ШАРЪИЙ МЕЪЁР №11
ИСТИСНА ВА ПАРАЛЛЕЛ ИСТИСНА
Меъёрнинг матни
3. Истисна мавзуси (предмети) ва унинг кафолатлари:
3/1 Буюртма асосида тайёрланадиган маҳсулот (Маснуъ)га оид қоидалар:
3/1/1 Ишлаб чиқариш ёки қурилиш жараёнида ўз табиий ҳолатини ўзгартирадиган нарсаларгина Истисна шартномасининг мавзуси бўлиши мумкин. Демак, ишлаб чиқарувчи/пудратчи (сонеъ) ишлаб чиқариладиган (тайёрланган/қурилган) активни етказиб бериш/топшириш мажбуриятини ўз зиммасига олар экан, Истисна шартномаси тўғри бўлади.
3/1/2 Буюртмачи (мустасниъ) ўзи истаган махсус тавсифлар асосида тайёрланадиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш/ясаш бўйича шартнома тузиши жоиз, ҳатто бозорда бундай маҳсулотнинг ўхшаши (муқобили) йўқ бўлса ҳам. Лекин ўша маҳсулотлар тавсиф билан аниқ белгиланадиган нарсалардан бўлиши шарт.
Шунингдек, Истисна шартномаси объекти/мавзуси бозорда кенг тарқалган ва умумий меъёрлар асосида ишлаб чиқариладиган ва шу боисдан ўзаро алмаштирса бўладиган нарсалар ҳам бўлиши мумкин.
Бу қоида, (буюртма қилинган) маҳсулот истеъмол учун мўлжалланган бўладими ёки асл ҳолатини сақлаб қолган ҳолда фойдаланиш учун мўлжалланган бўладими — бунинг аҳамияти йўқ.
3/1/3 Истисна шартномаси объекти мавжуд ва аниқ белгиланган актив бўлиши мумкин эмас. Масалан, муайян (мавжуд) автомашина ёки завод Истисна шартномасининг мавзуси бўлиши ножоиз. Чунки Истисна — муайян (мавжуд) маҳсулотлар эмас, балки тавсиф орқали аниқланадиган активларга нисбатан тузиладиган савдо шартномасидир.
Ишлаб чиқарувчи тайёрлаш (ясаш/қуриш)ни бошлаган маҳсулот то тўлиқ ёки қисман топширилмагунча, ушбу активга нисбатан буюртмачи-харидор устувор ҳуқуққа эга бўлмайди. Шунингдек, ишлаб чиқарувчи буюртмани бажариш мақсадида ўзида мавжуд хом ашё ва эҳтиёт қисмларни буюртма берилган маҳсулотдан бошқа маҳсулотга ишлатмасликка кафолат бермаган бўлса, уларга нисбатан буюртмачи-харидорнинг ҳеч қандай ҳуқуқи йўқ.
3/1/4 Истисна шартномасида, ишлаб чиқариш айнан корхонанинг ўзи томонидан амалга оширилишини шарт қилиш мумкин. Бу ҳолатда корхона ушбу шартга риоя қилиши шарт, яъни ишни бажаришни бошқа корхонага топширишга ҳақли бўлмайди.
3/1/5 Ишлаб чиқарувчи Истисна шартномаси тузилишидан олдин ўзи тайёрлаган маҳсулотни ёки агар ишлаб чиқаришни айнан ишлаб чиқарувчининг ўзи бажариши шарт қилинмаган бўлса, бошқа биров (учинчи томон) тайёрлаган маҳсулотни етказиб бериши/топшириши жоиз. Бироқ, бу қоида фақат келгусида етказиб берилиши керак бўлган (бай мавсуфа физ-зимма), лекин аслида ишлаб чиқариш мақсади бўлмаган маҳсулотни унинг нархини кейин олиш, яъни савдодаги икки айирбошланадиган нарса — нарх ва маҳсулотни кечиктириш учун шариатда тақиқланган айланма йўл (ҳийла) воситаси сифатида қўлланмаслиги керак.
3/1/6 Ишлаб чиқарувчи (сонеъ) ишни шартномада белгиланган тавсифларга мувофиқ равишда ва келишилган муддат ичида ёки ишнинг табиати тақозо қиладиган вақт ичида, мутахассислар томонидан қабул қилинган талаб (меъёрлар)га мувофиқ тарзда бажариши лозим.
3/1/7 Ишлаб чиқариладиган маҳсулотдаги айб-нуқсонлар учун кафолат муддати белгиланиши ёки муайян муддат давомида техник хизмат кўрсатиш мажбурияти юклатилиши жоиз. Бу муддат томонларнинг ўзаро келишуви асосида ёки урфга мувофиқ белгиланади.
3/1/8 Буюртмачи ёки ишлаб чиқарувчига тегишли маълум бир ер майдонида ёки фойдаланиш ҳуқуқи улардан бирига тегишли бўлган ерда Истисна объекти – бинони қуриш бўйича шартнома тузиш жоиз. Бу ҳолатда Истисна мавзуси — муайян макон (ер майдони) эмас, балки шартномада тавсифланган бинодир.
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси