AAOIFI (Accounting and Auditing Organization for Islamic Financial Institutions) – Баҳрайн қироллиги пойтахти Манама шаҳрида жойлашган, Ислом молия муассасалари ва соҳанинг бошқа иштирокчилари учун шариат стандартлари (қоидалари) ишлаб чиқиш, уларни тарғиб қилиш, ушбу соҳа доирасида мутахассислар етиштириш, уларни имтиҳон қилиш ва малакасини ошириш билан шуғулланувчи мустақил халқаро ташкилотдир.
AAOIFI маслаги:
– Ислом молия муассасалари фаолияти ва молиявий ҳисоботларини шариат тамойилларига мувофиқлигини таъминлаш.
– Молия бозорларини Ислом молияси қоида ва тамойилларга мослигини ва шу орқали тармоқ ривожини таъминлашдир.
AAOIFI мақсадлари:
– Ислом молия муассасалари бухгалтерлик ҳисоби ва аудитига алоқадор қоидалар ишлаб чиқиш, эълон қилиш ва шарҳлаш;
– Тренинглар, семинарлар ўтказиш/ташкил қилиш, даврий ахборот маълумотномалари (бюллетенлари) нашр этиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш ва уларни амалга татбиқ қилиш, шу ва шу каби бошқа воситалар орқали ислом молия муассасалари бухгалтерия ҳисоби ва аудитига алоқадор ғоя/фикрларни кенг тарғиб қилиш;
– Ислом молия институтлари учун бухгалтерия ҳисоби ва аудит стандартларини қайта кўриб чиқиш ва лозим бўлса ўзгартириш;
AAOIFI ушбу мақсадларни ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олувчи тизим ҳисобланган шариат қоидаларига мувофиқ амалга оширади.
AAOIFI фаолияти ислом молия муассасаларининг молиявий ҳисоботларидан фойдаланувчиларнинг ушбу муассасалар томонидан тайёрланадиган маълумотларга ишончини ошириш ҳамда ушбу фойдаланувчиларни ўз маблағларини ислом молия муассасаларига инвестиция қилиш, омонатга қўйиш ҳамда уларнинг хизматларидан фойдаланишга ундашга қаратилган.
AAOIFI тарихи:
AAOIFI 1990-йил 26-февралда Жазоирда Ислом молия муассасалари томонидан имзоланган Уюшма (ҳамкорлик) шартномасига мувофиқ ташкил етилган ва 1991 йил 27 март куни Баҳрайнда расман рўйхатга олинган. Ислом тараққиёт банки, Dallah Al-Baraka, Faysal Group (Dar Al Maal Al Islamici), Al Rajhi Banking & Investment Corporation, Қувайт молия уйи ҳамда Ал-Бухорий жамғармаси AAOIFIнинг таъсисчилари ҳисобланишади. Бугунги кунда ушбу ташкилотга 45 дан ортиқ мамлакатлардан марказий банклар, ислом молия муассасалари, ҳисоб-китоб (бухгалтерия), аудиторлик фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар ҳамда ҳуқуқ ва банк-молия соҳасида фаолият юритувчи бошқа ташкилотлар аъзодир. Ушбу ташкилотлар бугунги кунгача AAOIFI томонидан чиқарилган шариат, бухгалтерлик ҳисоби аудит, ахлоқ ва бошқарувга оид 100 га яқин стандартлар (қоидалар)ни ўз фаолиятлари доирасида фаол қўллаб келмоқдалар.
Араб ва инглиз тиллари ташкилотнинг расмий тиллари ҳисобланади.
AAOIFI таркибий тузилмаси:
1. Бош Ассамблея (Олий кенгаш), Васийлик кенгаши, Ижроия қўмитаси ва Бош котибият.
2. Техник кенгашлар, хусусан:
– Бухгалтерия ҳисоби ва аудит стандартлари кенгаши*;
– Шариат кенгаши;
– Бошқарув ва ахлоқ кенгаши.
* Ислом молияси асосчиларидан бўлган Хондамир Нусратхўжаев айнан шу Кенгаш аъзоси ҳисобланади.