AAOIFI Шаръий меъёри №17:
ИНВЕСТИЦИЯ СУКУКЛАРИ
Муқаддима
Ушбу меъёр Инвестиция сукукларини чиқариш ва уларни муомалага киритиш (олди-сотди қилиш)нинг ҳукмини баён қилиш, уларнинг турлари, хусусиятлари, шаръий меъёрлари ҳамда ислом молия муассасаларида уларни чиқариш ва муомалага киритиш шартларини баён қилишни мақсад қилади.
Меъёрнинг матни
1. Меъёрнинг қамрови (амал қилиш доираси)
Ушбу меъёр Инвестиция сукукини қамраб олади. Жумладан, қуйидаги сукук турларини ўз ичига олади:
- ижара активларига эгалик сукуклари;
- манфаат (узуфрукт)га эгалик сукуклари;
- хизматларга эгаликни ифода этувчи сукуклар;
- Муробаҳа, Салам, Истисна, Музораба, Мушорака, Вакала бил-Истисмар (Инвестицион вакиллик), Музораъа, Мусоқот ва Муғораса сукуклари.
Ушбу меъёр акциядорлик жамиятларининг акцияларини қамраб олмайди, чунки бу мавзу Мушорака ва Қимматли қоғозлар бўйича меъёрларда баён этилган. Шунингдек, меъёр пай фондлари ва инвестиция портфелларини ҳам ўз ичига олмайди.
2. Инвестиция сукукининг таърифи:
Инвестиция сукуклари — бу бир хил (тенг) қийматга эга гувоҳнома (сертификат)лар бўлиб, улар умумий эгаликдаги мулкка бўлган тенг улушларни, ёки манфаат (узуфрукт), хизматлар, муайян лойиҳалар ва аниқ инвестиция фаолиятига тегишли активлардаги мулк ҳуқуқларини ифодалайди. Бундай ҳуқуқ сукук қиймати тўлиқ йиғилгандан, обуна ёпилгандан ва йиғилган маблағлардан сукук чиқарилган мақсадларда фойдаланиш бошлангандан кейин юзага келади. Ушбу меъёрда сукуклар, акция ва облигациялардан фарқлаш мақсадида, Инвестиция сукуки номи билан ифодаланди.
3. Инвестиция сукукининг турлари:
Инвестиция сукукининг бир қанча турлари мавжуд, жумладан:
3/1 Ижарага берилган активларга эгаликни ифодаловчи сукук:
Бундай сукук ижарага берилган актив эгаси ёки ижарага олиш ваъдаси берилган актив эгаси томонидан чиқариладиган; ёхуд мулк эгаси номидан молиявий воситачи томонидан чиқариладиган тенг қийматга эга гувоҳнома (сертификат)лардир. Мақсад – сукукларни сотиш ва обуна маблағлари ҳисобидан активнинг қийматини чиқариш (ундириш) ҳисобланади. Бунинг натижасида актив сукук эгаларининг мулкига айланади.
3/2 Манфаат (узуфруктлар)га эгаликни ифодаловчи сукук:
3/2/1 Мавжуд активларнинг манфаатларига эгаликни ифодаловчи сукуклар:
У икки хил бўлади:
3/2/1/1 Мавжуд активнинг эгаси томонидан, мустақил равишда ёки молиявий воситачи орқали, активни ижарага бериш ва ижара ҳақини обуна маблағлари ҳисобидан тўлаш мақсадида чиқариладиган тенг қийматдаги сертификатлар. Бунда, активнинг манфаати (узуфрукти) сукук эгаларининг мулкига айланади.
3/2/1/2 Мавжуд активнинг манфаати эгаси, яъни ижарачи томонидан мустақил равишда ёки молиявий воситачи орқали ўша манфаатни қуйи-ижарага бериш ва ижара ҳақини обуна маблағлари ҳисобидан тўлаш мақсадида чиқариладиган тенг қийматдаги сертификатлар. Бунда, активдан олинадиган манфаат (узуфрукт) сукук эгаларининг мулкига айланади.
3/2/2 Келажакда етказиб бериладиган (зиммада тавсифланган) активларнинг манфаатларига эгаликни ифодаловчи сукуклар:
Бундай сукук – зиммада мажбурият сифатида тавсифланган (келажакда етказиб бериладиган) активларни ижарага бериш ва ижара ҳақини обуна маблағлари ҳисобидан тўлаш/ундириш мақсадида чиқариладиган тенг қийматдаги сертификатлар бўлиб, келажакда етказиб бериладиган активнинг манфаати сертификатлар эгаларининг мулкига айланади.
3/2/3 Муайян томон кўрсатадиган хизматларга эгаликни ифодаловчи сукук:
Бу – маълум бир хизмат кўрсатувчи томонидан хизматлар кўрсатиш (масалан, муайян бир университет томонидан таълим хизмати кўрсатиш) ва хизмат ҳақини обуна маблағлари ҳисобидан ундириш мақсадида чиқариладиган тенг қийматдаги сертификатлар. Бунда, ушбу хизматлар сукук эгаларининг мулкига айланади.
3/2/4 Номуайян (зиммада умумий мажбурият сифатида тавсифланган) манба томонидан кўрсатиладиган хизматларга эгаликни ифодаловчи сукуклар:
Бу – зиммада тавсифланган хизмат кўрсатувчи томонидан маълум бир хизматни (масалан, номи аниқ кўрсатилмаган, лекин тафсилотлари белгилаб қўйилган университет таълим хизмати) тақдим этиш ва хизмат ҳақини обуна маблағлари ҳисобидан ундириш мақсадида чиқариладиган тенг қийматдаги сертификатлар. Бунда, ушбу хизматлар сукук эгаларининг мулкига айланади.
3/3 Салам сукуки:
Бу – Салам капиталини шакллантириш мақсадида чиқариладиган тенг қийматдаги сертификатлар. Бунда, Салам асосида етказиб бериладиган маҳсулот сукук эгалари мулкига айланади.
3/4 Истисна сукуки:
Бу – обуна маблағлари бирор маҳсулотни ишлаб чиқаришга йўналтириш мақсадида чиқариладиган тенг қийматдаги сертификатлар бўлиб, ишлаб чиқариладиган маҳсулот сукук эгаларининг мулкига айланади.
3/5 Муробаҳа сукуки:
Бу – Муробаҳа асосида маҳсулот харидини молиялаштириш мақсадида чиқариладиган тенг қийматдаги сертификатлар. Бунда, Муробаҳа маҳсулоти сукук эгаларининг мулкига айланади.
3/6 Мушорака сукуки:
Бу – маблағларни янги лойиҳа ташкил қилиш, мавжуд лойиҳани ривожлантириш ёки Мушорака (шериклик) шартномаларидан бири асосида фаолиятни молиялаштиришга йўналтириш мақсадида чиқариладиган тенг қийматдаги сертификатлар. Лойиҳа ёки тадбиркорлик фаолиятидаги активлар сукук эгаларининг улушлари доирасида уларнинг мулкига айланади. Мушорака сукуки Мушорака, Музораба ёки Инвестиция агентлиги (Вакала бил-Истисмар) асосида бошқарилади.
3/6/1 Ширкат (Мушорака) сукуки:
Бу – Мушорака асосида бошқариладиган лойиҳалар ёки бизнес фаолиятдаги иштирокни ифодаловчи сертификатлар бўлиб, бунда бизнесни бошқариш шериклардан бирига ёки учинчи шахсга юклатилади.
3/6/2 Музораба сукуки:
Бу, шериклардан бирини ёки бошқа учинчи шахсни бизнесни бошқариш учун музориб сифатида тайинлаш орқали Музораба асосида бошқариладиган лойиҳалар ёки фаолиятни ифодаловчи сертификатлардир.
3/6/3 Инвестицион агентлик (Вакала бил-Истисмор) сукуки:
Бу, бошқарув учун сукук эгалари номидан вакил тайинлаш орқали Инсвестицион вакиллик асосида бошқариладиган лойиҳалар ёки бизнес фаолиятни ифодаловчи сертификатлардир.
3/7 Музораъа сукуки:
Бу, обуна маблағларини Музораъа асосидаги лойиҳаларни молиялаштиришда фойдаланиш мақсадида чиқариладиган тенг қийматдаги сертификатлар бўлиб, сукук эгалари шартномадаги белгиланган тартибда ҳосилдан улуш олиш ҳуқуқига эга бўлишади.
3/8 Мусоқот сукуки:
Бу, обуна натижасида йиғилган маблағларни мевали дарахтларни суғориш ва парвариш қилиш харажатларини қоплаш учун Мусоқот шартномаси асосида чиқариладиган тенг қийматли сертификатлар бўлиб, сукук эгалари йиғиб-териб олинадиган мевалардан шартномада белгиланган нисбатда улуш олиш ҳуқуқига эга бўладилар.
3/9 Муғораса сукуки:
Бу — қиймати тенг бўлган сертификатлар бўлиб, улардан тушган маблағлар дарахт экиш ва ушбу экиш билан боғлиқ барча ишлар ҳамда харажатларни молиялаштириш учун, муғораса шартномаси асосида чиқарилади.
Натижада сукук эгалари ер ва экинларда улушга эга бўладилар.
4. Инвестиция сукукининг хусусиятлари:
4/1 Инвестиция сукуки – тенг қийматда чиқарилган сертификатлар бўлиб, улар эгасининг номига ёки уни тақдим этувчи номига расмийлаштирилади ва мазкур сертификатларда ифодаланган молиявий ҳуқуқлар ва мажбуриятларга эгалик ҳуқуқини тасдиқлайди.
4/2 Инвестиция сукуклари — инвестиция учун мўлжалланган умумий активлардаги улушни ифодалайди. Бу активлар моддий активлар, узуфрукт (фойдаланиш ҳуқуқи), хизматлар ёки уларнинг комбинацияси, шунингдек номоддий ҳуқуқлар, қарзлар ва нақд пул маблағларидан иборат бўлиши мумкин.
Бундай сукуклар сертификат эгасининг эмитент (сукук чиқарувчи) олдидаги қарз мажбуриятларини ифода этмайди.
4/3 Сукук шариатга мувофиқ шартномалар асосида, уни чиқариш ва муомалага киритишни тартибга солувчи шаръий меъёрларга риоя қилган ҳолда чиқарилади.
4/4 Сукукнинг муомаласи (савдоси) у ифодалаётган нарсанинг олди-бердисидаги шартларга бўйсунади.
4/5 Сукук эгалари обуна бюллетенида баён қилинган келишувга мувофиқ фойдада ўзаро шерик бўладилар ҳамда зарарларни ҳар бир шахс ўзи эгалик қилаётган ҳиссасига мутаносиб равишда зиммасига олади.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси