни ва яна бир кўйлакни харидордан беш минг сўмга сотиб олиши мумкин эмас. Бунда ҳам рибо учун ҳийла ишлатилган бўлади.
Манба: islom.uz да берилган мақола асосида тайёрланди.