ШАРЪИЙ МЕЪЁР № 12
ШИРКАТ (МУШОРАКА) ВА ЗАМОНАВИЙ ШИРКАТЛАР
Меъёрнинг матни
3/3 Ширкат ал-аъмал (меҳнат, хизмат ёки касб-кор асосидаги шерикчилик)*
3/3/1 Ширкат ал-аъмал бу икки ёки ундан ортиқ томонларнинг жисмоний ёки ақлий (интеллектуал) меҳнат, хизмат кўрсатиш ёки ўз мавжуд тажрибаларини бирлаштириш асосида даромад олиш учун тузилган келишуви бўлиб, фойдадаги улушлар нисбати келишувга мувофиқ белгиланади.
3/3/2 Ширкат ал-аъмалда пул кўринишидаги устав капитал бўлмайди. Чунки унда шерикчилик мавзуси (предмети) – меҳнат қилиш / хизмат кўрсатишдир. Иштирокчиларнинг ўзлари ёки уларнинг вакиллари томонидан бажариладиган ишлар ҳажми турлича бўлишига ёки умумий ишни бажариш мақсадида шериклар ўртасида турли хил ишларни тақсимлашга ҳеч қандай эътироз йўқ.
3/3/3 Фойда томонлар ўртасидаги келишувга мувофиқ тақсимланади, аммо улардан ҳеч бирига қатъий белгиланган фойдани шарт қилиш жоиз эмас.
3/3/4 Агар ширкат ал-аъмал асосий воситалар (масалан, асбоб-ускуналар ёки техник воситалар) мавжуд бўлишини талаб қилса, ҳар бир тараф ўзи ишлатадиган (ўзига керакли) нарсани тақдим қилиши мумкин, бунда у тақдим қилган нарса ўзининг мулки сифатида қолади ёки бу воситалар ширкат пуллари ҳисобидан ширкат ал-милк (мулкдаги шериклик) асосида сотиб олиниши мумкин. Шунингдек, асосий воситалар ширкат иштирокчиларидан бири томонидан ширкатнинг харажатлари деб ҳисобга олинадиган ижара ҳақи эвазига тақдим этилиши мумкин.
(давоми бор)
*бундай турдаги ширкат ширкат ал-санаъи, ширкат ал-абдан, ширкат ал-тақоббул деб ҳам аталади
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси