ШАРЪИЙ МЕЪЁР №10
САЛАМ ВА ПАРАЛЛЕЛ САЛАМ
Меъёрнинг матни
4. Салам шартномасига тааллуқли масалалар/ҳолатлар
4/1 Муслам фийҳ (Салам маҳсулоти)ни қабз қилиш / қабул қилиб олишдан олдин сотиш:
Харидор (муслим)нинг муслам фийҳни қабз қилиб олиши / эгаликка қабул қилиб олишидан олдин сотиши жоиз эмас.
4/2 Муслам фийҳни алмаштириш:
Харидор етказиб бериш муддати етгандан кейин муслам фийҳни бошқа нарсага алмаштириши жоиз, лекин алмаштирилаётган нарса пул бўлмаслиги керак ва бундай алмаштириш шартномада шарт сифатида кўрсатилмаган бўлиши керак. Салам маҳсулотини алмаштириш шартномадаги маҳсулотнинг жинсидаги маҳсулот бўлиши ҳам, ёки бошқа жинсдаги маҳсулот бўлиши ҳам мумкин. Бироқ, алмаштириладиган нарса Салам сармояси (тўлов воситаси) учун муслам фийҳ (Салам маҳсулоти) бўлишга яроқли бўлиши ҳамда унинг бозор қиймати муслам фийҳнинг етказиб бериш вақтидаги бозор қийматидан юқори бўлмаслиги шарт.
4/3 Салам шартномасини бекор қилиш (Иқола)
Иккала томоннинг келишувига асосан (уларнинг розилиги билан) Салам капиталини тўлиқ қайтариб бериш эвазига муслам фийҳни етказиб беришни бутунлай бекор қилиш (Иқола) жоиз ҳисобланади. Шунингдек, муслам фийҳнинг бир қисмини етказиб беришни бекор қилиш ва унга мос равишда сармоя (қилинган тўлов)нинг тегишли қисмини (харидорга) қайтариш ҳам жоиз.
5. Муслам фийҳни етказиб бериш
5/1 Сотувчи муслам фийҳни харидорга муддати етганида, шартномада белгиланган сифат ва миқдорга мувофиқ тарзда етказиб бериши лозим ҳисобланади. Шунингдек, харидор ҳам маҳсулотни, агар шартномада баён қилинган тавсифларга мос келса, қабул қилиши шарт. Агар харидор муслам фийҳни қабул қилишдан бош тортса, уни бунга мажбур қилинади.
5/2 Агар сотувчи (шартномада назарда тутилганидан) яхшироқ сифатдаги маҳсулот етказиб беришни таклиф қилса, харидор уни қабул қилиши лозим, бироқ сотувчи харидордан яхшироқ сифат эвазига қўшимча тўлов талаб қилмаслиги шарт. Бу (яъни яхшироқ сифатдаги маҳсулотни ҳеч қандай қўшимча тўловларсиз етказиб бериш) шартномавий мажбуриятни чиройли адо этиш (ҳуснул қадо) деб ҳисобланади. Шартномада айнан кўрсатилган сифат харидор учун муҳим ва аҳамиятли бўлмаган тақдирдагина бундай қилиш мумкин.
5/3 Агар сотувчи сифати пастроқ маҳсулотни етказиб беришни таклиф қилса, харидор уни қабул қилмаслик ёки уни ўша ҳолатида қабул қилиш ҳуқуқига эга. Бу эса “ҳуснул-иқтидо” – ўз ҳақидан ўтиб бериш ҳисобланади. Иккала томон нархга чегирма бериш (нархни тушириш) эвазига бўлса-да, маҳсулотни қабул қилиш бўйича келишиб олишлари мумкин.
5/4 Мусаллам фийҳ ўрнига бошқа навдаги маҳсулотни етказиб бериш жоиз эмас, ҳатто у муслам фийҳнинг жинсидаги/туридаги маҳсулот бўлса ҳам. Бироқ, буни муслам фийҳни алмаштириш шартлари асосида амалга ошириш мумкин. 4/2-бандга қаралсин.
5/5 Муслам фийҳни муддатидан олдин етказиб бериш жоиз, фақат Салам маҳсулоти сифат ва миқдор жиҳатидан шартномадаги тавсифга мос бўлиши шарт. Агар харидорда маҳсулотни муддатидан олдин қабул қилмасликка асосли сабаб бўлса, у қабул қилишга мажбурланмайди. Аксинча, асосли сабаб бўлмаса, қабул қилишга мажбур бўлади.
5/6 Агар сотувчи молиявий қийинчиликлари сабаб маҳсулотни вақтида етказиб бера олмаса, молиявий аҳволини тиклаб олгунича муҳлат берилади. 5/7 Муслам фийҳни етказиб беришдаги кечикиш учун жарима белгилаш жоиз эмас.
5/8 Агар муслам фийҳ (Салам маҳсулоти)нинг барчаси ёки бир қисми бозорларда мавжуд бўлмаса, яъни сотувчи етказиб бериш муддати етганида (келишилган) маҳсулотни топа олмаса, харидор қуйидагилардан бирини танлаш ҳуқуқига эга бўлади:
5/8/1 Муслам фийҳ бозорларда пайдо бўлгунича кутиш.
5/8/2 Шартномани бекор қилиш ва тақдим этилган сармоя (тўлов)ни қайтариб олиш.
Шунингдек, муслам фийҳни бошқа маҳсулотга алмаштириш ҳам жоиз (4/2 бандга қаралсин).
(давоми бор)
Таржимон:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси