Дубай ислом банки бош ижрочи директори – Аднан Чилван (Adnan Chilwan) шу кунларда IFN (Islamic Finance News) мухбирининг Индонезия ва Покистондан бошқа мамлакатларда ҳам Дубай ислом банки фаолият олиб бориш режалари ҳақида берган саволига қуйидагича жавоб берди:
“Банкимиз Индонезия ва Покистондан ташқари Кенияда ҳам ўз фаолиятини бошлади. Кенияда фаолият бошлашдан мақсад – Шарқий Африкада ошиб бораётган имкониятлардан фойдаланишдир. Умуман олганда, агар бизнинг стратегик мақсадларимизга мос келса банкимиз халқаро имкониятлар учун доимо тайёр. Африкага келадиган бўлсак, БАА Форс кўрфази мамлакатлари ичида Африканинг энг муҳим савдо ҳамкорларидан бири ва қайсидир маънода Африкага кириш дарвозаси ҳисобланади.
Дубай ислом банки БАА, Индонезия ва Покистонда муваффаққиятли амалга оширган ривожланиш режасини бошқа мамлакатларда ҳам қўллаш ниятимиз бор, аммо шу билан бирга биз ўзимизни фақат бир хил ёндашув билан чекламаймиз, қайси ривожланиш усули яхшироқ натижа берса ўша усулдан фойдаланимиз”.
Фикримизча, агар Ўзбекистонда ҳам ислом молияси тизими жорий қилинса Дубай ислом банки (БАА), Ал-Барака (Баҳрайн), Kuwait Finance House (Кувайт) сингари бир қатор ислом молия муассасалари кириб келиши ва улар маҳаллий бизнес лойиҳаларини молиялаштириши, банк тармоғига сармоя киритишига деярли шубҳа йўқ. Шунингдек, бундай хизматларни Fintech, яъни янги молиявий технологияларни қўллаш орқали ривожлантиришга катта имкониятлар бор. Ушбу имкониятлар учун бир қанча сабаблар бор, жумладан:
1. Ўзбекистон сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан барқарор давлатлар қаторига киради, бу эса хорижий сармоядорлар учун муҳим бўлган масалалардан биридир;
2. Мамлакатимизнинг салкам 35 миллионлик аҳолисининг 90% дан ортиғи мусулмон ва аҳолининг бир қисми ислом банки маҳсулот ва хизматларига қизиқиш билдирганда ҳам бу банклар учун жуда кўп эҳтимолий мижозлар дегани;
3. Cўнгги уч йилда тадбиркор ва сармоядорлар фаолиятини кучайтириш йўлида бир қатор муҳим ишлар амалга оширилди, жумладан миллий валютамизнинг хорижий валюталарга эркин алмашинуви масаласи ҳал этилди, “ҳалол” стандарти қабул қилинди, рақамли банклар фаолият кўрсатишни бошлади, ислом молияси қимматбаҳо қоғози – сукук чиқарилиши кутилмоқда.
Буларнинг барчаси ислом молияси муассасалари Ўзбекистонга сармоя киритиши учун ижобий ишора ҳисобланади ва қулай имкониятлар яратилаётганидан далолат беради. Ислом молияси муассасаларининг кириб келиши эса реал иқтисодиётнинг ривожланиши, аҳолининг барча қатламларига кенг қамровли имкониятлар яратилишига ҳисса қўшади.