Эфиопия (Ҳабашистон)нинг энг катта хусусий банки – Dashen Bank Эфиопияда биринчи бўлиб “Шарик” деб номланувчи «ислом дарчалари» очган молия муассасадир. Анъанавий банк фаолияти олиб борувчи ушбу банк 2018 йилда мамлакат молия бозорида ўз улушини ошириш ва шу орқали ҳалол бизнесни молиялаштиришни ошириш мақсадида фоизсиз молиялаштириш (Interest-free banking) билан шуғулланувчи тўққизта махсус бўлинма (филиал) очишини эълон қилган эди. Шу кунгача Dashen Bank шундай бўлинмалардан учтасини мамлакатнинг турли шаҳарларида очган ва улар фаолият кўрсатиб келмоқдалар. Режадаги бошқа бўлинмалар ҳам жорий йил охиригача очилиши кутилмоқда.
Dashen Bankнинг шундай бўлинмаларидан бирининг директори Фейсал Абду The Ethiopian Herald матбуот агентлиги мухбири билан бўлган суҳбати давомида Банк Эфиопияда ислом молияси кўламини ошириш мақсадида филиаллар тармоғини кенгайтириш ва маҳсулот турларини кўпайтиришга катта миқдорда сармоя киритаётганлигини маълум қилди. Унинг айтишича, Банк бугунги кунда халқаро ислом банклари таклиф қилаётган барча хизмат турларини кўрсатувчи тўлақонли фоизсиз банк бўлинмалари ташкил қилишга пухта тайёргарлик кўриш учун етарли даражада вақт сарфлаган. Фейсал шунингдек Dashen Bankнинг 424 та (!) филиалида очилган “ислом дарчалари” (“Islamic window”) орқали ислом молия маҳсулот ва хизматлари кўрсатиб келинаётганлигини таъкидлаб, ушбу ташаббус, яъни махсус ислом молия бўлинмаларини очиш баъзи мижозларнинг ўз омонатлари (депозитлари) анъанавий турдаги омонатлар билан аралашиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги шубҳаларини бартараф этишга хизмат қилишини айтиб ўтди.
“Биз ислом молия бўлинмаларининг амалиёт тизимини тубдан такомиллаштиришга катта миқдорда сармоя киритдик ва анъанавий ва фоизсиз молия амалиётлари учун турли тизимлар жорий қилдик. Амалга оширилган ўзгаришлар ёрдамида икки турдаги молия манбаларининг аралашувига чек қўйилди. Шунингдек, банк бўлинмасининг шариат талабларига риоя қилган ҳолда фаолият юритишини назорат қилиш ва мижозларнинг банк фаолиятига бўлган ишончини ошириш мақсадида беш кишидан иборат Шариат масалалари бўйича маслаҳат қўмитаси (Sharia Advisory Committee (SAC)) тузилганлигини қўшимча қилди Фейсал Абду.
Ислом бўлинмалари ўз мижозларига «вадиъа» деб номланувчи ислом омонат тури ва «қарзи ҳасан» (фоизсиз қарз) маҳсулотларини ҳам тақдим қилиб келишмоқда ва тез орада «мудораба» деб номланувчи ислом молияси маҳсулоти ҳам таклиф қилиниши кутилмоқда. “Dashen Bankнинг ислом бўлинмалари мижозлари сони 166.000 дан, ислом молияси қонун-қоидалари асосида жалб қилинган омонатлар миқдори эса 2020 йил август ойи охирига келиб 2,6 миллиард Бирр (Ҳабашистон пул бирлиги) (70 млн. АҚШ доллари)дан ошди”, – дейди Фейсал Абду. У шунингдек Банк бугунги кунга келиб ҳалол бизнес ва инвестиция лойиҳалари учун 1,4 миллиард Бирр (37,74 млн. АҚШ доллари)га тенг бўлган молия маблағлари йўналтиришни маъқуллаганлигини, ҳамда Банк шариат қонунларига мувофиқ амалга ошириладиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашда давом этишини маълум қилди.
Эфиопияда ислом молиясининг ривожланиш тарихи
Эфиопия аҳоли сони бўйича Африкада 2-ўринда (115 млн. киши) турувчи мамлакат ҳисобланади (1-ўринни 206 млн. киши билан Нигерия банд қилган). Мамлакат аҳолисининг учдан бир қисмини (38 млн.) мусулмонлар ташкил этади. Мамлакатда ислом молияси муассасалари фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий асосларни яратиш бўйича 2008 йилда кенг кўламли ташаббуслар амалга оширилган. Хусусан, 2007 йилда Эфиопия мусулмон жамоатчилиги марҳум бош вазир Мелес Зенавига мамлакатда ислом молияси ва банкчилигини ташкил этиш бўйича бир неча марта мурожаат қилишган. 2008 йилда мусулмон тадбиркорлар ва фаол жамоат арбоблари бош вазир Мелес Зенавига Эфиопияда ислом молиясини жорий этиш истиқболлари, имкониятлари ва долзарблигини очиб беришга қаратилган тақдимот ўтказиб беришди ва буни “Замзам” ислом банки тузиш мисолида батафсил ёритиб беришди. Натижада бош вазир Эфиопия Миллий банки (The National Bank of Ethiopia)га мамлакатда шундай банклар тузиш учун зарур бўлган қонун ишлаб чиқиш бўйича кўрсатма берди. Мана шу кўрсатма асосида, Эфиопия Миллий банки мамлакатда ислом молиясини татбиқ қилишга қаратилган тегили чораларни кўрди.
Қисқа вақт ичида 18 та банкдан 10 таси махсус ислом дарчалари орқали ислом молияси тамойилларига мос бўлган молия хизматларини йўлга қўйди. 2010 йил декабрида мамлакатда биринчи ислом банки – “Замзам” расман ўз фаолиятини бошлади. 4 ой ичида 6 800 дан ортиқ мижозларга эга бўлган мазкур банк аҳолисининг асосий қисми (62%) насроний бўлган Эфиопияда ислом молияси ва банкчилиги учун янги саҳифа очиб берди, десак муболаға бўлмаса керак.