ШАРЪИЙ МЕЪЁР №9
ИЖАРА ВА ИЖАРА МУНТАҲИЯ БИТТАМЛИК
Меъёрнинг баёни (матни)
4. Ижара шартномасини тузиш ва бу билан боғлиқ ҳолатлар
4/1 Ижара шартномасини тузиш ва унинг оқибатлари:
4/1/1 Ижара шартномаси томонлар учун бажариш мажбурий (лозим) бўлган шартнома ҳисобланади, шу сабабли уларнинг бири иккинчисининг розилигисиз шартномани бир томонлама бекор қилиш ёки ўзгартириш ҳуқуқига эга эмас (5/2/2, 7/2/1 ва 7/2/2 бандларга қаралсин).
Бироқ ижара шартномаси фавқулоддаги зарурат ҳолатида бекор қилиниши мумкин (7/2/1 бандга қаралсин).
4/1/2 Ижара муддати аниқ белгиланиши шарт. Агар томонлар ижара муддатининг бошланиши учун маълум бир санани келишмаган бўлса, ижаранинг бошланиши шартнома тузилган (имзоланган) кундан ҳисобланади. Ижаранинг бошланиш санаси келажакдаги маълум бир санага қайдланган бўлса, бундай ижара “келажакдаги ижара” [ал-ижара ал-мудофа] деб номланади.
4/1/3 Агар ижарага берувчи ижара объекти бўлган мол-мулк (актив)ни топширишни ижара шартномасида кўрсатилган муддатдан кечиктирса, шартномада кўрсатилган сана ва ҳақиқий топшириш / етказиб бериш санаси ўртасидаги муддат учун ижара ҳақи тўланмайди. Агар ижара шартномасида унинг амалда бўлиш муддати бундай кечикиш туфайли узайтирилиши келишилмаган бўлса, у ҳолда ижара тўлови мос равишда камайтирилиши лозим.
4/1/4 Ижара шартномасини тузиш вақтида урбун (байбоши) олиш жоиз, бунда ижарачига муайян муддат давомида шартномани бекор қилиш ҳуқуқи берилади. Агар ижара шартномаси кучга кирса, урбун ижара ҳақининг бир қисми бўлади. Ижарага олувчи шартномани бекор қилган ҳолатда эса ижарага берувчи урбунни ўзида олиб қолишга ҳақли бўлади. Аммо афзали – муассаса (ижарага берувчи) олинган урбунни кўрилган ҳақиқий зарарни қоплашга ишлатиб (агар зарар кўрилган бўлса), қолганини ижарачига қайтариб беришидир (2/3 бандга қаралсин).
4/2 Ижара шартномасининг кўринишлари / Ижара шартномаси билан боғлиқ ҳолатлар
4/2/1 Бир нечта ижарачи билан бир-биридан фарқли турли муддатларга ижара шартномаларини тузиш жоиз, яъни бунда битта актив бўйича иккита ижара шартномаси бир вақтга тўғри келмаслиги керак. Бу «кетма-кет ижара битимлари” деб аталади, чунки бунда ҳар бир ижара шартномаси бошқа шартноманинг ортидан (вақт жиҳатдан кетма-кет) амалга ошади, яъни улар бир вақтда бўлмайди. Бундай ижара “келажакдаги ижара” асосида амалга оширилади. 4/1/2 бандга қаралсин.
4/2/2 Агар ижарага берувчи бирор актив учун маълум муддатга ижара шартномасини тузса, у амалдаги ижара шартномаси муддати давомида ёки қолган муддат давомида айни ўша ижара объекти учун бошқа шахс билан янги ижара шартномасини тузиши мумкин бўлмайди. 7/1/2 бандга қаралсин.
4/2/3 Бир активга тегишли муайян манфаат устида (яъни фойдаланиш ҳуқуқи бўйича) бир неча шахслар билан муайян муддатга ижара шартномалари тузиш мумкин. Бунда уларнинг ҳар бири белгиланган бир хил фойдаланиш ҳуқуқига ва ижара муддатига эга бўладилар, лекин уларнинг ҳар бири учун аниқ вақт белгиланмайди, балки уларнинг ҳар бири урфга кўра ўзига тегишли вақтда манфаатдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳолат — манфаатдан фойдаланишни “вақт асосида тақсимлаш” (навбатлашиш) бўлади.
4/2/4 Ижарачи ўзига тегишли бўлган манфаат (фойдаланиш ҳуқуқи)ни бошқа шахс(лар)га улуш тарзида бериб, уларни ўзига шерик қилиши мумкин. Бунинг натижасида улар ижарага олувчи билан бирга ижарага олинган активнинг манфаатида шерикка айланишади.
Шунда (яъни манфаат ҳуқуқига эга бўлинганидан кейин қуйи ижарага берилса) ҳар бир ҳамижарачи* қуйи ижарадан тушган ижара тўловларидан ўз улушига мутаносиб равишда ҳақ олиш ҳуқуқига эга бўлади.
________________
*ижарачи шерик
(давоми бор)
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси