Савол:
Бугун Абдуллоҳ деган бир укамиз савол бериб қолди: Бир одам шу укамиз чет элдан олиб келиб сотаётган молдан кўпроқ олиш ниятида унга шу молни кўпроқ миқдорда олиб келишни илтимос қилибди ва бунинг учун олдиндан 100% тўлов қилишини айтибди. Абдуллоҳ биздан молнинг пулини 100% олдиндан олиб, мол олиб келишим мумкинми, деб сўради. Сиз нима деб ўйлайсиз, шундай қилиш мумкинми? Агар мумкин бўлмаса, нима учун мумкин эмас ва қандай қилиб буни амалга ошириш мумкин?
Жавоб:
Ушбу савол телеграм саҳифамиз аъзолари ўртасида қизиқиш уйғотди ва кўпчилик қўйилган саволга жавоб беришга харакат қилди.
Демак, кўпчилик иштирокчилар бу савдо амалиётини вакиллик орқали амалга ошириш мумкин деб, тўғри жавоб беришди. Шу билан бирга, буни бошқа йўллар билан ҳам амалга ошириш мумкин, масалан салам ва музораба орқали деб жавоб берган иштирокчилар ҳам бўлди.
Шундай қилиб, юқоридаги саволда кўзда тутилган амалиётни ислом молиясидаги “ўзида бўлмаган молни сотиш мумкин эмас” қоидасини назарда тутган ҳолда қуйидаги усуллар билан амалга ошириш мумкин:
I усул:
- Мол олиб келишга буюртма бераётган харидор савдогарга сотиб олиб келинган молни сотиб олиш ваъдасини бериши керак (ваъда ёзма ҳолда бўлгани яхши, чунки оғзаки равишда берилса кейинчалик тушунмовчиликлар бўлиш эҳтимоли катта). Ёзма ваъда қуйидагича бўлиши мумкин: «мен (Ф.И.Ш.) фалончидан (Ф.И.Ш.) 50 та компьютерни (мисол учун) фалон нархда, фалон вақт ичида в.ҳ.к.з. сотиб олиш ваъдасини бераман». Фақат билингки, ушбу ваъда (wa’ad) бир томонлама бўлиб, шартнома ҳисобланмайди.
- Кейин, харидор ўз буюртмаси жиддийлигини билдириш мақсадида савдогарга ислом молиясида «ҳамиш жиддия» деб аталувчи тўловни (гаров пулига ўхшаш) амалга оширади. Ушбу тўлов, савдогар учун чет элдан мол олиб келиш учун асос бўлади.
- Савдогар молни чет элдан олиб келгандан кейингина савдогар ва харидор ўртасида олди-сотди амалиёти амалга оширилади.
- Кейин, харидор мол нархининг тўлайди ва уни қўлга киритади, бунда аввал берилган ҳамиш жиддия тўловни бир қисми сифатида ҳисобга олинади.
- Агар харидор олиб келинган молни сотиб олишдан бош тортса, у ҳолда савдогар қилган харажатларини олинган ҳамиш жиддия ҳисобидан қоплайди, агар бу пуллар етмаса у молни бозор нархида ўзи сотиб юборади. Агар шунда ҳам сотувдан тушган пул ва олинган тўлов (ҳамиш жиддия) савдогар қилган харажатларни қоплаш учун етарли бўлмаса, савдогар буюртма берган харидордан қилинган харажатларни (қолган қисмини) қоплашни талаб қилиши мумкин. Аммо тушган пул савдогар қилган харажатларни қопласа ва ҳатто олинган тўловдан кўп бўлса, унда олинган пуллар харидорга қайтарилади. Олинган пул қайтарилгандан қолган маблағ савдогарнинг фойдаси ҳисобланади.
II усул:
Ушбу амалиётни амалга оширишнинг иккинчи йўли савдогар ва харидор ўртасида вакиллик битими тузилади ва савдогар харидорнинг вакили сифатида иш кўради. Вакиллик битимида савдогарнинг ушбу иш учун (яъни чет элдан мол олиб келиш) оладиган хизмат ҳақи келишиб олинади. Келишувда савдогарнинг вакиллик ҳақи аниқ белгиланиб олиниши керак, бунга қўшимча равишда молни сотишдан тушадиган пулдан мукофот ҳам белгиланиши мумкин. Вакиллик келишуви асосида харидор савдогарга мол учун олдиндан пул беради.
III усул:
Савдогар ва харидор ўртасида музораба битими тузилади. Келишувда томонлар ўртасидаги фойда тақсимоти аниқ белгиланади. Музораба битими асосида харидор пул тикади, савдогар эса мол олиб келади. Молни сотишдан тушган пул аввалдан келишилган нисбатда томонлар ўртасида тақсимланади.
IV усул:
Салам савдоси. Аммо салам савдосининг ўзига хос талаблари бор, яъни ҳамма маҳсулотларда ҳам салам савдосини амалга ошириб бўлмайди. Ушбу битим асосан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари олди-сотдисида қўлланилади.
Музораба ва Салам билимлари ҳақида туркум мақолаларни телеграм саҳифамиздан топиб ўқишингиз мумкин.