ШАРЪИЙ МЕЪЁР №12
ШИРКАТ (МУШОРАКА) ВА ЗАМОНАВИЙ ШИРКАТЛАР
Муқаддима
Ушбу меъёрнинг мақсади – Ширкат ал-Ақд, замонавий тилда айтганда, Мушоракага тегишли умумий шаръий асослар ва ҳукмларни баён қилиш, Ширкат ал-Инон, Ширкат ал-Вужуҳ, Ширкат ал-Аъмал, Мушорака Мутанақиса ва замонавий ширкат турларига таъриф бериш, уларнинг ҳар бирига хос шариат ҳукмларини баён қилиш, шунингдек, Ислом молия муассасалари[1] томонидан амал қилиниши лозим бўлган шариат мезонларини баён этишдан иборат.
Меъёрнинг матни
1. Меъёрнинг қамрови (амал қилиш доираси)
Ушбу меъёр фиқҳ китобларида маълум бўлган, Ширкат ал-Ақд (шартнома асосидаги шерикчилик)га асосланган ширкатларнинг қуйидагилардан бошқа барча турларини қамраб олади. Шунингдек, мазкур меъёр барча турдаги замонавий ширкатларга (шерикчиликнинг барча замонавий шаклларига), жумладан Камайиб борувчи Мушоракага нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Меъёр Мушорака Сукукни ўз ичига олмайди, чунки у “Инвестиция Сукуки” деб номланган меъёр таркибига киритилган. Шунингдек, меъёр Ширкат ал-Милк (мулкка биргаликда эгалик қилиш)ни, амалиётда камдан-кам ҳолларда қўллангани учун Ширкат ал-Муфаваза[2] (Муфавaза ширкати)га хос бўлган ҳукмларни, алоҳида меъёрда берилгани учун Музорабани ва яна Музораъа, Мусоқот ва Муғорасани қамраб олмайди. Ушбу меъёр, замонавий ширкатларга нисбатан, уларга тегишли низом/меъёрлар ҳамда амалиётларни ҳам қамраб олмайди.
2. Ширкат ал-Ақднинг таърифи, унинг таснифи ва турлари:
2/1 Ширкат ал-Ақднинг таърифи:
Ширкат ал-Ақд (шартнома асосидаги шерикчилик, шартнома ширкати) бу икки ёки ундан ортиқ шахснинг фойда олиш мақсадида ўз мол-мулкларини, меҳнатларини ёки зиммаларидаги мажбуриятларини бирлаштиришни кўзда тутувчи келишувдир.
2/2 Ширкат ал-Ақднинг таснифи:
Ширкат ал-Ақд икки асосий турга бўлинади:
Биринчи тур: ِِِМумтоз фиқҳ доирасида кўриб чиқилган ширкатлар
Иккинчи тур: Замонавий ширкатлар
2/2/1 Фиқҳ китобларида маълум ва машҳур бўлган ширкатлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
а) Ширкат ал-Инон (Икки ёки ундан ортиқ киши ўртага муайян сармоя киритиб тадбиркорлик фаолияти юритиши ва ундан чиққан фойдада шерик бўлишлари);
б) Ширкат ал-Вужуҳ ёки ал-Зимам, яъни мавжуд обрў-эътибордан кафолат сифатида фойдаланиб зиммага мажбурият / масъулият олиш асосидаги ҳамкорлик (масъулиятга асосланган ширкат);
c) Ширкат ал-Аъмал (меҳнат, хизмат ёки касб-кор асосида шерикчилик қилиш).
2/2/2 Замонавий ширкатларнинг энг машҳур турлари қуйидагилардир:
а) акциядорлик жамиятлари;
б) тўлиқ жавобгарлик асосидаги шериклик;
c) коммандит ширкатлари;
д) акциядорлик-коммандит ширкатлари;
э) қўшма корхоналар (Муҳасса ширкати); ф) Камайиб борувчи Мушорака (бу турдаги шерикчилик “Ширкат ал-Инон”дан келиб чиққан).
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси
[1] Ушбу ширкатда томонлар сармоя, фойда, дин, иш юритиш ва зиммадорликда бир-бирлари билан теппа тенг бўлишлари керак ва шунинг учун бу турдаги шерикчилик муфaваза ширкати деб номланади.
[2] Бу ерда (Муассаса/Муассасалари) сўзи барча Ислом молия муассасалари, шу жумладан, Ислом банклари учун қисқартма сифатида ишлатилган