AAOIFI Шаръий меъёри №16:
ТИЖОРАТ ҚОҒОЗЛАРИ
3. Тижорат қоғозлари билан муомала қилишнинг (шаръий) ҳукми:
3/1 Тижорат қоғозларининг уч тури (ўтказма вексел, оддий вексел ва чек) билан муомала қилиш, агар улар рибо ёки шариатда тақиқланган кечиктириш каби ишларга олиб келмаса, қуйидаги бандларда келтирилган тафсилотларга мувофиқ жоиз ҳисобланади.
3/2 Қабз шарт қилинган ўринларда ўтказма вексел ёки оддий векселдан фойдаланиш жоиз эмас. Мисол учун, ушбу векселларни сарф (валюта айирбошлаш) битимида икки айирбошланувчи қиймат ёки Салам шартномасида тўлов бирлиги (капитали) қилиш жоиз эмас.
3/3 Чеклар билан муомала қилиш қуйидаги чек турлари доирасида ва ҳолатларда жоиз ҳисобланади:
3/1/3 Чек соҳибининг ҳисобида (балансида) етарли пул маблағи мавжуд бўлган чек, агар у мижоз томонидан банкка ёки бир банк томонидан бошқа банкка ёки бир банкнинг ўзи ёки филиалларидан бирига ёзилган бўлса (бундай амалиёт жоиз бўлади).
3/2/3 Чек соҳибининг ҳисобида (балансида) пул маблағи мавжуд бўлмаган чек, агар мижоз томонидан бир банкка ёки бир банкдан бошқасига ёхуд бир банкнинг ўзига ёки унинг филиалларидан бирига ёзилган бўлса (бу овердрафт деб номланади) жоиз. Бу ҳолат шаръан қарз деб қаралади, фақат бунда (чек жоиз бўлиши учун) чекни нақд пулга айлантириш рибога олиб бормаслиги шарт.
3/3/3 Махсус чизиқ билан белгиланган чек (crossed cheque). Бу ҳолатда тўловни амалга оширувчи банк чек шартларига мувофиқ равишда тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади.
3/3/4 Ҳисобрақамга қайдланган чек (яъни муайян ҳисобрақамга ўтказиш учун мўлжалланган чек). Бунда, тўловни амалга оширувчи банк чек шартларига мувофиқ тўлаш мажбуриятини олади. Чек суммасини бевосита ҳисобрақамга киритиш орқали тўлов қилинади.
3/3/5 Саёҳат чеклари (йўл чеклари). Бундай чекларни чиқарувчи ташкилот воситачилик қилиш эвазига чек чиқариш вақтида ёки чекдан фойдаланиш вақтида комиссия олиши жоиз. Бироқ бу комиссия фоизли қарз (рибо)ни ўз ичига олмаслиги шарт.
4. Индоссамент (чек ёки векселни бошқа шахсга ўтказиш ҳақидаги ёзув)
Индоссаментнинг барча турлари, агар улар учун белгиланган шартлар ва қонун-қоидаларга тўлиқ риоя этилган бўлса, ҳуқуқий оқибатлари жиҳатидан мажбурий кучга эга ҳисобланади.
5. Тижорат қоғозларини инкассо қилиш (Тижорат қоғозлари бўйича тўловларни ундириш):
Тижорат қоғозлари қийматини ундириш амалиёти ваколат шартномаси (ваколатнома) асосида иш юритиш ҳисобланади, яъни мижоз молия муассасасини унинг (яъни мижознинг) номидан эмас, балки молия муассасаси ўзининг номидан тўловни ундириши учун вакил сифатида тайинлайди. Бунда, молия муассасаси мижоз билан ўзаро келишилган ҳолда ҳақ (комиссия) олиш ҳуқуқига эга. Агар улар ўртасида аниқ келишув мавжуд бўлмаса, у ҳолда амалдаги бозор амалиётида қабул қилинган урф асосида ҳақ белгиланади.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси