Ислом молияси бўйича мутахассис Хондамир Нусратхўжаев ислом молияси ҳақидаги энг кенг тарқалган афсоналарни бир жойга жамлаб, уларнинг нима учун ҳақиқатга тўғри келмаслигини изоҳлаб берди.
Сентабр ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Ҳужжат ислом банклари учун алоҳида лицензия ва оддий банкларда “ислом дарчалари”ни очиш имкониятини назарда тутади, шунингдек, асосий маҳсулотлар — Муробаҳа, Музораба, Мушорака, Вакала ва Салам каби операцияларнинг асосий жиҳатларини белгилайди.
Марказий банк ислом молияси меъёр (стандарт)ларини белгилаш ва банклар ҳузуридаги шариат кенгашларини назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Марказий банк 2030-йилгача камида 10 та ислом банки пайдо бўлишини кутмоқда
БМТТД сўровномасига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг ва бизнес вакилларининг аксарияти диний эътиқоди сабаб анъанавий банк хизматидан фойдаланишни хоҳламайди. Янги қонун ушбу талабларни ҳисобга олишга қаратилган ва мамлакатга йилига $5 млрдга баҳоланаётган ислом капиталидан фойдаланиш имкониятини очади.
Spot билан суҳбатлашган мутахассислар, шунингдек, ислом банк фаолиятини жорий этиш молиявий фаолликни оширади ва иқтисодиётга катта миқдордаги ички маблағларни жалб қилади, деб ҳисоблайди.
Ислом молияси бўйича халқаро эксперт ва AAOIFI кенгаши аъзоси (2016−2024) Хондамир Нусратхўжаев Спот учун ёзган мақоласида ислом молияси бўйича энг кенг тарқалган афсона (миф)ларни тўплаб, булар нима учун ҳақиқатга тўғри келмаслигини тушунтирди.

Spot 2023-йилда Нусратхўжаев билан ислом банки мавзусини батафсил муҳокама қилганди. Ўшанда эксперт тизим тамойиллари, уни жорий этишдаги тўсиқлар ҳақида гапириб, инфратузилма яратишда Ўзбекистон “осонгина миллиардлаб ҳалол долларларни жалб қилиши мумкинлигини” таъкидлаганди.
Ислом молияси ва банкинг бозори эндигина шаклланаётган Ўзбекистонда бу мавзу атрофида анчагина қолип ва стереотип (нотўғри тушунча)лар мавжуд. Баъзиларнинг фикрича, бу шунчаки “судхўрликнинг яна бир тури, фақат бошқача қобиқ остида”. Бошқалар бу қандай ишлашини умуман билишмайди. Учинчилари эса “исломий” экан, деб мутлақо бепул бўлишига ишонишади. Баъзилар эса шариат жорий этилиб, оддий фуқаролар тузоққа тушиб қолишидан қўрқишади.
Ушбу мақоланинг вазифаси энг кенг тарқалган афсоналарни йўқ қилиш ва ислом молияси аслида қандай тузилганини кўрсатишга қаратилган. Ҳозирча кўпчилик бу тармоқ ҳақида кўп нарсани билмаслиги табиий.
1. Бу иккиси бир хил нарса
Асосий стереотип: “Ислом банклари ва оддий банклар бир хил йўл тутишади: фоиз эвазига пул беришади, фақат турлича номлашади”.Кўпчилик шундай деб ўйлайди, чунки ташқи томондан ҳамма нарса бир хил кўринади: унда ҳам, бунда ҳам одам пул олади, у ерда ҳам, бу ерда ҳам тўлов жадваллари ва ставкалар ўхшаш. Аммо чуқурроқ қарайдиган бўлсак, бу битимларнинг механикаси тескари.Оддий банкда: пул пулни туғдиради. Бугун 100 ни оласиз — эртага 110 ни қайтарасиз. Ҳеч қандай товар, хизмат ёки реал қиймат пайдо бўлмайди. Бу соф молиявий синтетика: пул реал иқтисодиёт билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ўз-ўзидан ўсади. Ана шундай ўсиш рибо (судхўрлик) дир.
Ислом банкида: банк “пул бермайди”, балки реал битимда иштирок этади. У маҳсулот ёки активни сотиб олади, унинг эгасига айланади ва мижозга бўлиб тўлаш шарти билан сотмагунча битим бўйича барча тегишли хатар ва таваккалчиликларни ўз зиммасига олади. Фойда вақтдан эмас, балки активга эгалик қилиш ва (бу билан боғлиқ) хатарлардан келиб чиқади.Масалан, банк маҳсулотни 100 га сотиб олиб, уни бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан 110 га сотади. Бу устама маҳсулотни қийматига қўйилган, пулга ҳисобланган фоиз эмас. Банк маҳсулотни сотиб олади, хатарларни ўз зиммасига олади, сотади ва фойда кўради.
Устаманинг миқдори фоизга ўхшаши эса — мутлақо нормал ҳолат. Бу бозор.Иккита дўкон нонни деярли бир хил нархда сотиши сизни ажаблантирмайди: ахир улар битта иқтисодиёт доирасида ишлашади. Бу ерда ҳам бозор нархлар диапазонини белгилайди, аммо битимнинг табиати бошқача бўлади.
2. Бу бепул ва бехатар (таваккалсиз)
Эҳтимол, энг умрбоқий афсоналардан бири қуйидагидир: “Агар ислом молияси бўлса, демак, ҳамма нарса бепул ва ҳеч қандай хатарларсиз.”Ислом иқтисодий модели фойдани инкор этмайди — аксинча, уни ҳар қандай тижорат фаолиятининг зарурий шарти деб билади. Фарқ фақат бу фойданинг айнан қандай шаклланиши ва қандай шароитларда бўлишидадир.Ҳа, ислом модели спекуляция (чайқов) ва эксплуатацияни истисно қилади, аммо тижорат манфаатини истисно қилмайди. Асосийси — адолат, шаффофлик ва ўзаро манфаатдорлик.Масалан, агар мен телефонни бўлиб-бўлиб тўлашга устама билан сотсам — бу судхўрлик ҳисобланмайди. Телефон меҳнат орқали яратилган ва фойда келтирадиган реал товардир. Шу сабабли, унга таннархдан юқори нарх қўйиш мумкин.Агар сотувчи кредитга сотса, харидор дарҳол фойда кўради, сотувчи эса тўловни кечиктириш хатарини ўз зиммасига олади. Айнан шу таваккалчилик ва олинадиган фойдадаги асимметрия (номутаносиблик) учун у юқорироқ нарх белгилашга ҳақли бўлади. Устаманинг фоизга ўхшашлиги моҳиятни ўзгартирмайди — бу маҳсулот учун тўлов, нарх эса бозор томонидан белгиланади.
3. Бу фақат мусулмонлар учун
Яна бир энг барқарор афсоналардан бири: “Ислом банклари фақат мусулмонлар учун”. Аслида, ислом банки диний муассаса эмас, балки муносабатларни адолат, шаффофлик ва хатарларни тақсимлаш тамойиллари асосида қурадиган ахлоқий молиявий муассасадир.Бу тамойиллар универсалдир — уларга эътиқодидан қатъий назар, ҳар қандай инсон амал қилиши мумкин. Шунинг учун дунёвий мамлакатларда ислом молияси муваффақиятли ривожланмоқда:
• Малайзия: Ислом банклари мижозларининг учдан бир қисмидан кўпроғи мусулмон бўлмаганлардир.
• Буюк Британия: Европадаги энг йирик ислом банк маркази.
• Сингапур: анъанавий инвестициялар билан бир қаторда ислом инвестиция воситаларини фаол жорий этмоқда.
Баъзилар, шунингдек, ислом молияси диний қоидаларни тиқиштиришга олиб келишидан қўрқишади. Аслида бу нотўғри фикр. Яна бир нарсани тушуниш керак: ислом молияси фақат мусулмонлар учун эмас. Бу диний институт (ташкилот) эмас, балки ҳамма учун мавжуд бўлган муқобил молиявий модел.
Дунёвий мамлакатларда ислом молия муассасалари оддий банклар каби бир хил қонунлар асосида фаолият юритади ва бир хил назоратга эга. Ягона фарқ шундаки, ҳар бир молиявий амалиёт исломнинг ахлоқий тамойилларига мувофиқлиги текширилади.Малайзия, Сингапур, Буюк Британия ва бошқа дунёвий иқтисодиётларда исломий ва анъанавий банклар кўп йиллардан буён бир молия тизимида — рақобатни кучайтириш, мижозлар имкониятларини кенгайтириш ва бир-бирини тўлдириш йўлида фаолият юритиб келишмоқда.
4. Бу оддий (анъанавий) банкдан қимматроқ
Кўпинча айнан бошланғич босқичда пайдо бўладиган афсона: “Ислом молияси оддий банкка нисбатан қимматроқ ва мураккаброқ”.Ҳа, баъзида ислом банклари маҳсулотлари ҳақиқатан ҳам бироз қимматроқ бўлади. Лекин сабаб “дин”да эмас, бозор шароитида.Оддий банклар узоқ вақтдан бери мавжуд бўлган экотизимда ишлайди: уларда ўзаро қўллаб-қувватлаш, улкан мижозлар базаси, арзон фондлаштириш ва марказий банкнинг қўллаб-қувватлаш тизими мавжуд. Ислом банклари янги бозорларда ҳали бундай афзалликларга эга эмас — улар ҳамма нарсани нолдан бошлашларига тўғри келади ва шунинг учун уларнинг харажатлари вақтинча юқорироқ бўлади.
Бироқ, ислом молия тизими ривожланган жойларда — масалан, Малайзия, Форс кўрфази мамлакатлари ёки Покистонда — агар давлат тенг солиқ ҳамда тартибга солиш шароитларини таъминлаган бўлса, ислом банклар анъанавий банклар сингари фаолият юритади ҳамда уларникидан қимматроқ ёки мураккаброқ бўлмаган маҳсулотларни таклиф этади.
Масала динда эмас, балки тизимнинг етуклигидадир. Шароитлар тенг бўлган ҳолда, ислом банклари барқарорлик ва мижозларнинг ишончи жиҳатидан анъанавийлардан қолишмайди, ҳатто баъзи ҳолларда устунлик ҳам қилади.
5. Кейин нима бўлади?
Бизнинг бозоримиз жуда катта ва ҳали деярли ўзлаштирилмаган. Бу салоҳиятни эътиборга олмаслик тарихий имкониятни бой бериш демакдир.
Ислом молияси барқарор иқтисодий ўсиш драйвери (ҳаракатга келтирувчи кучи) бўлиши мумкин:
• иқтисодиётга катта миқдордаги ички жамғармаларни жалб қилиш;
• бандлик ва (аҳоли ва бизнес томонидан) фаолликни кучайтириш;
• солиқ тушумларини кўпайтириш;
• аҳолининг молия тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш;
• бугунги кунда диний эътиқоди туфайли банкларга мурожаат қилмаётган одамларни иқтисодиётга жалб қилиш.
Бу мавжуд тизимга муқобил эмас, балки унинг кенгайиши ва кучайишига хизмат қилувчидир.
Манба: https://www.spot.uz/ru/2025/11/04/islamic-thoughts/