ШАРЪИЙ МЕЪЁР №5
КАФОЛАТЛАР
(Мажбуриятлар бажарилишини кафолатлаш)
6. Кафолатнинг замонавий кўринишлари:
6/6 Инвестициялар бўйича йўқотишларни қоплаш бўйича ихтиёрий мажбурият олиш (“Учинчи томон кафолати”, деб ҳам номланади)
Музориб бўлмаган, шунингдек инвестицияларни бошқарувчи вакил ёки Мушоракадаги шериклардан бири бўлмаган учинчи томон зарарни қоплаш мажбуриятини ихтиёрий равишда ўз зиммасига олиши жоиз, бироқ мазкур мажбурият билан Музораба ёки Вакала бил Истисмар шартномалари орасида ҳеч қандай боғлиқлик бўлмаслиги лозим.
6/7 Акцияларга обуна бўлиш кафолати (Обуна бўлиш мажбурияти)
6/7/1 Муассаса акцияларга обуна бўлиш (яъни акциядорлик жамияти уставига улуш киритиш) учун таклиф қилинган бошқа муассасанинг обунадан ортиб қолган акцияларига обуна муддати тугаганидан кейин обуна бўлиш мажбуриятини олиши жоиз. Бунда мазкур обуна таклиф қилинган қийматда бўлиши ва кафолат эвазига қўшимча ҳеч қандай тўлов кўзда тутилмаслиги керак.
6/7/2 Обуна бўлиши мажбуриятини олган томон кафолатдан бошқа бажарган ишлари учун, масалан, тадқиқот ўтказгани ёки маркетинг (яъни бозорни ўрганиш ва тарғибот қилиш) учун ҳақ олиши жоиз.
6/8 Аукцион (ким ошди) савдолар ва тендерларда (танлов) кафолат, Муробаҳада Ҳамиш жиддия (гаров пули) ва Урбун (байбоши) масаласи:
6/8/1 Аукцион ва тендерларда кафолат пули олиш жоиз, ушбу маблағлар аукцион ёки тендерларда иштирок этиш олдидан тўланадиган “бошланғич кафолат пули” ҳамда шартнома ғолиб иштирокчига топширилган вақтда тақдим этиладиган “якуний кафолат пули” ни ўз ичига олади. Бундай маблағлар аукцион ёки тендер ўтказаётган томоннинг қўлида омонат ҳисобланади, урбун эмас. Бу маблағлар бошқа маблағларга аралаштирилиши билан бирга уларнинг жавобгарлигига ўтади. Ҳақиқий молиявий зарар миқдоридан ортиқ маблағ мусодара қилиниши жоиз эмас. Ушбу маблағлар мижознинг талабига биноан жорий ҳисобрақамга қўйилмаган бўлса, улар мижознинг розилигига биноан, унинг фойдасини кўзлаб инвестиция қилиниши мумкин.
6/8/2 Агар ваъдани бажариш мижоз учун мажбурий бўлса, сотиб олиш ваъдасини берган мижоздан ваъданинг бажарилишини таъминлаш мақсадида муайян маблағ олиш жоиз. Бундай маблағ “Ҳамиш жиддия” (гаров пули) деб аталади. Бу маблағ ҳали шартнома имзоланмаган пайтда олингани учун урбун эмас, балки омонат ҳисобланади. Унга нисбатан 6/8/1 бандда баён қилинган ҳукмлар татбиқ этилади. Мижоз ваъдасини бузган тақдирда, ушбу омонат маблағ ҳисобидан ҳақиқий зарар миқдори ушлаб қолиниши мумкин. Ҳақиқий зарар маҳсулот таннархи ва уни бошқа шахсга сотиш нархи ўртасидаги фарқдир.
6/8/3 Олди-сотди ёки ижара бўйича шартнома имзолаш вақтида харидор ёки ижарага олувчидан урбунни қуйидаги шарт асосида олиш мумкин: агар шартнома, муайян муддат ичида шартномани бекор қилиш танлови (хиёр ал-фасх) сабабли бекор бўлмаса, урбун нархнинг бир қисми бўлади, лекин бу муддат ичида шартнома бузиладиган бўлса, пул маблағи сотувчи ёки ижарага берувчига қолади. Энг афзали, муассаса урбун ҳисобидан ҳақиқий зарар миқдорини чегириб қолиб, қолган қисмидан воз кечишидир.
6/9 Қарзни ундиришда устунлик ҳуқуқи ҳамда кузатиб туриш ҳуқуқи
6/9/1 Банкрот бўлган мижознинг мулкида бўлган, унга сотилган ёки у учун ишлаб чиқарилган моддий кўринишдаги активлар ўзгармаган бўлса, муассаса мазкур активларни қайтариб олиш ҳуқуқига эга.
6/9/2 Муассаса мажбуриятларни таъминлаш объекти бўлган гаров ёки шу каби кафолатдаги активларнинг сақланишини (ҳолатини) кузатиб туриш ҳуқуқига эга. Агар мазкур мол-мулкка нисбатан нотўғри (ножоиз/ноўрин) муомала қилинса ва бунинг оқибатида муассаса ушбу мол-мулк ҳисобидан қарзни қоплаш имкониятидан маҳрум бўлиши хавфи пайдо бўлса, муассаса тегишли чораларни кўриш ҳуқуқига эга.
6/9/3 Гаров олган кредиторлар бошқа оддий кредиторлардан устун бўлиш ҳуқуқига риоя қилинади. [39-сонли Шаръий Меъёрга қаралсин]
6/9/4 Муассаса банкрот бўлганда ёки тугатилган тақдирда тугатишга масъул бўлганлар тугатиш ишлари билан боғлиқ бўлган ўз ҳақларини ундиришда устунликка эга бўлишади. [“Банкротлик” тўғрисидаги №43 сонли Шаръий Меъёрга қаралсин]
Таржимонлар:
Муҳиддин Бектемиров, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Олимжон Иргашев, AAOIFI нинг CSAA сертификати соҳиби
Муҳаррир:
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
“Ислом молияси” лойиҳаси ҳамасосчиси