#Савол
Ассалому алайкум!
1) Сувсиз ердан жой олиб боғ яратган эдик. Ўша жойдан қудуқ кавлатганмиз. Ҳозирда ушбу йўналишда давлат имтиёзи берилмоқда, имтиёз қилинган харажатнинг 60%ини қоплаб беришдан иборат. Аммо бунинг учун сиз ўз ҳисобингиздан қудуқ кавлаган фирма ҳисобига пул ўтқазилганлигини, у фирма эса сизга қудуқ кавлаб берганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этишингиз керак. Биз ҳужжат тақдим қилолмаймиз, чунки биз қудуқни нақд пулга кавлатганмиз. Биз имтиёздан фойдаланиш учун (кетган харажатни тахминан чиқариб, чунки аниқ қанча харажат қилинганлигини билмаймиз) қудуқ кавлаш билан шуғулланадиган “А” фирмага пул ўтқазиб берсак (улар бизга қудуқ кавланди деб ҳужжат қилиб беради ва буни эвазига ҳақ олишади), “А” фирма кейинчалик биз ўтқазган пулимизни ўзимизни таниш “Б” фирмага қайтариб беради (ўртада биз солиқ ва шу каби тўловлардан оз миқдорда пул йўқотамиз). Шу ишимиз жоизми? Ёлғон, рибо, бировни ҳаққини ейиш каби ҳаром амаллар арашалиб қолмайди?.
2) Эндиликда биз томчилатиб суғориш системасини ўрнатмоқчимиз. Бунга ҳам худди юқоридаги каби қилинган харажатнинг 60%ини қайтариб олиш имтиёзи мавжуд. Биз шу имтиёздан фойдалансак бўладими? Ўша имтиёздан фойдаланиш учун баъзи инсонларга совға бериш керак бўлиб қолса ёки бошқа харажат қилишга тўғри келиб қолса, харажат қилишимиз жоизми? Бунда бошқаларнинг ҳаққини еган бўлиб қолмаймизми? Яъни танишлар хизматидан фойдаланиш ёки харажат қилиш орқали бошқаларни имкониятини олиб қўйган бўлмаймизми? Ишимизни ҳалол, шубҳадан ҳоли ҳолатда ривожлантирмоқчи эдик. Тўғри йўл кўрсатиб, маслаҳат беришингларни илтимос қиламиз.
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
1). Ёлғон гапирасизлар экан.
2). Жоиз эмас. Валлоҳу аълам!
Ислом молияси қўшимча изоҳлари.
1 савол юзасидан:
– ёлғон ишлатиш мусулмон одамга жоиз эмас, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёлғончи биздан эмас деганлар ( бу жуда машҳур ва саҳиҳ ҳадис);
– мусулмон одамнинг ёлғон ишлатиши фитналарга сабаб бўлади, масалан ғайридинлар, дин душманлари, ислом динини ёқтирмайдиганлар ва бошқалар мусулмонлар ўз манфаати йўлида бемалол ёлғон гапираверадилар, турли ҳийлалар ишлатаверадилар деган гапни дастак қилиб олишади, бу эса барча мусулмонларни обрўси тўкилишига сабаб бўлади;
– мусулмон одам динимиз қайтарган йўллар билан эмас, ҳалол йўллар билан ризқ топишга уриниши керак, чунки ҳалолда барака бор, ёлғон аралашган ишда эса барака бўлмайди;
– мусулмон одам тақво билан иш қилса, Аллоҳ кутганидан афзалини беришига ишониши керак.
2 савол юзасидан:
– имтиёздан фойдаланиш учун баъзи мутасадди инсонларга бериладиган нарсанинг номи совға эмас ПОРА бўлади. Совға беминнат, бирор манфаат кутмасдан бериладиган нарсага айтилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини ва пора олувчини лаънатладилар». (Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган), дейилган. Яна бир ҳадисда “Пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам, иккови орасида юриб (порада) воситалик қилувчини ҳам Аллоҳ лаънатласин!”, деганлар (бу ҳадисларни “ал-Жомеъ ас-сағир”да “лом” ҳарфи бобидан топиш мумкин). Қўшимча равишда қуйидаги мақолани ўқинг: “ПОРА ВА УНИНГ ТУРЛАРИ” (islom.uz);
– умуман олганда Имом Нававий исломнинг мадори бўлган ҳадислардан биридир ва исломнинг учдан бирига тенгдир деб таъриф берган қуйидаги ҳадисга ҳар биримиз, айниқса тожир ва тадбиркорлар қатъий риоя қилишимиз керак:
“Ҳалол аниқ, ҳаром аниқ. Аммо уларнинг ўртасида шубҳали нарсалар бор. Кўп одамлар уни билмайдилар. Ким шубҳали нарсалардан сақланса, дини ва обрўсини сақлабди. Ким тўсиқ атрофидаги чўпонга ўхшаб шубҳали нарсаларга ўралашиб қолса, унга тушиб қолади. Огоҳ бўлингларки, ҳар бир подшоҳнинг чегараси бўлади. Аллоҳнинг Ердаги чегараси У Зот ҳаром қилган нарсалардир. Огоҳ бўлингларки, танада бир парча бор. Агар у тузалса, бутун тана тузалади. Агар у бузилса, бутун тана бузилади. Огоҳ бўлингларки, у қалбдир”, деганларини эшитганман” (Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Аҳмад, Доримий, Ибн Ҳиббон ва Байҳақий ривояти).