Фоизли қарз олди-бердисига асосланган замонавий банк муассасалари Ислом оламига дастлаб XIX асрда кириб келган. Биринчи анъанавий банклар Миср, Туркия ва Ҳиндистонда ўз фаолиятини бошлаган. Улар билан асосан ҳукуматлар ва чет эл фуқаролари ишлашар эди. Аввалбошда бундай муассасаларнинг маҳаллий мусулмон аҳоли билан алоқалари жуда суст кечган. Бироқ тез орада вазият ўзгаришни бошлаган. Савдо, айниқса, ташқи савдо билан боғлиқ хизматлар фақатгина анъанавий банклар томонидан таъминланар эди. Ушбу хизматларнинг айримлари рибони ўз ичига олмагани боис банк мижози бўлиш ҳамда у билан доимий алоқани йўлга қўйиш фойдали туюлган. Банклар билан боғлиқ саволларга кўп бора дуч келган уламолар барча ташқи савдо ва ҳатто маҳаллий савдоларнинг аксарият қисми мусулмон бўлмаганларнинг қўлига ўтиши умматни кучсизлантириши мумкинлигидан хавотирлана бошлашган. Замонавий банкчиликка муқобил вариант/ танлов бўлмагани боис улардан баъзилари банк фоизларининг жоизлигини аниқлаш учун рибо қонунига янгича қараш зарур, деб ўйлашган. Бунга почта бўлимларидаги жамғарма ҳисобварақлари бўйича фоизларни қайта кўриб чиқиш босими ҳам қўшилган эди.
Мисрда банк фоизларини қонунийлаштириш ҳаракати ХХ асрнинг бошларида Сайид Рашид Рада томонидан бошланган, у кўпинча ўз устози муфтий Муҳаммад Абдуҳдан иқтибос келтирар эди (Бадавий, 1964, 223-242 бб).
Туркияда нақд пул кўринишидаги вақфларнинг кўпайиши замонавий банкларга кўприк бўлиб хизмат қилганга ўхшайди. Вақфлардан доимий даромад олиш мақсадида, йиғилган маблағлар мудорабага берилган. Воситачилар (вақф нозирлари) ушбу “эҳтиёж”дан фойдаланиб, маблағларни нақд пул кўринишдаги вақфлардан олинадиган даромад даражасидан юқорироқ фойда таклиф қиладиган анъанавий банкларга жойлаштиришган (Жизакжа, 2000, 45-56-бетлар).
Ҳиндистонда банк фоизларини қонунийлаштириш ҳаракати Сир Сайид Аҳмад Хон билан боғлиқ бир гуруҳ олимлар ва ижтимоий фаоллар томонидан олиб борилган, улар банк фоизларини тақиқланган рибо категориясидан чиқариб ташлаган (Хон, Сир Сайид Аҳмад, 243-бет; шунингдек: Фазлур-Раҳмон, 1958, 24-25-бетлар). Бу ғояни илгари суриш учун махсус уюшма тузилган ва 1925 йилда Алигарҳ шаҳрида “Soodmand” номли журнал чиқарила бошланган. Бир қанча олимлар розилиги билан анъанавий банк фоизлари бўйича фатво тарқатилган (Фазлур-Раҳмон, 1958, с. 24-25). Ҳуқуқшунослар томонидан 1936 йилда банк фоизларининг қонунийлиги тўғрисида китоб ҳам чиқарилган эди (Суҳаил, 1999).
Умуман олганда, мусулмонлар банклар билан муомала қилиш зарурат туфайли ёки қулайлик мақсадида бўлаётганига қарамасдан бу фикрларни “ҳазм қила олишмаган”. Улардан бир гуруҳи анъанавий банклардан сақланишди ҳамда жамиятнинг омон қолишига ёрдам берадиган муқобил воситаларни ривожлантиришга ҳаракат қилишди. Бу саъй-ҳаракатлар чет эл мустамлака сиёсатидан халос бўлаётган мусулмон мамлакатлари томонидан 1945 (Индонезия) ва 1964 (Жазоир) йилларда бирин-кетин ўз тасдиғини топди. Ўша даврда исломга мувофиқ фоизсиз банк назариясининг пайдо бўлиши тасодиф эмас эди ва унинг амалиёти оддий кўринишда бошланган.
Бир вақтнинг ўзида биз банк фоизлари тақиқланган рибо амалиёти билан боғлиқ эканлигини тасдиқловчи тадқиқотлар ўтказган бир қанча институтларни ҳам бўлган. Ушбу тадқиқотлар тақиқланган амалиётларнинг моҳияти билан боғлиқ: аслида асосий маблағга қўшимча устама қўшиб қайтаришни талаб қиладиган ҳар қандай қарз Исломда қатъийян тақиқланган.
Йигирманчи асрнинг охирига келиб, Мисрда дастлаб ҳукумат томонидан берилган инвестиция сертификатлари бўйича фоизларни, сўнгра банк фоизларини қонунийлаштирувчи фатво чиқарилган.
Рибони қонунийлаштирувчилар 2 хил асосни келтиришган: оддий одамларга ўз жамғармаларини ишончли сақлаш, шунингдек, муайян даромад олиш имкониятини беради, иккинчидан, мусулмонларни молия жалб қилишда ҳамда бошқа хизматларда банкларга таянадиган бизнес фаолиятига жалб қилинади.
Юқорида айтиб ўтилган прагматик мулоҳазалардан сўнг, банк фоизлари бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ, яъни унинг тақиқланиши ҳеч қандай асосга эга эмас, бу ҳозирги вазиятда мантиқий жиҳатдан тўғри эмас деган қараш шакллана бошлаган (Саид, 1996, 145 б).
Лекин вақт ўтиши билан мусулмон уммати ичида рибонинг ҳар қандай замонавий кўринишларини ҳам тафтиш эта оладиган уламолар сони тобора ошиб борди. 1963 йил Мисрда, 1970 йилларда бошқа араб мамлакатларида Ислом банкларини амалиётга жорий этиш бошланди. Ҳозирги кунга келиб анъанавий банкларга муқобил бўлган, шариат тамойилларига мувофиқ фаолият кўрсатувчи ислом банклари сони 526 тага етди. Бундай банклар дунёнинг 74 мамлакатида, хусусан, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистонда ҳам иш олиб бормоқда.
Манба: Муҳаммад Нежатуллоҳ Сиддиқийнинг “Рибо, банк фоизи ва унинг тақиқлаш асослари” китоби асосида тайёрланди