Ассаламу алайкум ҳурматли обуначилар.
Кўпчилик соҳага қизиққан обуначиларимиз AAOIFI, шу ташкилот томонидан чиқарилган шариат меъёрлари (стандартлари) ҳамда ушбу шариат меъёрлари жамланган ҳолда чоп этилган китоб ҳақида бизнинг телеграм саҳифамиз ва сайтимизда қўйилган мақола ва маълумотлар орқали муайян маълумотга эга. Шунингдек, биз сукук ҳақида ҳам туркум мақолалар орқали обуначиларимизга тегишли маълумотлар тақдим қилганмиз (янги обуначилар калит сўзларни киритган ҳолда ушбу мақолалар ва маълумотларни телеграм саҳифамиз ёки сайтимиздан топиб ўқишлари мумкин*).
Қуйидаги мақолани AAOIFIнинг сукук бўйича тайёрлаган янги 62 сонли меъёри (стандарти) юзасидан эксперт фикри сифатида қабул қилишинглар мумкин.
Биздан бир неча бор AAOIFI нинг 62 сонли меъёри (стандарти) юзасидан мутахассис сифатида фикр билдиришимизни илтимос қилишганди. Бугун шу илтимосларни инобатга олган ҳолда ушбу масалага оид мулоҳазаларимизни эътиборингизга ҳавола қилишга қарор қилдик.
Хуллас, яқинда AAOIFI 62-сонли “Сукук” шариат меъёри лойиҳасини муҳокамага чиқарди. Ушбу меъёр (агар у жорий таҳрирда қабул қилинадиган бўлса) сукук чиқарувчи-эмитентларнинг жиддий хавотирига сабаб бўлиб турибди. Бу ҳолат “Қарзни сотиш” масаласига бағишланган 59 меъёр қабул қилиниши билан боғлиқ вазиятни эслатади. Ўшанда ҳам меъёр атрофида жиддий мунозаралар бўлган ва бу ҳолат эмитентларни бир мунча вақт саросимага солиб, сукук чиқариш суръатларининг пасайишига олиб келганди. Умуман олганда, 59 меъёр атрофида кўтарилган чанг босилиб улгурмасдан, уфқда 62 меъёр туфайли кўтарилаётган янги қум бўрони кўрина бошлади…
Муҳокамага қўйилган янги 62-стандарт лойиҳаси, менимча (бунга муайян асосларим бор), энг батафсил, мураккаб ва қайсидир даражада “бозорга таҳдид солувчи” шариат меъёри. Бунинг сабаби ҳам бор албатта – сукук бозори жадаллик билан ривожланиб, мураккаблашиб, кўплаб тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Илтимосларингизга биноан, мен сизларни ундаги энг баҳсли нуқталар билан қисқача таништириб ўтаман:
Мулкчилик масаласи меъёр лойиҳасидаги энг катта ташвишли нуқта дейиш мумкин. Зеро, меъёрда мулк ҳуқуқи ташаббускор (яъни сукук чиқарувчи)дан сукук эгаларига ўтказилиши кўзда тутилган. Оддий қилиб айтганда, бу иқтисодий манфаатларни, яъни фойда, ижара ёки активдан даромад олиш ҳуқуқини (масалан, Ижара-сукукда) бир томондан иккинчи томонга “қоғозда” ўтказишни эмас, балки активларни ростмана сотишни англатади.
Бу эса сукук бозори иштирокчилари ва экспертларининг жиддий хавотирига сабаб бўлмоқда, чунки чиқарилган сукукларнинг асосий қисми активларга асосланган бўлиб, улар ростмана сотилиши кўзда тутилмаган. Агар меъёр ушбу шаклда қабул қилинса, бу сукук бозорига сезиларли даражада салбий таъсир ўтказиши, яъни, сукук чиқариш жиддий равишда қисқариши ёки сукук чиқариш харажатлари ошиши мумкин. Шунингдек активларни сотиш харажатлари ошади, сукук рейтинглари ва бундай молиявий воситаларга бўлган талаб ўзгаради. Бозор иштирокчилари ҳолатни шундай кўришмоқда. Сармоядорлар нуқтаи назаридан бу ҳолатда улар активларнинг йўқ бўлиб кетиши, уларга талафот етиши ёки қадрсизланиши хавфини ҳам, активлар билан боғлиқ бошқа (масалан юридик) хатарларни ҳам ўз зиммаларига олишлари керак бўлади.
Бундан ташқари, янги меъёр шу кўринишда қабул қилинган тақдирда эмитентлар – улар банклар ёки давлат ташкилотлари бўлишларидан қатъий назар – активларни сотиш учун рухсат олишлари қийин бўлади.
Юқоридаги чекловлар ва ноқулайликлар туфайли шариат нуқтаи назаридан энг соф сукук тузилмаси бозорда ўз ўрнини тополмаган дейиш мумкин. Яъни, бозор учун шаръий софлик эмас, балки самарадорлик ва талаб муҳимроқ экан.
Жорий (яъни активларга асосланган) сукук тузилмалари унинг ташаббускорларига активларга эгалик қилиш ва улар устидан назоратни сақлаб қолиш имконини беради, чунки бундай сукукларни чиқариш учун махсус бошқарувчи компания (SPV) тузиш талаб этилади. Бу эса ташаббускор бизнесидаги хатарларни анча камайтиради. Бундан ташқари, активлар билан боғлиқ хатарларга сармоядорлар эмас, балки фақат ташаббускорнинг ўзи бундай хатарга дучор бўлади. Активларнинг ўзи эса (бухгалтерия ҳисоби нуқтаи назаридан) ташаббускорнинг балансида қолади.
Стандартни амалга оширишдаги барча қийинчиликларни ҳисобга олган ҳолда, AAOIFI стандарт лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси муддати жорий йилнинг март ойидан июль ойининг охирига қадар узайтирилди. Бу эса, AAOIFIнинг бир томондан сукукнинг софлиги ва ҳақиқийлигини таъминлашни истаётганлигини, иккинчи томондан эса бозордаги жиддий тебранишларни истамаётганлигини кўрсатади.
Нима бўлганда ҳам, кўплаб саволларга жавоб бериш, бозорнинг нозик жиҳатлари ва ўзига хос томонларини ҳисобга олиш керак бўлади. Шунинг учун ҳам, ҳозирча янги меъёр якуний таҳрирда тасдиқлангани йўқ.
Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаб ўтмоқчимиз, барча мамлакатларда ҳам AAOIFI меъёрларига риоя қилишмайди. Масалан, Малайзия, Саудия Арабистони ва Индонезияда AAOIFI меъёрларини татбиқ қилиш, уларга амал қилиш мажбурий эмас. Аммо, БАА ва Покистонда AAOIFI стандартлари тўлиқ ёки қисман қабул қилинган.
Хуллас, янги меъёр анча шов-шувга сабаб бўлди ва узоқ муддат давомида мунозаралар ва келишмовчиликлар манбаи бўлиб қолади. Биз эса, вазиятни кузатиш ва таҳлил қилишда давом этамиз.
Хондамир Нусратхўжаев
Ислом тараққиёт банки департаменти бошлиғи,
Ислом молияси бўйича эксперт.
* телеграм саҳифамизда қўйилган маълумотларни топишни ўргатадиган видеойўриқнома бор. Ушбу йўриқномалар Андроид ва Iphone учун алоҳида тайёрланган, чунки улардаги қидирув тизими турлича.
📲 Андроид учун видеойўриқномани қуйидаги ҳавола (link) орқали очишингиз мумкин:
https://t.me/Izohlar_IslomMoliyasi/14985
📲 Iphone учун эса қуйидагисини очиш керак бўлади:
https://t.me/Izohlar_IslomMoliyasi/14995